Мактабгача таълим ва ислоҳот: ютуқлар тарозининг қайси палласида

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганига бир йил тўлди. Қувонарлиси, ўтган қисқа давр мобайнида вазирлик томонидан кўплаб ижобий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Президентимизнинг “Давлат идоралари халқ учун хизмат қилади” деган сўзларининг тасдиғини айнан мазкур тузилма фаолияти мисолида кўриш мумкин.

Энг аввало, тизимда ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида кичкинтойларни давлат мактабгача таълим муассасаларига навбатга қў­йиш ва йўлланма бериш ҳудудий Давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш йўлга қўйилди. Бу билан кўплаб тушунмовчилик ва оворагарчилик­ларнинг олди олиниб, аҳолига қатор қулайлик­лар яратилди. Эндиликда ота-оналар ушбу хизматлар орқали дилбандини боғчага тез ва осон навбатга қўйиши мумкин.

Бола ўз тенгдошлари билан ўзларига тегишли кичик бир жамиятда улғаяди. Ундаги соғлом муҳит қайсидир маънода кичкинтойнинг эртанги кунини белгилаб беради. Шу боис, мактабгача таълим тизимини ислоҳ этиш, соҳага янги ва замонавий иш услубларини жорий этиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, педагог кадрлар малакасини ошириш масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланган.

Айни пайтда МТМларда жами 67 673 нафар педагог фаолият кўрсатиб, улардан 17 201 нафари, яъни 25 фоизи олий маълумотли кадрлардир. Шунингдек, 2018 йилнинг шу даврига қадар олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишини битирган мутахассислар учун ташкил этилган 4 ойлик қайта тайёрлов курсларида МТМ тарбиячиси йўналиши бўйича 8159 нафар педагог қайта ўқитилди.

– Мен 28 йил мактабда ўқувчиларга математика фанидан сабоқ бердим. Ҳозир нафақадаман. Яқинда вазирлик қошида очилган қайта тайёрлов курсини тамомладим. Насиб бўлса, хусусий боғча ташкил этмоқчиман. Тайёрлов курси соҳадаги билимларимни янада мустаҳкамлашга ёрдам берди, – дейди жиззахлик Гулнора Ражабова.

Энди масаланинг яна бир жиҳатига аҳамият қаратсак. Тан олиб айтиш керак, бугун юртимизда болалар боғчалари етишмаслиги муаммоси бор. Қувонарлиси, “Обод қишлоқ” давлат дастури Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини янада ривожлантиришга кўмак бўлди. Жумладан, жорий йилда жами 231 та МФЙ (ҚФЙ)лардаги 264 та мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида 350 млрд. 9 млн. сўм маблағ ажратилди. Натижада мактабгача таълим муассасаларининг сони 5170 тадан 6154 тага кўпайди. Болаларни қамраб олиш даражаси 3,7 фоизга ортди. Аммо бу билан муаммога тўла ечим топилгани йўқ. Хизмат сафари билан мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида сафарда бўлганимизда у жойларда МТМ мавжуд эмаслигига гувоҳ бўламиз. Ҳатто, пойтахт­га яқин бўлган Тошкент вилоятининг айрим қиш­лоқларида ҳам боғча мавжуд эмас. Ўйлаймизки, келажакда бу каби муаммолар бутунлай бартараф этилади.

Яна ўқинг:  Эҳтиром кўнгилларни обод этади

 

Шу ўринда рақамларга мурожаат қилсак. Бу кунга қадар тизимда фаолият олиб бораётган 58 400 нафар педагогнинг атиги 15 фоизи олий маълумотли бўлган. Бунинг сабаби мактабгача таълим муассасаларида яхши иш ҳақи тўланмаган. Ўтган 27 йил давомида МТМ ходимларининг тариф ставкаси бирор марта оширилмаган. Эътиборлиси, шу йилнинг сентябридан олий маълумотга эга педагоглар учун базавий тариф ставкалари 30 фоизга оширилди.

 

Шунингдек, тизимнинг озиқ-овқат таъминотида ҳам муаммолар талайгина. Уларнинг сифат даражаси эса қониқарли эмас. Аксарият ота-­оналар таомномада белгиланган егуликларни фарзандларига берилмаётганидан тез-тез норози бўлишади. Мазкур муаммони бартараф этиш учун бугунги кунда БОЛАЛАР БОҒЧАСИни айнан МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИга айлантирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ерда асосийси – таълим. Овқатланишни ташкиллаштиришнинг эса муқобили – аутсорсинг синаб кўрилмоқда. Яъни, болалар учун тайёрланган нонушта, тушлик, уйқудан кейинги енгил таомларнинг барчаси бир ошхонада тайёрланади ва муассасаларга етказилади. Бундай тизим овқат сифатини таъминлаш билан бир қаторда болалар саломатлигини ҳам ҳимоя қилади.  Айни пайтда бу услуб тажриба сифатида йўлга қўйилган.

Ушбу аутсорсинг давлатга қарашли мактабгача таълим муассасасига жорий этилар, аммо хусусий боғчалардаги таомномани ким назорат қилади? Ёки хусусий МТМлар назоратга мухтож эмасми? Бу саволни ота-оналарга йўллаганимизда улар хусусий боғчаларнинг озиқ-овқати аъло даражада, таълим-тарбия сифати ҳам қониқарли, деб жавоб беришди.

 

Агриппина ШИН,

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири:

–  Ўтган қисқа давр мобайнида тизимда жуда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатимиздаги МТМлар фаолияти янги босқичга кўтарилмоқда. Биз ҳар бир мактабгача таълим муассасасида бола ўзини қулай, хавфсиз сезишини истаймиз. Токи кичкинтой бу мас­канга қувноқ кайфиятда қатнасин.

 

Дарҳақиқат, ўтган икки йил давомида юртимизда хусусий боғчалар фаолияти кенг йўлга қўйилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларига болалар қамровини ошириш соҳада давлат-хусусий шерикчилик муносабатлари жорий этилди. Келажакда республика бўйича жами 1000 дан ортиқ ҳолатда давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш режалаштирилган.

Қисқа вақт мобайнида эришилган ютуқлар мақтовга лойиқ. Умид қиламизки, келгусида тизимдаги мавжуд муаммолар ҳам тез орада бутунлай бартараф этилади.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

Яна ўқинг:  Фарзандингиз мактабга чиқдими?

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: