Бола тунда тишларини нега ғичирлатади?
Баъзи болалар тунги уйқуда тез-тез тишларини ғичирлатади. Кўпчилик ота-оналар бундан ташвишга тушса-да, шифокорга боришга доим ҳам шошилмайди. Шу ўринда бу қанчалик хавфли, унга қандай омиллар сабаб бўлади, деган саволларга жавоб излаймиз.
Тишларни беихтиёр ғичирлатиш тиббиётда бруксизм деб аталади. Кичик ёшдаги болаларда ушбу ҳолат асосан тунда, ухлаётган пайтда кузатилади. Одатда у жуда қисқа вақт, яъни 10-15 сония давом этади. Бола ўсмир ёшга етгач, бу ҳолат ўз-ўзидан йўқолади. Ўсмирлар ва катталарда эса тиш ғичирлатиш деярли учрамайди.
Бруксизм бола организмида содир бўладиган айрим жараёнлар сабабли юзага келиши мумкин. Хусусан, чақалоқларда тиш чиқиши, кучли асабийлик, бурун битиши, тепа ва пастки тишлар бир-бирига нотўғри бирикиши, мавсумий аллергик хасталиклар, ЎРВИ, грипп каби нафас олиш йўллари инфекциялари, витамин ва минераллар етишмаслиги, мактаб ёшидаги болаларда дарс юкламалари ва баҳолар ҳақида ташвишланиш бруксизмга сабаб бўлиши мумкин.
Кўпчилик ота-оналар фарзанди организмидаги турли паразитларни тиш ғичирлатиш сабаби деб ўйлайди. Бироқ ўтказилган тадқиқотларга кўра, уларнинг бир-бирига боғлиқлиги аниқланмаган.
Тунда тишларини ғичирлатадиган болаларда кўпинча бош оғриғи, лоҳаслик, уйқучанлик, инжиқлик ва йиғлоқилик, нотинч уйқу, қулоқлар битиши каби салбий аломатлар кузатилади. Агар бу ҳолат ўз вақтида бартараф этилмаса, тишлар емирилиши, тезда чириши, нутқий бузилишлар пайдо бўлиши мумкин.
Шу сабабли болани кечиктирмай педиатр ёки стоматолог шифокор кўригидан ўтказиш лозим. Агар бруксизм стресс ёки юқори асабий қўзғалувчанлик натижасида келиб чиқаётган бўлса, психолог ёки невропатолог маслаҳати зарур бўлади.
Динара ДЎСТМУҲАММЕДОВА,
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи