ТУРКОЛОГИЯ ҚУРУЛТОЙИГА 100 ЙИЛ: Озарбайжонда халқаро илмий конференция ташкил этилди
27 февраль куни ОМФА (Озарбайжон Миллий фанлар Академияси) Президиумида 1926 йилда илк бор ташкил этилган Туркология Қурултойига 100 тўлиши муносабати билан “Биринчи туркология қурултойининг ташкилотчилари ва сабоқлари: тарих ва замонавийлик” деб номланган халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.
Иштирокчилар ОМФА Президиуми биноси фоесида Биринчи туркология қурултойининг юбилейи муносабати билан ОМФА томонидан тайёрланган маълумотлар базаси ва виртуал кўргазма, шунингдек нашр этилган китоблар билан танишдилар. Биринчи туркология қурултойини ташкил этишда иштирок этган таниқли шахслар хотираси бир дақиқалик сукут билан ёд этилди.
Конференцияни кириш нутқи билан очган ОМФА президенти, академик Исо Ҳабиббейли тадбирнинг барча иштирокчиларини қутлади ва 1926 йилда айнан шу тарихий залда бўлиб ўтган биринчи туркология қурултойи туркий халқлар, жумладан, Озарбайжон халқи маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлганини билдирди. Қурултойнинг энг муҳим тарихий ютуқларидан бири ўша мураккаб сиёсий шароитда лотин графикасига асосланган умумтуркий алифбонинг қабул қилингани эканини айтиб, ўша тадбирда туркологиянинг асосий йўналишлари белгилангани ва Қурултойнинг илмий мероси бугунги кунгача ўз долзарблигини сақлаб келаётганини қўшимча қилди.

XX аср охиридан бошлаб Боку шаҳри туркий дунёнинг илмий ва маданий ривожланиш марказларидан бири бўлган, Озарбайжоннинг бой илмий ва маданий салоҳияти бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга эди. Академик мустақиллик қўлга киритилгач, Озарбайжон лотин графикасига асосланган алифбога расман ўтган илк туркий давлатлардан бири бўлганини эслатиб ўтди.
2024 йил 11 сентябрда Халқаро туркий академия ва Турк лингвистик жамияти ташкилотчилигида бўлиб ўтган Туркий дунёнинг умумий алифбоси бўйича Комиссиянинг учинчи мажлисида томонлар 34 ҳарфдан иборат умумий туркий алифбони қабул қилиш ҳақида келишувга эришганини қайд этди.
Конференцияда тақдим этилган маърузалар туркологиянинг янада ривожланишига, илмий алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишига ва олинган натижалар ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро миқёсда тинчлик ва биродарликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Сўнг Юнус Эмре Институти президенти, профессор Абдурраҳман Алий сўзга чиқиб, Биринчи туркология қурултойини умумий бой ўтмиш ва қадимий меросга эга туркий халқлар маданий интеграциясидаги муҳим воқеа деб атади. У ўша пайтда Қурултой давомида илгари сурилган кўплаб ғоялар бугунги шароитда муваффақиятли амалга оширилаётганини билдирди.
Туркий тилни халқаро миқёсда ёйиш, умумий маданий меросни сақлаш ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш бугунги кунда устувор йўналишлардан бири эканини қайд этди. У Юнус Эмре Институти туркологияни шунчаки фан соҳаларидан бири сифатида эмас, балки тарихий мерос, маданиятларнинг ўзаро таъсири, дипломатик ёндашув, тил ва таълим сиёсатини қамраб олувчи кўп қиррали ва стратегик йўналиш сифатида кўриб чиқишини билдирди. Олим шуни таъкидлади: умумий мақсадлар атрофида бирлашган туркологлар жамияти халқаро даражада янада кучли ва таъсирли позицияни шакллантира олади.
Сўнгра Биринчи туркология қурултойига бағишланган фильм намойиш этилди.
Панел мажлисларда Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва бошқа мамлакатлардан келган тилшунослар, тарихчилар, этнограф, филолог ва маданиятшунослар туркологиянинг долзарб муаммоларига турли илмий мактабларнинг ёндашувларини тақдим этдилар.
Зебо НАМОЗОВА








