Ҳудудлар ободлиги ва тозалиги – аҳоли саломатлигининг муҳим омили
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 9 август куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Мамлакатимизда атроф-муҳитни ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, илгари эгасиз бўлган мазкур соҳада ягона тизим шакллантирилди. Соҳага қаратилаётган эътибор самарасида аҳолини чиқинди ташиш хизмати билан қамраб олиш даражаси жорий йил охирига қадар 62 фоизга (20 миллион) етиши кутилмоқда. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2016 йилда бор-йўғи 22 фоиз бўлган.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида ташкил қилинган “Тоза ҳудуд” корхоналари жорий йилнинг етти ойида 49 миллиард сўм даромад олишга эришди. Жойларда чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари қурилмоқда.
Қарор ижроси доирасида чиқинди олиб чиқиш ҳудудларини тадбиркорларга электрон аукцион йўли билан бириктириш тартиби жорий этилди, фаолиятга тадбиркорларни давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш механизми яратилди, полимер плёнкали пакетлар ишлаб чиқариш, сотиш ва импорт қилишда чекловлар ўрнатилди, хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш учун солиқ имтиёзлари берилди.
Йиғилишда мазкур йўналишдаги ишлар ҳали етарли эмаслиги, яна қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, жорий йилда “Тоза ҳудуд” корхоналарига 210 та янги махсус техника харид қилинган. 2019-2021 йилларда яна 590 та махсус техника олиш режалаштирилган. Бу чиқинди ташиш хизмати кўрсатиш даражасини 83 фоизга етказиш имконини беради.
Бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш учун Инвестициялар бўйича ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталарига уч ой муддатда Осиё тараққиёт банкининг кредити ҳисобидан яна 500 та махсус техника харид қилиш бўйича лойиҳа таклифини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Чиқиндини йиғиштириш ва бунинг учун тўлов ундириш борасида ҳам муаммолар мавжудлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли жон бошига чиқиндини йиғиштириб олиш учун тўлов 2 000 сўм ёки 25 центни ташкил қилади. Бу эса соҳага тадбиркорларни кенг жалб қилиш имконини бермаяпти.
Хорижий давлатларда чиқиндини йиғиштириб олишда давлат-хусусий шериклик муносабатлари кенг жорий этилган. Тадбиркор фақат чиқиндини йиғиштириб олади, маҳаллий ҳокимият эса кўрсатилган хизмат ҳажмига қараб тўловни амалга оширади.
Молия вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Мажбурий ижро бюроси раҳбариятига чиқиндини йиғиштириб олишга давлат-хусусий шерикликни кенг жорий этишни кўзда тутувчи аниқ таклифлар киритиш вазифаси топширилди.
Бунда чиқинди йиғиш учун ўрнатилган тарифларни қайта кўриб чиқиш, тўловларни ундиришни Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга ошириш, тушган маблағларни туман (шаҳар) ҳокимликлари махсус ҳисобрақамида жамлаш, тўпланган маблағни давлат-хусусий шериклик шартномаси асосида чиқинди ташиш корхоналарига тўлаш тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Йиғилишда чиқиндиларни қайта ишлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, бутун дунёда маиший чиқиндининг камида 65 фоизи қайта ишланади ва катта фойда олинади. Афсуски, бу кўрсаткич бизда ўта паст. Ҳозирда мамлакатимиздаги чиқинди полигонларида жами 18 миллион тонна чиқинди мавжуд. Йилига яна 4 миллион тоннадан қўшилиб бормоқда. Бу чиқиндиларни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни тезроқ амалга оширишни талаб этади.
Чиқиндидан энергия олиш бўйича Оҳангарон туманида Жанубий Кореянинг “Сежин” компанияси билан ҳамкорликда 55 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш бошланган. Лойиҳага асосан чиқинди полигонидан биогаз олиниб, 16 мегаватт ёки 10 минг хонадон истеъмоли учун етарли электр энергияси ишлаб чиқарилади.
– Ана шундай истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш зарур, – деди Президентимиз. – Бунинг учун, аввало, соҳага хорижий инвесторлар нега кам қизиқиш билдираяпти, деган саволга жавоб топишимиз керак. Чунки бунга тўсиқ бўлиб турган бир қатор тизимли муаммоларни ҳал этиш учун етарли иш олиб борилмаяпти. Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда комплекс ёндашув мавжуд эмас. Чиқиндини қайта ишлашдан олинадиган муқобил энергияни ягона электр энергетика тармоқларига узатиш, олинган энергия учун ҳисоб-китоб қилиш ва тарифлардаги фарқни қоплаш механизмлари ҳалигача жорий қилинмаган.
Таъкидланганидек, амалдаги тартибга кўра, ягона электр энергетика тизимига уланиш ва тўловларни амалга ошириш фақат қайта тикланувчи энергия манбалари учун белгиланган бўлиб, 1 киловатт/соат учун тўлов жуда кам – 2 центни ташкил этади. Келган инвестор шу саволларга жавоб ололмасдан, қайтиб кетишга мажбур бўлмоқда.
Молия, Иқтисодиёт, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти раҳбариятига икки ҳафта муддатда юқоридаги муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширилди.
Йиғилишда мутасадди раҳбарларга икки ой муддатда ҳудудма-ҳудуд юриб, чиқиндини қайта ишлаш ва ундан энергия олиш бўйича инвестиция таклифларини ва уларнинг умумий параметрларини ишлаб чиқиш ҳамда йил охирига қадар камида 5 та лойиҳа амалга оширилишини бошлаш вазифаси топширилди.
Мамлакатимизда мавжуд чиқинди полигонлари фаолиятини санитар ва экологик талаблар асосида ташкил этиш ҳам асосий муаммолардан экани қайд этилди.
Айни пайтда юртимиздаги 221 та чиқинди полигони фаолиятини санитар ва экологик талаблар асосида ташкил этиш учун 1,2 миллиард доллар талаб этилади.
– Бу жуда катта маблағ. Соҳага сармоя жалб қилиш бўйича бугунги кунда дунё тажрибасида кенг қўлланилаётган “ифлослантирувчи тўлайди” тамойили асосида янги тартиб жорий қилиш керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Бунда йирик товар ишлаб чиқарувчилар маҳсулотининг таннархида ундан ҳосил бўладиган чиқиндини утилизация қилиш харажатларини назарда тутиш лозим. Лекин бу харажатларнинг одамларга оғирлиги тушмаслиги керак. Маблағлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасида йиғилиб, чиқинди полигонларини санитар талаблар асосида тартибга келтириш, улар сонини оптималлаштиришга сарфланиши лозим.
Мутасаддиларга бир ой муддатда ушбу янги механизмни жорий қилиш бўйича таклиф киритиш вазифаси топширилди.
Йиғилишда яна бир масала – “Тоза ҳудуд” корхоналари молиявий-хўжалик фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ягона бошқарув тизимини жорий қилиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун Экология қўмитаси раҳбарияти “Тоза ҳудуд” корхоналари ишини самарали йўлга қўйиш бўйича қўмита таркибида алоҳида марказлашган тузилма ташкил этишга доир таклиф киритиши керак. Бу тузилма полигонлар ва техникаларни тўғри эксплуатация қилиш, техникаларнинг жойларга чиқишини электрон бошқариш, хизматлар учун тушумлар ҳисоб-китобини тўғри йўлга қўйиш билан шуғулланади.
Ҳудудларнинг тозалигига жавоб берувчи яна бир тизим – ҳокимликлар қошидаги ободонлаштириш бошқармалари ишини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Ҳозир ушбу ташкилотлар моддий-техник базаси яхши эмаслиги учун ҳокимликлар “Тоза ҳудуд” корхоналари техникаларини ободонлаштириш ва қурилиш ишларига жалб этмоқда. Бу ҳолат “Тоза ҳудуд” корхоналарининг асосий ишига салбий таъсир кўрсатиб, техникаларнинг муддатидан олдин ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда.
Мухтасар айтганда, ободонлаштириш соҳасини методологик жиҳатдан таъминлаш ва ўтган асрдан қолган моддий-техник базасини яхшилаш ишлари бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Шунинг учун мутасаддиларга икки ой муддатда ободонлаштириш бошқармалари фаолиятини ва муаммоларини жойларга чиққан ҳолда таҳлил қилиб, тизимни тубдан такомиллаштириш, жумладан, янги бошқарув тизимини жорий қилиш, методологик базасини қайта кўриб чиқиш, кадрлар тайёрлаш, давлат-хусусий шерикликни жорий қилишга таклиф киритиш бўйича топшириқлар берилди.
Яна бир муҳим масала, айрим одамларда ҳалигача чиқиндини махсус белгиланган жойга ташлаш, ўз кўчаси ва ҳудудини озода сақлаш маданияти шаклланмагани қайд этилди. Шу боис ҳудудларни ифлослантирганлик учун жавобгарликка тортишнинг таъсирчан механизмларини яратиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланиб, тегишли топшириқлар берилди.
ЎзА