Билиб босилган тикан…
Қуёш югуриб чиқиб, югуриб ботаётган, одамлар ҳам югуриб елаётган даврда яшаяпмиз. Бир мартагина яшаш имкони берилган бу шошқалоқ умримиз давомида ахир ким ҳам бекам-у кўст ҳаёт кечиришни хоҳламайди дейсиз?! Аммо бунинг учун ўзгалар мулкига кўз тикиш, ҳийла- найранглар, қинғир ишларни қилиш шартми? Ҳадиси шарифларда: «Мусулмон биродарларини алдовчи, уларга зарар етказувчи ёки уларга макр қилувчи одам бизлардан эмас» дейилгани кўпчилигимизга маълум. Бироқ нафс аталмиш душман қутқусига учган Ҳасан Аҳмедов сингари кимсаларнинг орамизда учраб туриши афсусланарли ҳолдир.
Ҳ.Аҳмедов 2019-йил 2-феврал куни тахминан соат 12 ларда Мирзо Улуғбек тумани Мустақиллик шоҳ кўчасида жойлашган «Китоб олами» савдо дўконида А.Адамовнинг қаровсиз қолдирилган сумкасидан баҳоси 405 АҚШ доллари (3.402.061 сўм)га тенг бўлган «Самсунг галахй А9» русумли телефон аппаратини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган, кейин Нексия автомашинасини тўхтатиб, такси ҳайдовчисига телефонни 800 000 сўмга сотиб юборган ва пулларни ўз шахсий эҳтиёжларига кўра сарфлаган. Савдо мажмуасига ўрнатилган кузатув камераларидаги видеотасвирлар туфайли ўғри қўлга олинади. Судда Ҳ.Аҳмедов ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, моддий аҳволини инобатга олиб енгиллик беришларини сўраб кўрсатма беради. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, Ҳ.Аҳмедовнинг бундан аввал ҳам Янгиобод бозорида сотувчилик қилиб келаётган Д.Каримовга 2018-йил 26-декабрда «Редми-4», 2019-йилнинг 6-январида «Редми-5» русумли телефонларни, 17-январ кунида «Самсунг» русумли планшетни сотганлиги аниқланди. Суд судланувчи Ҳ.Аҳмедовга жазо тайинлашда муқаддам судланиб, қасддан янги жиноят содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи, айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, шахсий ва оилавий шароитининг оғирлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди. Суд ҳукмига кўра 2019-йилнинг 4-февралидан бошлаб Ҳ.Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноят содир этганликда айбланиб, унга 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси, Ўзбекистон Республикаси ЖК 59-моддаси 8-қисмига асосан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2019-йил 1-апрелдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 5 йил-у 7 ой озодликдан маҳрум этилди. Ҳ.Аҳмедовга жазони умумий тартибли колонияларда ўташ, жабрланувчига етказилган моддий зарар Ҳ.Аҳмедов томонидан қопланиши белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туман суди раиси
Муҳаммад Қаюмов