Ўсмир ёшдаги фарзандга янада эътиборлироқ бўлиш лозим(ми?)

Кечагина дунёга келган фарзандингиз бугун ўспирин йигитга айланди. Бўйи бў­йингизга тенглашган, ўзини катталардек тутишга чоғланган жигарбандингизнинг ўқишда, ҳаётда эришаётган ютуқларини кўриб қувонишингиз табиий.
Буни кўриб, баъзи оталар: «энди юмушларни ўғлимга ишониб топширсаммикан», деган хаёлга боришади. Бироқ, бунга ҳали анча эрта. Чунки, ўғлингиз ҳаёт ташвишларини елкасига олишга анча ёшлик қилади. Уни мустақил ҳаётга тайёрлаш учун ота-она зиммасида ҳали кўп вазифалар бор. Уларни тўлақонли бажариш учун, аввало, ўсмирлик даврига қадам қўйган ўғлингизнинг организмида қандай руҳий ва жисмоний ўзгаришлар рўй бераётганини билишингиз фойдадан ҳоли бўлмайди.
Бу борадаги саволлар билан ССВ Матбуот хизмати Тошкент шаҳар ўсмирлар диспансери шифокори, олий тоифали уролог Радик КАШАПОВга мурожаат қилди.

– Баъзи ота-оналар ўсмир ёшдаги ўғилларининг тез-тез хасталаниб, ётиб қолишидан нолишади. Бунинг сабаби нимада?


– Ўғил болаларда ўтиш даври қизларникига қараганда бир-икки йил кечроқ бошланади. Шуни ҳам айтиш керакки, ўсмирлик даврининг аниқ чегаралари йўқ.
Мутахассисларнинг фикрича, болаликдан ўсмирликка ўтиш даври 10-11 ёшдан бошланиб, 15-17 ёшгача давом этиши мумкин. Бундан ташқари, бу даврдаги ўзига хос хусусиятлар ҳар бир болада турлича ифодаланади. Чунки, одам организми ўзига хос ритмлар асосида ривожланади.
Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўсмир организмида психологик-физиологик ўзгариш­лар шу қадар жадаллик билан кечадики, бундан баъзида болаларнинг дили ҳам, нозик жуссаси ҳам бирдек озор чекишига гувоҳ бўламиз.
Дилбандимиз баъзида вужудидаги оғриқли ўзгаришларга дош беролмай хасталаниб ётиб қолади. Аммо, бундай ҳолатга ҳар доим ҳам жиддий касаллик, деб қараш тўғри эмас. Бунга аксарият ҳолатда ўтиш даврида организмда жадал суръатлар билан кечаётган психо-физиологик ўзгаришларга айрим аъзолар мос равишда ривожланишга улгуролмай қолиши сабаб бўлади. Ички аъзоларнинг етилиши меъёрга тушиши билан бундай касалликлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши мумкин.

– Ўсмирлик даврини бошдан кечираётган болага ота-онаси қандай мадад бериши мумкин?


– Болалик билан хайрлашиб аста-секин ўсмирлик даврига кириб бораётган ўғил болаларнинг характеридаги жиддий ўзгаришларга жисмоний ва жинсий жиҳатдан улғайиш жараёнининг фаоллашуви сабаб бўлади. Бу ёшдаги болалар дунё аҳлига улғайиб қолгани ҳақида жар солгиси келаверади. Оқибатда улар психик жиҳатдан зўриқиб, характери кескин тарзда ўзгаради.
Болаларимизнинг бундай зиддиятли ҳолатлардан тезроқ қутулишида оилавий муҳитнинг таъсири катта. Ота-она оилада ўзаро тотувлик, ҳурмат ва самимийлик ҳукмрон бўлишини таъминлаб берса, ўсмир ўзининг ички зиддиятларини бирмунча юмшатиши, феъл-атворини ижобий томонга ўзгартириши мумкин.
Оилавий муҳит оғир бўлса, ўсмирларнинг феъл-атворидаги салбий хусусиятлар янада кескинроқ кўриниш касб эта бошлайди. Болалар бебош бўлиб, кўчанинг таъсирига тушиб қолиши мумкин. Демак, фарзандларнинг келажак тақдири оила муҳити, ота-она ибрати ва тарбиясига боғлиқ эканини асло унутмаслик лозим.

– Шу даврда тез-тез учрайдиган деп­рессия ҳолатини қандай енгиллаштириш мумкин?


– Ўтиш даврида ўспирин ҳаётида энг оғир асорат қолдириши мумкин бўлган муаммо – депрессия, руҳий тушкунликдир. Ўспиринлар кичик муаммолардан, масалан, юзига ҳуснбузар тошишидан ёки семириб бораётганидан ҳам тушкунликка тушиши мумкин.
Ота-она фарзандидаги ҳар бир руҳий ўзгаришга эътибор қаратиб, унинг тушкунлик ҳолатидан чиқишига кўмаклашмаса, фарзандини муаммолари билан ёлғиз қолдирса, бу айни ўсиб етилиш палласини бошидан кечираётган ўсмир учун фожиали якун топиши мумкин.
Албатта, ҳеч бир ота-она фарзандига бундай қисматни раво кўрмайди. Шундай экан, фарзанд келажаги учун ҳаётнинг баъзи неъматларидан воз кечишни ҳам билиш керак. Дейлик, кечқурун сериал кўриш ўрнига ўғлингизнинг дарсларини тайёрлашига кўмаклашинг. Уни ҳунар ўрганишга, спортга, бирор фойдали иш билан шуғулланишга ўргатинг. Қизиқишларидан келиб чиқиб, бирор касб танлаши учун кўмак беринг.

Яна ўқинг:  Набираларга ғамхўрлик қилиш кексаларнинг соғлиғини яхшилайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: