Янги қарор: таълим сифати юқори босқичга кўтарилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 август куни “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қабул қилинган қарорнинг асосий мақсади мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда ўқитувчилик касбининг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти кўрсатмасига асосан ушбу қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқувчиларига учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 барварга оширилди.

2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

Натижада, устамалар, синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олган бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларники ўртача 26 фоизга оширилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўқувчиларнинг ақлан ва руҳан соғлом қилиб тарбиялашга яна бир маротаба алоҳида эътибор қаратилди. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача бўлганда 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ бўлса 3 штат бирлиги этиб белгиланди.

Шунингдек, мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилди. Натижада мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96 фоизга ошди.

Яна ўқинг:  Бир оғиз сўз ёхуд оила бахти кимга боғлиқ?!

Қарорда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини ишлаб чиқиш, таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқарув органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш тизими яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити сифатида бериш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар бериш белгиланди.

Қарорда 2018–2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”ни ташкил этилиши белгиланди.

Қарорнинг яна бир ўзига хос жиҳати 2018–2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия заҳиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий қилинди.

Қарорда яна бир маротаба халқ таълими тизими ходимларини таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига, турли хил йиғилишларга жалб қилиш, уларнинг касбий фаолиятини амалга оширишига ҳар қандай шаклда тўсқинлик қилиш амалдаги қонун ҳужжатларида таъқиқланганлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Мазкур қарор таълим-тарбия сифатини тубдан ошириш, мамлакатимизда ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда ўқитувчилик касбининг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: