Интилиш бесамар қолмайди

буни тадбиркорлар фаолиятида кузатиш мумкин

Аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, оилаларнинг шахсий даромадини ошириш мақсадида истиқлолнинг илк кунларидан тадбиркорлик фаолиятига катта эътибор қаратилди. Мазкур сиёсат ўзини оқлаб, бугун ишлаб чиқариш тармоқлари иқтисоднинг асосий бўғинига айланди.

Ҳозирда мамлакатимизда иш билан банд аҳолининг 74 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик тармоғида меҳнат қилаётир. 2012 йил 26 апрелда қабул қилинган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни эса оилавий корхоналарнинг кўпайиши, миллий ҳунармандчиликнинг янада равнақ топишига замин ҳозирлади.

Кредит ҳисобига тикувчилик цехи

Барно Самандарова Беруний туманидаги касб-ҳунар коллежида ўқувчиларга чеварликдан дарс беради. У талабалик йиллариданоқ якка ҳунарманд сифатида ўз фаолиятини бошлаган. Онаси ­Карима Эрназаровадан ҳунар сирларини ўрганган Барно бугун тадбиркорликни йўлга қўйиб, мўмай даромад топмоқда. Ўз устида ишлаган, чеварликда янгилик яратишга бел боғлаган ҳунарманд қатор танловларда муносиб иштирок этди. У қуроқли ва каштали ётоқ буюмлари, рўзғорбоп ҳамда миллий либосларни нафис дид билан яратмоқда.

– Бировга ҳунар ўргатишнинг машаққати оғир, – дейди Барно Самандарова. – Улар билан ёнма-ён туриш, бирга ишлаш лозим. Игна тутишни билган ҳар ким ҳам чевар бўлиб кетавермайди. Бунинг ҳам ўзига хос сир-синоатлари бор. Машаққатига чидаган, қунт билан ўрганган қизлар эртага турмушида ҳам қийналмайди. Рўзғорига қўшимча даромад олиб киради. Асосан кичик ҳажмдаги миллий нақшлар туширилган маҳсулотларимиз тезда харидорини топаётир. Шу мақсадда сумкалар, ёстиқпўш ва белбоғлар тикиш ҳажмини орттиришни ният қилганмиз.

Замон билан ҳамнафас Барно Самандарова тижорат банкидан олган микрокредити эвазига бешта тикув машинаси харид қилиб, попопчиликни ҳам йўлга қўйди. Унинг тадбиркор ва ташаббускорлиги натижасида беш нафар коллеж ўқувчиси иш билан таъминланди.

Энг яхши ҳунарманд

Қораўзаклик Роза Ниятуллаева қорақалпоқча миллий либослар устаси. У ҳунари ортидан тикувчилик цехи ташкил этиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди. Икки ўғли Азамат ва Омонгалди унга яқин кўмакдош.

«Ташаббус–2010» танловининг республика босқичида «Энг яхши ҳунарманд» йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган ҳунарманд-тадбиркор туман «Микрокредит» банкидан кредит олиб, соҳани ривожлантиришга бел боғлади.

– Оилавий тадбиркорлик, қишлоқ кишиларининг дунёқарашини, уларнинг янгилик яратишга қизиқувчанлик қобилиятини кашф этди, – дейди Роза Ниятуллаева. – Бир сўз билан айтганда, одамларда тадбиркорлик маданияти шаклланди. Кишилар меҳнат қилган одам кам бўлмаслигини англаб етди. Энг муҳими, юртимизда инсон манфаатлари улуғ қадрият сифатида эъзозланиб, уларнинг турмуш фаровонлигини янада ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кредит олиш ва солиқ ставкаларида қатор имтиёзлар жорий этилди. Хусусан, оилавий корхоналар томонидан ишлаб чиқариш фаолияти учун фойдаланиладиган турар-жойларни нотурар жойларга ўтказиш талаблари бекор қилинди. Оилавий корхона иштирокчилари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг уларнинг тасарруфига келиб тушадиган фойдага солиқ солинишидан озод қилинди. Биз ҳам мазкур имтиёзлардан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга қарор қилдик. Тадбиркор дегани фақат ўз манфаатини ўйлайдига шахс эмас. Цех фаолияти йўлга қўйилгач олти нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Рўзғорига барака кирди.

Яна ўқинг:  Тил ўрганиб, эл билиб...

Энг ёш тадбиркор

Кегейли туманида яшовчи Миршод Эшов миллий чолғу асбоблари ясайди. «Ташаббус–2013» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси бос­қичида «Энг ёш тадбиркор» йўналиши бўйича ғолиб бўлди. Йигирма ёшли ҳунарманд Кегейлидаги Ахборот технологиялари коллежини тамомлаган Миршод ҳунарини такомиллаштириш йўлида бош қотирмоқда.

Шу пайтгача у якка тадбиркор сифатида иш юритди. Яқинда эса тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб, миллий либослар тикиладиган цех очди ва икки кишини иш билан таъминлади. Ҳозирда миллий кийим-кечаклар буюртма асосида тайёрланяпти. У келажакда фаолиятини янада ривожлантириш, миллий чолғу асбоблари ясайдиган цех ташкил қилишни ва коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашни ният қилган. Шунингдек, рўзғорбоп дурадгорлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштиряпти.

Раъно ЗАРИПОВA,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: