Бешик соннинг туғма чиқиши касаллигини ривожлантирадими?

Кейинги йилларда болаларда соннинг туғма чиқиши касаллиги кўп учрамоқда. Бу хасталик чаноқ-сон бўғим асосини ташкил қиладиган элементлар, яъни суяк, боғламлар ва мушакларнинг туғма етишмовчилиги сабабли келиб чиқади. Бунда ҳомиладор аёлга ташқи муҳит таъсири эгзоген(ташқи) омиллар – ёмон экологик ҳолат, кимёвий омиллар, нотўғри овқатланиш ҳамда психологик омиллар асосий сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, касаллик наслдан-наслга ўтиши ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болаларда ҳам кўп кузатилади.

Одатда сон туғма чиқишининг эрта ва кеч белгилари мавжуд бўлади. Ушбу дарднинг белгилари чақалоқнинг туғилган биринчи кунларидан уч ойлигигача аниқланади – думба ва сон тери бурмаларининг номутаносиблиги, оёқларнинг ташқари томонга буралиб туриши бу касалликнинг дастлабки белгиларидир. Чиқиш бир томонлама бўлса, чиққан томонда оёқнинг калталиги сезилади. Сонларни ташқарига йўналтиришнинг чегараланганлиги, чаноқ-сон бўғимида сон ташқарига йўналтирилганда “шиқиллаш” товуши ҳам ота-онани ҳушёр торттириши керак.

Кечки белгилар эса бола юра бошлаганда сезилади. Бунда бир томонлама боланинг чап ёки ўнг томонга оқсаши, “ўрдаксимон юриш” кўзга ташланади.

Касаллик ўғил болаларга қараганда қиз болаларда кўп учрайди. Бунинг сабаби қиз бола организмида тўқималар эластиклигини оширадиган гормоннинг кўплигидир. Қиз боланинг тўқималари ўғил болалар тўқимасига қараганда чўзилувчан бўлади. Ривожланган давлатларда ҳам болалар бу касаллик билан туғилади. Бироқ, профилактик ишлар натижасида касаллик эрта аниқланади ва гўдак даволанади. Бизда айрим ҳудудларда профилактик ишларнинг ҳамиша ҳам яхши йўлга қўйилмагани, қолаверса, тиббиёт ходимларининг тавсияларига ота-оналарнинг эътиборсизлиги ҳамда унга амал қилмаслик, шунингдек, тиббий маданиятга эътиборсизлик хасталикнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Агар биз чаноқ сон – бўғими учун қулай бўлган ҳолат – оёқларни кенг сақласак, боланинг оёқларини мажбуран бостирмасак, уч-тўрт ой ичида чаноқ-сон бўғимининг меъёрда ривожланишига эришишимиз мумкин. Аммо, бизда оналар чақалоқларни бешикка оёқларини мажбуран тўғрилаб, жипслаштириб боғлашади. Бу ўз навбатида касалликнинг ривожланишига туртки бўлади.

Болаларда сон туғма чиқишининг олдини олиш ёки уни барвақт даволаш учун туғилган чақалоқ туғруқхонада неонатолог ёки муассасага бириктирилган ортопед кўригидан ўтиши керак. Ҳар бир онага ортопедик тартиб, яъни боланинг оёқларини эркин сақлаш, мажбурлаб оёқларини ёзмаслик, бир-бирига жипслаб, йўргакламаслик ва гўдакнинг оёқларига бостирмаслик тушунтирилиши лозим. Чақалоқ бир ёшгача беш марта ортопед кўригидан ўтса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни, у туғруқхонадалик пайтда бир ойлигида, уч ойлигида, олти ойлигида ва бир ёшга кирганда тиббий кўрикдан ўтиши керак.

Яна ўқинг:  Кўкрак бези саратони: унинг олдини қандай олиш мумкин?

Аҳолининг, айниқса, ёш оналарнинг тиббий маданиятини оширишга эришсак, ҳар қандай касаллик профилактикаси яхши йўлга қўйилса, хасталиклардан келиб чиқадиган асоратлар кескин камаяди. Хусусан, ушбу ҳолатда жарроҳлик йўли билан даволашга зарурат қолмайди ва касаллик туфайли келиб чиқадиган ногиронликларнинг олди олинади.

 

Шуҳрат ҚАЮМОВ,

ортопед

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: