Xорижлик шифокорлар юртимизда

бемор болаларни малакали тиббий кўрикдан ўтказмоқда

Баркамол авлод орзуси – аждодларимиздан мерос, халқимизга хос эзгу мақсад. Шунданми, ота-боболаримиз оила қураётган ёшларнинг насл-насабига эътибор қаратган. Зеро, ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги энг катта мақсади бахтли оила қуриш, соғлом фарзандларни вояга етказиш ва уларнинг камолини кўришдир. Мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида бемор болаларни соғломлаштириш йўлида лойиҳалар жорий этмоқда. Хусусан, ўтган йиллар мобайнида жамғарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “Friedensdorf international” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда туғма юрак, қўл, оёқ, бўғимлар, тери куйиши асоратлари билан хасталанган бемор болаларни бепул соғломлаштириш бўйича амалга ошираётган қўшма лойиҳалари бунга мисолдир. Қолаверса, жамғарма узоқ йиллардан буён Корея Республикасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар ва университетлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишларни амалга ошираётир.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида жорий йилнинг 19-26 январь кунлари Корея Республикаси “Ewha Womans University” госпиталининг малакали шифокорлари республикамиздаги Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг Тиббий-ижтимоий маркази ҳамда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани болалар шифохоналарида бўлишади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айни пайтда Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасида аҳолига самарали тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ихтисослашган бўлимларда мижозларга тезкор, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун қулай шароит яратилган. Сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳар қандай касалликни бир зумда аниқлаб бераётир.

Ушбу марказда “Ewha Womans University” госпиталининг малакали уролог, кардиолог, педиатр, офтальмологларидан жамланган 19 нафар мутахассис бемор болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар. Мазкур университет юқори малакали шифокорлари томонидан урология соҳасида жарроҳлик амалиёти ҳам ўтказилиб, давра суҳбати уюштирилди. Унда соҳанинг долзарб муаммолари, тиббиёт ходимлари олдидаги мақсад ва вазифалар, касалликларни даволашнинг янгича услублари ҳақида клиника ходимларига маърузалар ўқилди. Икки давлат тиббиёт ходимлари ўртасида фикр алмашилди.

– “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси таклифига биноан ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда даволаш амалиётларини олиб бордик. Ушбу клиникада асосан юрак ва буйрак касалликлари билан оғриган бемор болаларни кўздан кечирдик, – дейди “Ewha Womans University” госпитали профессори, жарроҳ Ку Ёнг Жуонг. – Мақсадимиз Тошкент Педиатрия тиббиёт институти билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш ҳамда тажриба алмашишдир.

Яна ўқинг:  Томдида тиббий кўрик ташкил этилди

Ана шундай хайрли ишлар натижасида Ўзбекистон нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатаётган энг илғор ўн мамлакат қаторига киритилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, соғлом ва баркамол фарзанд нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг бебаҳо бойлигидир.

– Юртимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, истиқлол йилларида бу борада кўпгина эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилди. Хусусан, тиббиёт муассасаларининг хорижий технологиялар билан бойитилгани, чекка-чекка қишлоқлардаги ҚВПларга ҳам “Саломатлик-2” лойиҳаси асосида замонавий тиббий ускуналар берилгани сўзимиз тасдиғидир. Қолаверса, шифокорларнинг касб маҳоратини оширишга эътибор кучайди. Хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги кун сайин ошмоқда, – дейди Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникаси бош шифокори Тўлқин Ҳошимов. – Айни пайтда болаларнинг урологик ҳамда ўн икки бармоқли ичак туғма нуқсонлари билан боғлиқ касалликлар ҳам шу ернинг ўзида жарроҳлик йўли билан даволанмоқда. Имконсиз деб ҳисобланган операция ҳам бугун хорижлик ҳамкасбларимиз ҳамкорлигида муваффаққиятли амалга оширилди. Энг муҳими, юртдошларимизнинг шифо излаб, узоқ-узоқларга боришига ҳожат қолмаяпти. Ҳамкорлигимиздан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида шу.

Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар самарасида болалар урологик касалликларининг кескин камайишига эришилмоқда. Натижада жисмоний ва маънавий баркамол авлод вояга етаётир.

Жанубий Кореянинг “Ewha Womans University” госпитали малакали мутахассислари ва юртимиз шифокорлари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг Тиббий-ижтимоий марказида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди.

Бугун ва эртага Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонасида мутахассис-шифокорлар ушбу хайрли ишни давом эттиришади.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: