Бунёдкорлик – ҳар бир тадбиркорнинг асл мақсади

…1963 йилнинг айни ёз фаслида Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида истиқомат қилувчи Бозорбой ака ва Шукуржон она оиласида фарзанд дунёга келди. Мурғак вужуд ўсиб-улғайиб, келгусида юртни ҳимоя қиладиган мард ва жасур ўғлон бўлсин, дея унга Баҳодир деб исм қўйишди.

Бозорбой ака қишлоқдаги қурилиш ишларида, маҳаллада бўладиган ҳашарларда фаол иштирок этарди. Ўша пайтларда кичик Баҳодир отасининг қўлидан тутиб, янги бунёд этилаётган биноларни катта қизиқиш билан томоша қилар ва бу интилиш унинг келажак орзуларига пойдевор бўлган эди. Қисқаси, ёш болакай қалбида қурилиш соҳасига меҳр болаликдан шаклланди…

Орадан йиллар ўтиб, Баҳодир ака ота касбини танлади. Оилада фарзанд кўплиги ва моддий сабабларга кўра қаҳрамонимиз олий ўқув юртида таҳсил олмади. Лекин бу унинг орзуларига соя солмади. У мақсади йўлида тажрибали қурувчилар билан ҳамкорликда меҳнат қилди, тинмай ўз устида изланди. Уларнинг малакасини ўзлаштирди. Кейинчалик шогирд сифатида барча ўрганганларини амалда татбиқ этиш мақсадида ўзи мустақил иш бошлади. Дастлаб кичик корхона ташкил этиб, сифатли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу орқали қишлоғидаги кўплаб ёшларни иш билан таъминлади. “Дуо билан эл кўкарар” деганларидек, тадбиркорнинг ишидан барака аримади. Ўз ўғил-қизлари қаторида кам таъминланган маҳалладошларининг ҳам фарзандларини олий ўқув юртларида ўқитди. Тўлов шартномаларини тўлаб, мутахассис даражасига етгунига қадар уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Шу сабаб бўлса керак яқинлари Баҳодир аканинг номини ҳурмат билан тилга олишади. Бу инсонга ўхшашга интилади.

 

Устозим Баҳодир Ҳайитбоевнинг нафақат иш услуби, балки очиқ кўнгиллиги, хушмуомалалигини ҳам ўзлаштиришга ҳаракат қиламан, – дейди шогирди Воҳиджон Завқиев. – У кишидаги вазминлик ва мулоҳазаликка ҳавасим келади. Ҳеч бир муаммони қизиққонлик билан ҳал этмайди. Назаримда устозим эришган муваффақиятлар сири ҳам шунда. У киши тадбир билан узоқни ўйлаб режа тузади. Қолаверса, оиласидаги меҳр-оқибатга ҳам ҳавас қиламиз. Келажакда устозимдек яхши инсон бўлишни мақсад қилганман.

 

Баҳодир ака турмуш ўртоғи Раънохон опа билан бир-биридан меҳнаткаш, меҳрибон фарзандларни тарбиялаб, вояга етказди. Тўнғич фарзанди Сардорбек ота касбини танлаб, унга елкадош бўлди. Катта қизи Нилуфар тиббиёт йўналишида, кичик қизи Гуласал эса етук шарқшунос бўлиш мақсадида таҳсил олмоқда. Бир сўз билан айтганда бу оиладаги барча инсонлар илм олиш ва одамларга яхшилик улашишни ҳаётининг мазмуни деб билади.

Яна ўқинг:  “Ёрдамга муҳтож” вирус: у ҳақида нималарни биламиз?

Айни пайтда қаҳрамонимиз “Бинокор қурилиш таъминоти”корхонаси раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда. Бугун юртимизда қад ростлаётган кўплаб иморатларга Баҳодир Ҳайитбоевнинг меҳнати сингган.

Биз тадбиркорнинг келгуси ишларига омад ва зафарлар тилаймиз.

 

Ойгул РАЗЗОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: