КИПРИГИНГИЗ ТЎКИЛЯПТИМИ, АСАБИНГИЗНИ АСРАНГ!

Соч толасининг сийраклашиши, қош ва киприкларнинг тўкилиши организмнинг огоҳлантирув белгисидир. Диққат қилинг: танингизда муаммо бор! Айбдорни сифатсиз пардоз воситалари орасидан ахтаришдан олдин, киприк тўкилишининг тиббий сабаблари билан танишамиз.

Сабаблари кўп…

Ҳатто энг сифатли тушь ҳам тўкилаётган киприкларни яшира олмайди. Сийраклашиб қолган киприклар пардоз туфайли бир-бирига ёпишиб қолади. Шундай экан, киприк тўкилишини келтириб чиқарган омилларни билиб қўйган яхши:
– авитаминоз;
– пардозни ўчириш воситалари ҳамда тушь таркибидаги бирикмаларга аллергия;
– аутоиммун касалликлар;
– кўз яллиғланиши, мисол учун, конъюнктивит;
– узоқ вақт давомида бир турдаги дори препаратларини қабул қилиш (кўп ҳолларда антибиотик ҳамда контрацепция);
– овқатланиш рационининг нотўғри тузилиши;
– кўриш қобилиятини яхшилаш мақсадида ўтказилган операциядан кейинги асоратлар;
– кўз жароҳатланиши;
– ёшга доир ўзгаришлар;
– иммунитетнинг заифлиги;
– қалқонсимон без касалликлари;
– кучли стресс, асаббузарликлар, депрессия;
– бактериал ва замбуруғли инфекциялар;
– гормонал мувозанатнинг ўзгариши;
– сифатсиз пардоз воситаларидан фойдаланиш.
Киприк тўкилиши сезиларли равишда ортиб борса, билингки, зудлик билан чора кўриш зарур. Аввало, кун тартибингиз, уйқу вақти, жисмоний ва ақлий меҳнат юкламасини кўриб чиқинг. Сўнгги маротаба қандай хасталиклар билан оғриганингиз, мунтазам фойдаланаётган пардоз воситалари ҳамда истеъмол маҳсулотлари рўйхатини ҳам аниқлаштириш керак. Мабодо бирор хасталикка гумонингиз бўлса, тиббий текширувларни кечиктирмаган маъқул.

Муаммонинг ечими бор!

Тиббий текширувлар: қалқонсимон без фаолиятига доир таҳлиллар, репродуктив тизим аъзоларидаги ўзгаришлар, албатта, текширилиши лозим.
Косметика воситалари: тень, тушь, қалам ва кўз пардози учун мўлжалланган воситаларингизнинг барчасини алмаштиринг. Ахир қай бири муаммо келтириб чиқараётганини билмайсиз-ку.
Овқатланиш тартибини йўлга қў­йинг. Йўл-йўлакай тамадди қилиш, ярим тайёр маҳсулотлар, газланган ичимликлардан воз кечасиз.
Кўпроқ суюқлик ичинг. Кун давомида 1,5-2 литргача сув ичиш, организмнинг намлик даражасини таъминлайди.
Асабийлашманг! Ҳамиша гўзал кўринишни истасангиз, асаб тизими билан «сен-мен»га борманг. Асабийликни рағбатлантирувчи гормонлар қоматга путур етказади, қош-киприк­ларни сийраклаштиради.
Шифокор назоратида витаминлар қабул қилинг. Тартиби ва миқдори ҳақида оилавий шифокорингиздан тўлиқ маълумот олинг.
Киприклар парвариши учун мўлжалланган суюқ воситалардан фойдаланиб кўринг. Бир муддат тушь ишлатмай турасиз.
Пардоз билан ухлаб қолманг! Ҳар қандай сифатли косметика маҳсулоти ҳам ўзида кимёвий бирикмаларни жамлаган бўлади. Шундай экан, бўёқ киприкларда узоқ муддат қолмаслиги керак.
Кунора киприк усти терисини уқаланг. Бунинг учун кўзларни юминг, кўрсаткич ва номсиз бармоқ билан терини уқаланг.
Дарвоқе, тўкилган киприклар ўрнини тўлдириш учун киприк улатманг. Негаки, соғлом киприк сунъийсининг таъсирида сийраклашиб, илдизидан узилади.

Яна ўқинг:  Кексалар учун шифобахш таомнома

Мойлар ёрдамга келади

Киприклар парвариши учун энг маъқули ёғлардир. Канакунжут, чакамуғ, бодом, шафтоли, зайтун, какос, зиғир мойи киприк илдизини озиқлантириб, фолликуланинг мус­таҳкамланишини таъминлайди. Мойли муолажа ҳар куни ёки кунора ўтказилиши мумкин.
Аммо организм бирор хасталик билан курашаётган бўлса, мойлар муаммони ҳал этмайди. Қачонки, касаллик хавфи камайиб, асоратларининг олди олинса, ёғлардан фойдаланиш мумкин бўлади.

Бир мойчечак,
икки мойчечак…

Уй шароитида мойчечак, мармарак ва тирноқгул ўсимликларини тенг миқдорда аралаштириб, компресс учун дамлама тайёрлаш мумкин. Дамлама 100 мл. қайноқ сувга тайёрланади. Пахта бўлагини преслаб, думалоқ кўринишга келтирасиз ва дамлада ҳўллаб, киприк устига қўясиз. Копресс 3-5 дақиқа ушлаб турилади. Диққат қилинг: дамлама илиқ ҳолатда бўлиши керак.
Кўк ва қора чой таркибида флавоноид моддаси сероб. У киприк фолликуласини озиқлантириш хусусиятига эга. Ишлатилиб бўлинган халтачали чойни ташлаб юбормай, кўз қовоқлари устига компресс ўрнида фойдаланилса, у парваришлаш воситасига айланади.

Нилуфар ИСМОИЛОВА,

косметолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: