Болани овқатлантиришнинг олтин қоидаси
Маълумки, болани икки ёшгача она сути билан озиқлантириш тавсия этилади. Эмизишдан чиқарилгач эса гўдак учун
меъда-ичак касалликларидан ҳимояловчи, витаминларга бой рацион тузиш зарур.
«Ҳаммабоп таом бераверайми?»
Аксарият оналар умумий дастурхондаги овқатни болага беришдан чўчишади. Ваҳоланки, уйда тайёрланган таомлар бола организми учун хавфсиз бўлиб, уларнинг миқдори ва таркибига аҳамият берилса, кифоя. Кичкинтойга катталар овқатидан беришга иккиланаётган оналарни қуйидаги маълумотлар билан таништиришингиз мумкин:
– овқат ягона енгил ҳазм бўлувчи энергия манбаи ҳисобланади. Таом бола организмининг барча органлари тузилиши, етилиши ва фаолияти учун муҳим манбадир.
– ўз вақтида ва тўғри таом истеъмоли метаболизм меъёрий кечишини таъминлайди;
– боланинг жисмоний ва ақлий ривожланишини рағбатлантиради.
Кичкинтойни овқатлантириш деганда очлик ҳиссини бартараф этиш, яъни шунчаки ошқозонини тўлдириш тушунилмайди. Таом ёш организмнинг ўсиб ривожланиши учун зарур микроэлементлар, витамин, оқсил ва углеводларга бой бўлиши лозим.
Кальций, магний, фосфор учлиги суяк тўқимасининг асосини ташкил этади. Кальций ва магний юрак ҳамда скелет мушаклари фаолияти учун зарур, фосфор эса асаб тизимининг ғоят керакли озуқасидир. Икки ёшдан ошган боланинг сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиши суяк ҳамда тишлар мустаҳкамлигига хизмат қилади.
3-7 ёшли болалар кунига 600 мл.гача сут, қатиқ ёки сузма тановул қилиши мумкин. Боланинг ёшига қараб, кальцийга бўлган эҳтиёж суткасига 1-1.5 г.ни ташкил қилади. Бир стакан сутда 240 мг., 100 гр. пишлоқ таркибида 100-980 мг.гача кальций бор.
Калций танқислиги организмда кўплаб касалликлар хавфини юзага келтиради. Хусусан, болада талваса хуружи содир бўлиши, оёқ шакли «О» ёки «Х»симон кўриниш олиши, умуртқа поғонасининг қийшайиши, ясси рахитик чаноқ суяги кузатилиши мумкин.
Бош мия нормал шаклланишида оқсил, фолий ва тўйинмаган ёғ кислотаси зарур. Организм яхши ривожланиши учун муҳим манба ҳисобланган оқсил икки гуруҳга бўлинади: бу ўсимлик ва ҳайвон оқсили. Маълумки, гўшт маҳсулотлари оқсил ва темир моддасига бой бўлиб, бола 7-8 ойлигидан бошлаб гўшт истеъмол қилиши мумкин. Ҳазм жараёнига кўмак бўлсин учун гўшт (мол, парранда, балиқ гўшти)ни овқатга қиймалаб солиш керак. Мош, ловия, нўхат ва ясмиқ (чечевица) ўсимлик оқсилларига бой ҳисоблангани боис буларнинг бари бола организмида осон ўзлаштирилади.
Ёшига нисбатан вазни кам болани тиббий кўрикдан ўтказиш чоғи унинг таомномаси ҳақида суриштирилади. Негаки, организмда оқсил етишмовчилиги келиб чиқса, камқонлик, камвазнлик, хотира суст ривожланиши, ўта оғир ҳолатларда эса оқсилсиз шишлар пайдо бўлиши мумкин.
Бола ҳар куни бир хил, яъни углеводлардан ташкил топган таом ва егуликлар билан озиқланса, семиришга мойиллик юзага келади. Яна ҳам аниқроғи, ширин чойга печенье солиб аралаштириш, шакарли ширгуруч, манний бўтқаси, нонни ивитиб бериш, макарон ва меъёридан ортиқ қандолат маҳсулотларини кичкинтойга едириш тўғри эмас. Патронаж кўриги маҳали ушбу ҳолатларга диққат қаратилмаса, вазн ортиши болада нафас йўллари касалликларини пайдо қилиб, қўл-оёқ мушаклари мўртлигини келтириб чиқаради.
Айрим оналар боланинг қорни тўйиши, яхши ухлаши, вазни ортиши учун унга шўрвада пишган думбани шимдиришади. Ёки юмшоққина деб думба ёғига қилинган атала беришади. Ҳайвон ёғини нафақат гўдак, балки катталар организми ҳам қийин ҳазм қилади. Мол ёғини меъёридан зиёд истеъмол қилиш эса меъда-ичак ва жигар тизимидаги салбий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Ушбу муаммолар туфайли кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши кузатилади. Натижада, бола организми керакли витамин ва микроэлементларни бой бериб, иштаҳасизлик, вазн йўқотиш, инфекцион касалликларга мойил бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бола истеъмол қилаётган маҳсулотлар таркибидаги витаминлар тана скелети тўғри шаклланиши, ички органлар фаолияти, кўз ўткирлиги, реакциялар тезлиги, ўзлаштириш ва эслаб қолиш қобилиятини кучайтириш учун зарурдир. Шу боис ёшига монанд равишда кичкинтойга мева-сабзавотлар, кўкатлар бериш лозим.
Буни билишингиз шарт!
Мактаб ёшигача бўлган болалар бир кунда 150-200 гр. картошка, 200-250 гр. сабзавот (карам, бодринг, помидор, қизил лавлаги, редис ва кўкат)лар истеъмол қилиши шарт;
Сархил мевалар (олма, нок, гилос, узум, маймунжон каби)нинг бир кунлик миқдори – 200-300 гр. Мева ва сабзавотлар, айниқса, сархиллари аскорбин кислотаси, биофлавоноидлар, В каротиннинг муҳим манбаидир. В каротин (организмда А витаминига айланувчи) сабзида сероб. Бундан ташқари, у помидор, ўрик, барра пиёз, булғор қалампири ҳамда кўкатларда ҳам кўп учрайди. Ушбу маҳсулотлар, шунингдек, калийнинг муҳим озуқа манбаи ҳисобланади;
Ўсимлик мойи ва дони Е, В1, В2, РР витаминларига бой. Магний билан таъминлашда эса нон (буғдой ва жавдаридан) макарон, вермишел ҳамда ёрмалар лозим;
Сариёғ, сут-қатиқ, творог, сметана, қаймоқ каби маҳсулотлар ҳам ўсаётган организм учун ўта зарурдир.
Таомнома:
Эрталабки нонушта: уйқудан сўнг қорин очлигида бола даставвал сув ичиши лозим. 15-30 дақиқадан кейин унга бирор хил бўтқа берилади. Овқатлантириш давомида болани шошириш нотўғри! У қанча хоҳласа шунча пайт таомлансин.
Тушлик: мавсумий мевалардан тайёрланган шарбат, кунгабоқар мойи аралаштирилган сабзавотли салат, ёрмали ёки сабзавотли шўрва берилади.
Иккинчи тушлик: толмачой вақтида бола компот (кисель мумкин эмас), газ печида пиширилган олма, тешиккулча, қуритилган нон, ёғсиз пишириқлар билан чой ичиши мумкин.
Кечки овқат: боланинг ёшига монанд тартибда творогга кефир аралаштириб бериш мумкин. Кўп қовурилмаган, ҳайвон ёғи ишлатилмаган таом ва егуликларни ҳам оз-оздан истеъмол қилдириш фойдали. Суякли қайнатмаларни бериш асло мумкин эмас! Ёғли қайнатмалар ҳам тавсия этилмайди. Ҳафтасига 4 мартагача бирор хил гўштли таом бериш мақбул (колбаса ва сосискадан ташқари).
Бугунги кунга келиб, болалар рационидан жигар маҳсулотлари олиб ташланди. Маълумки, ҳайвонлар жигарида улар истеъмол қилган ўсимликлар таркибидаги барча кимёвий моддалар мавжуд. Шунинг ҳисобига у бола организмига ножўя таъсир этиши мумкин.
Сабзавотларни совуқ сувда 30-40 дақиқа ушлаб тургач, сўнг қайнатиб пиширган маъқул. Бундан ташқари, уларни майда тўғраб пишириш ҳам фойдалидир: бу билан нитратларнинг 50 фоизга яқини сувга чиқиб кетишига эришилади. Картошкани пўсти билан қайнатганда 21-26 фоиз, арчиб ишлатганда эса 50-56 фоиз нитратлар сувга ажралади. Ўн фоизга яқин нитратлар мева ва сабзавотлар пўстида бўлади. Шунинг учун ҳам болаларга пўсти арчилган мева ва сабзавотларни берган маъқул.
Ҳамида РАЖАБОВА,
педиатр-шифокор