Буюк иншоотлар тарихини биласизми?

Дунёда мавжуд халқлар, давлатларнинг барчаси тарихда эътиқод йўлида қурилган буюк иншоотлари билан танилган. Зеро, эътиқод одамзотнинг энг теран ва гўзал маънавий-маърифий эҳтиёжи. У турли халқларни бир ғоя атрофида бирлаштирган.

Алабатта, кўпгина тарихий ибодатхоналар ёвуз урушлар, босқинлар даврида яксон этилган, барбод бўлган. Аммо ўз даври одамларининг қалбидаги диний ишонч қадар мустаҳкам қурилган, ёки инсоният томонидан сақлаб, асраб-авайлаб келинаётган, неча юз йиллар ўтган бўлишига қарамай ўз маҳобати ва улуғворлиги билан одамзотни ҳайратга солиб келаётган машҳур иншоотлар борки, улар бизга ота-боболаримизнинг имон-эътиқоди ҳақида сўйлайди. Келинг, бугунги мақоламизда ана шундай маҳобатли ва буюк  диний ибодатхона бўлган иншоотлардан  айримларининг  тарихи  билан танишамиз.

“Масжидул-ҳарам” – дунёдаги энг катта  масжидлардан бири

Толибжон Низомов,

журналист, исломшунос олим:

–Ҳижоз ўлкаси (ҳозирга Саудия Арабистони)нинг Макка шаҳрида жойлашган муқаддас ва йирик масжид бўлиб, унда қон тўкиш ва бошқа барча катта-кичик гуноҳ ишларниқилиш қатъиян тақиқланади. Шу боис масжид шу номни олган – Масжид ул-ҳаром. Масжид ул-ҳаромнинг шу ном билан аталишига унинг марказида Каъбанинг бўлиши ҳам сабаб бўлган.

Масжидбир миллион бир юз йигирма минг намозхонни сиғдира олади. Каъба эшиги 280 кг соф олтиндан ясалган. Масжид ул-ҳаромнинг тўққизта минораси (ҳар бирининг баландлиги 95 метр), тўртта асосий дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Ўн битта юрарзиналар орқали масжиднинг иккинчи ва учинчи қаватларига чиқилади. Масжидга 8 минг дона шамол-паррак, 55 минг дона турли чироқ ўрнатилган. Масжид ҳудуди Байтуллоҳ (Каъба) Зам-зам булоғи,Сафо ва Марва тепаликларини ўз ичига олади.

Илк бор иккинчи халифа Умар ибн Хаттот Каъбатуллоҳ атрофидаги уйларни сотиб олиб, буздириб, масжидни кенгайтирган. Каъбага саҳн қолдириб, атрофидан девор олдирган. Шундан кейин у турли даврларда бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилди.

Масжидул-ҳаром ўртасида жойлашган 12x19x12 метрли куб шаклидаги қорамтир тош бино “Каъба” деб аталади. Қуръони карим хабарига кўра, уни илк бор Иброҳим Алайҳиссалом  ўғли Исмоил алайҳиссалом билан тиклаган.Сўнг пайғамбар “Ҳажарул-асвад” (қора тош)ўрнидан бошлаб Каъбани етти бор айланиб тавоф қилган. Кейин етти мартадан Сафо ва Марва тоғига чиққан, Арафот водийсига борган.Бу биринчи ҳаж зиёрати эди ва у ҳозиргача шу тартибда адо этилаяпти.

Айрим манбааларда ёзилишича эса Каъба Иброҳим алайҳиссаломдан ҳам аввал бўлган. Уни фаришталар барпо этишган. Нуҳ алайҳиссалом даврида тўфон бўлишидан олдин Каъбани фаришталар осмонга олиб чиқиб, тўфондан кейин яна қайта Ер юзига туширилган.

Каъба бурчагида Ҳажар ул-асвад – қора тош бор. Қора тош дастлаб оппоқ бўлган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳажарул асвад жаннатдан келтирилган. У қордан ҳам оқ бўлган. Унинг қорайишига ширк аҳлининг амаллари сабаб бўлган”.

Каъба бунёд этилганидан буён табиий офат ва турли тўқнашувлар сабабли кўп марта вайрон бўлиб, қайта тикланган.  Ҳижрий 72 йилда  подшоҳ  Ҳажжож ибн Юсуф пойдеворига қадар энг сўнгги жиддий таъмирлашни ўтказган. Каъбанинг ҳозирги биноси Ҳажжож барпо эттирган ўша бинодир.У XX аср ўрталарида Саудия Арабистони подшоҳи томонидан қайта таъмирланди.

Яна ўқинг:  ҚИЗАМИҚДАН ЭМЛАШ АСРАЙДИ

Каъба устига ёпиладиган қора қалин мато “каъбапўш” дейилиб, авваллари устига қизил, қиботий, оқ ипакдан пўш ёпилган. Ҳижрий олтинчи асрда аббосий халифа Носир Лидиниллоҳ қора пўш ёпишни жорий қилган. Каъбапўш 658 квадрат метрли бир-бирига уланган қирқ саккиз бўлак матодан иборат. Бу мато қора рангли 450 кг. Соф ипакдан тайёрланади. Исломда биринчи бўлиб Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сўнгра халифалар ўз замонларида мато ёпишган.1924 милодий йилдан кейин бу масъулиятли ишни подшоҳ Абдулазиз оли Сауд ўз зиммасига олиб, Маккаи Мукаррамада мато чиқариш учун иншоот қуришга амр қилди. Биринчи мато 1346 ҳижрий йили тўқиб чиқарилди. Ҳозир Маккаи Мукаррамада янги мато  фабрикаси ишлайди.

“Ҳажарул-асвад”, яъни “Қора тош” Каъба эшигининг чап томонидаги бурчакка елка баробарида жойлаштирилган. Ҳожилар уни табаррукона ўпадилар, чунки унинг жаннатдан чиққани тўғрисида ривоят бор. Каъбани тавоф қилиш “Ҳажарул-асвад” жойлашган бурчакдан бошланади.

    “Авлиё Василий черкови эртакдаги саройларни эслатди”

Зебо Туробова,

Москва шаҳрида  оиласи билан яшаётган ўзбекистонлик  педагог:

–“Василий собори” номи билан машҳур бўлган муқаддас ибодатхона Россия пойтахти Москва шаҳрида жойлашган бўлиб, православ бош черкови, музей, Қизил майдоннинг асосий диққатга сазовор масканларидан биридир. Шу билан бирга,черков Россиянинг таниқли рамзи ҳам ҳисобланади. Турли буклетларда, хориж телевидениесида Россия ҳақида кўрсатувлар эфирга узатилганида қурилиш жиҳатдан ноёб архитектура ёдгорлиги ҳисобланган ушбу муқаддас черков  тасвиридан  албатта фойдаланилади. Тарихий ибодотхона ЮНЕСКО томонидан қўриқланадиган мерос объектлари рўйхатига киритилган бўлиб, ҳозирги кунда Москвага келган сайёҳлар албатта ушбу  музей – қадимий ибодатхонани томоша қилишга ошиқишади.

Иншоот   1555-1561 йилларда Иван Грознийниннг  Қозон хонлиги устидан қозонилган ғалабаси шарафига қурилган бўлиб, 460 йиллик даврни босиб ўтган бўлишига қарамай, ҳамон вақтнинг шиддати ва қурилиш техникаси силсилаларига дош бериб келмоқда. Қурилиш иншооти ўзининг маҳобатини сақлаб келмоқда. Унинг меъмори сифатида  Постник Яковлев номи расман тилга олинади. Соборнинг кўриниши XVIIасрга келиб сезиларли даражада ўзгарган: ичидаги қабр кенгайтирилиб, чодирли айвонлар жиҳозланган ва бадиий безаклар қўшилган.

XVIIIасрнинг дастлабки 30 йиллигига оид тарихий далилларга кўра, собор 18 та тахтдан иборат бўлган.Айрим манбааларда эса улар 11 та бўлганилиги айтилади. Уларнинг ҳар бири Қозон учун ҳал қилувчи жанглар бўлиб ўтган черков байрамлари шарафига бағишланган. Тахтлар ертўлаларда жойлашган, баландлиги деярли 6,5 метр бўлган хоналарга бўлинган.

Черковда айрим йилларда содир бўлган ёнғинларда унга яхшигина зарар етган. Шунга  қарамасдан, у ерда таъмирлаш ишлари олиб борилган ва бинони аслича тиклашга ҳаракат қилинган. Энг  катта ҳажмдаги реставрация 1737 йилда – пойтахт тарихига «Учлик» номи билан кирган йирик ёнғиндан кейин амалга оширилган. Қайта тиклаш ишларига И. Мичурин раҳбарлик қилган.

Совет Иттифоқининг дастлабки йилларида Қизил майдондаги қадимий Шафоат собори биринчилардан бўлиб давлат томонидан муҳофаза қилинадиган ёдгорликлар рўйхатига киритилган.1923 йилда аллақачон тарихий-архитектура музейи ташкил этилган. 1929 йилда қўнғироқлар бинодан олиб ташланди, музей экспозицияси доимий равишда мавжуд эди. Бино фақат Иккинчи Жаҳон уруши пайтида ёпилишга мажбур бўлган. Собор мажмуаси 1991 йилдан бери музей сифатида черковнинг бошқаруви остида ишлайди.

        Қалбларга ҳайратни кўчирган Аё София

Яна ўқинг:  Подагра қандай касаллик? Унинг олдини олишда нималарга эътибор бериш зарур?

Наргиза Жовмирзаева,

журналист:

–Мен юртимизда масжидларга кам кирганман. Аммо Ўтган йили Туркия сафарида бўлганимда Аё София масжидида ҳам бўлдим ва у ерда шу пайтгача ҳис қилмаган ҳайратни ҳис этдим. Бино шу қадар улуғвор ва виқорлики, албатта одам масжидни диққат-эътибор билан кузатади. Бизга ҳамроҳлик қилган гитнинг тушунтиришича,Византия императори Константин томонидан 360 йилда очилган черковнинг   ёғоч томи 404 йилга келиб ёниб кетади. Ўша пайтда черков Византия императори Юстиниан I буйруғи билан биринчи марта 532-537 йилларда капитал таъмирланади ва катта қурилиш ишларидан кейин ҳозирги ҳашаматли кўринишига эга бўлади. Eпископликнинг маркази бўлган ва Византия империяси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган черковнинг қурилиши учун Византия муҳандиси Милетус Исидор ва математик Траллес Антҳемия жавобгар эди. Манбааларда қурилишда 10 мингдан ортиқ ишчилар иштирок этганлиги қайд этилади.

Маълумотларда ёзилишича, черков қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган ва ўша даврдаги Византия тарихчилари унинг дунёдаги энг катта бино эканлиги ҳақида ёзиб ыолдиришган.  Черков ичидаги мозаикалар иши эса 565-578 йиллар орасида якунланган.Аё София 1204 йилгача бир неча зилзилалар ва ёнғинлардан омон қолган ва кўп бор қайтадан тикланган. 1204 йилда Шарққа юриш қилган салибчилар қўлига ўтган черков 1261 йилгача Рим-католик черковига айлантирилган. Аммо кейинчалик Аё Софиядан масжид сифатида фойдаланилган. Бунинг ўзига хос тарихи қуйдагича:

1261 йилда византияликлар Константинополь ҳукмронлигини қайта қўлга киритгач, Аё Софиядан яна православ черкови сифатида фойдаланила бошланган.1453 йил 29 майда Усмонлилар империяси султони Фотиҳ Султон Маҳмуд Истанбулни эгаллаб олган пайт Аё София яраланган Византия аскарлари, аёллар ва болалар учун бошпана вазифасини ўтаган.Истанбул Усмонлилар қўлига ўтгандан кейинги бир неча кун давомида православ черкови аъзолари Аё Софияда ибодат қилишни давом эттирдилар.Биринчи жума намозини 1453 йил 1 июнда Истанбулда ўқиган Фотиҳ Султон Маҳмуд Аё София Усмонлилар ҳукмронлиги остидаги масжид эканини эълон қилади. Меҳроб ва минбар қурилади, қўнғироқ ва хоч олиб ташланади, мозаикаларнинг усти ёпилади.

       1481 йилда биринчи минора барпо этилган. Фотиҳ Султон Меҳметдан кейин тахтга ўтирган Султон Боязид II даврида яна бир минора қурилади.1509 йилдаги Истанбул зилзиласи натижасида биринчи минора қулаб тушади ва унинг ўрнига ғиштли минора тикланади .Султон Салим II ҳукмронлиги даврида Меъмор Синан томонидан олиб борилган реконструкция ишлари давомида яна иккита минора қурилган. Шунинг учун ҳам Аё  Софиянинг  турли  вақтларда  қурилган 4 минораси бир-биридан фарқ қилади. Салим II қабри Аё София ичидаги илк султон қабридир. Аё  Софияда султонлар, уларнинг рафиқалари ва  шаҳзодаларнинг 43та қабри  мавжуд.

1739 йилда масжидга мадраса, кутубхона ва ошхона қўшимча қилинган. Аё София 1847-1849 йиллар таъмирлаш учун ёпилган. Масжид сифатида эса энг охирги марта 1849 йилда очилган.1923 йилда республика эълон қилинганидан кейин масжид сифатида фойдаланилган Аё София 1931 йилда ёпилган.Ўша йили Америкадаги Византия институти асосчиси, археолог Томас Уиттемор Аё Софияда мозаикаларнинг қайта тикланиши учун Туркиянинг янги ҳукуматидан рухсат сўрайди. Президент Мустафо Камол Отатуркнинг рухсати билан бошланган  ишлар 15 йил  давом  этиб, 1947 йилда  якунланган.

Таъмирлаш ишлари бошланганидан сўнг бир мунча вақт ўтгач ёпилган Аё Софияни 1934 йил 24 ноябрда Вазирлар Кенгаши қарори билан музей сифатида очишга қарор қилишган. Аё София музейи 1935 йил 1 февралда ташриф буюрувчилар учун очилади. 1996 йилда эса Жаҳон ёдгорликларини томоша қилиш рўйхатига киритилган. Обиданинг гумбази ва миноралари Жаҳон ёдгорликлари жамғармаси кўмаги билан 1997-2002 йилларда реконструция қилинган.Музей UNESCO жаҳон мероси рўйхатига ҳам киритилган. Вақти-вақти билан турли бўлимларда бошланган тиклаш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Яна ўқинг:  Дубайда “Юмшоқ айиқча” касалхонаси очилади

  Денгиз Худосини улуғлаган тарихий маскан

Бахтиёр Намозов,

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 5-умумтаълим мактабнинг тарих фани ўқитувчиси:

–Энг тарихий ибодотхона дея таърифланувчи иншоот бу қадимги Юнонистонда жойлашган Посейдон ибодатхонасидир.У миллоддан аввалги 440 йилда қурилган ва тўрт аср давомида қадимиги диннинг сўнгги таназзулигача, милоддан аввалги I асрга қадар денгизлар Худоси – Посейдонни улуғлаган. Бино ярим гектар майдонда жойлашган бўлиб, тантанали устунлар билан ўралган. Асосий бино марказда ва  иккала томонидан узун ёпиқ галареялар бўлган. Маъбад қадимги Юнонистонда диний бинолар учун классик услуб ҳисобланган периптер шаклида қурилган.Архитектор Посейдон зиёратгоҳи кўринишини Агрилесе мармарлари,  улуғвор ҳайкаллари, кўплаб устунлари, афсонавий жанглар саҳналари тасвирланган фризлар ва унинг марказида улкан Худо ҳайкали билан ифодалаган.

Маъбаднинг асосини ташкил этган 16 та устунидан 9 таси бизнинг давримизгача сақланиб қолган. Шунингдек, ички маконни безатган Париан мармаридан ясалган бир нечта кичик ҳайкаллар архаик харобаларнинг кўлами ва тантаналилигиландшафтлар фонида яна-да бетакрор таассурот қолидиради. Посейдон ибодатхонаси Эгей денгизининг феруза сувларига қарайдиган қоя чўққисида қурилган. Бу маскан манзаралари билан инсонни ҳайратга солибгина қолмай, афсоналари ва тарихи билан қадрлидир.

Улардан бири бизгача етиб келган. Афсонада айтилишича, Қирол Эгей ўғли Тесейни Грецияни улкан ҳалокатдан қутқариш учун Крит оролидаги  монистр Минотаврни йўқ қилиш учун юборади. Унга Афинанинг энг гўзал ўғил қизлари қурбон қилинади. Крит оролига улкан кемада сузиб кетишдан олдин Эгей ўғлига агар ғалаба қозонса оқ елканлар кўтаришини, мағлубиятга учраб ёрдам керак бўлса қора елкан кўтаришини тайинлайди. Тесей жангда ғалаба қозонади. Аммо ғалаба нашидасини суриш билан банд бўлиб, оқ елканларни кўтаришни унутганча  юртига қайтади.

Узоқдан қора елканлар кўтарилганини кўрган Эгей суюкли ўғлини вафот этган деб ўйлаб, Посейдон ибодатхонаси жойлашган жойдаги энг баланд қоядан ўзини денгиз тубига ташлайди. Ўшандан бери денгиз бахтсиз подшоҳ шарафига Эгей деб аталади.

Ўша даврларда, яъни милоддан аввалги I асрларда бирортабалиқчи ёки савдо кемаси қурбонликларсиз ва узоқ ибодатларсиз денгизга чиқмаган. Акс ҳолда,“Ғазабланган Худо катта қайғу келтиради. Кема чўкиб кетади. Балиқлар тўрга илинмайди ва ғазабланган кучлар ҳосилни нобуд қилади”, деган қараш бўлган. Посейдонга сиғиниш Юнонистоннинг барча минтақаларида ривожланган, аммо энг улуғвор зиёратгоҳлар қирғоқ бўйидаги шаҳарлар ва оролларни қамраб олган.

Зебо НАМОЗОВА

 тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: