Хотин-қизлар муаммолари ўз ечимини топмоқда
Жорий йилнинг 15 июль куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қошидаги лицейда Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари сайёр қабул ўтказди.
Тадбирда иштирок этган аёллар турмушида кўп қийналган, муаммоларини айтиб, бошини кўп эшикка урган, бироқ ҳеч қандай натижа чиқмагач, яшаш учун курашга бел боғлаган, ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тотгани сир эмас. Шу туфайли аввалига суҳбат унчалик қовушмаган бўлса-да, бироздан кейин уларнинг юз-кўзларида ишонч ва самимият акс эта бошлади. Учрашувга кириб келаётган аёллар: “Наҳотки бизни ҳам ўйладиганлар бўлса..? Ростдан ҳам муаммоларимиз ҳал бўлармикан”, дея ҳайратланишди. Уларнинг гап-сўзларидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакилларига нисбатан ишончи ортаётгани сезилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, эндиликда аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга доир “Йўл харитаси” тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилган.
Қарорга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси учун 2018 йилда Республика бюджетига қўшимча тушумлар ҳисобига 150 миллиард сўм ажратилади. 2019 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратиш назарда тутилади. Шунингдек, 2018 йил 15 июлдан бошлаб Меҳнат органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг Меҳнатни рағбатлантириш жамғармасига ажратмалари ҳажмларининг 5 фоиздан 10 фоизгача оширилиши ҳисобига кенгайтирилади. Қарорга кўра биринчи марта микрокредит олган якка тартибдаги тадбиркорлар уни олган санадан бошлаб 6 ой мобайнида солиқ тўлашдан озод этилади.
Икки кунлик қабул жараёнида аввалига Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакилларига ишончсизлик билан қараган аёлларнинг кўпчилигида ўзига, келажагига ишонч уйғонди. Ҳатто, эркаклар ҳам ушбу тадбирга келиб, ўз муаммоларини ўртага ташлади. 175 нафар аёл, 20 нафар эркак томонидан жами 195 мурожаат тингланди. Уларнинг аксарияти уй-жой, бандлик, тиббий ёрдам, паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома каби ҳужжатларни олиш ва расмийлаштириш, кредит олиш, дори-дармонлар билан таъминлаш, оилавий келишмовчиликлар, ногиронлиги бўлган аёлларга ёрдам, ҳуқуқий масалада адвокат кўмагига муҳтожлик масалалари билан боғлиқ муаммоларни кўтаришди.
Танзила НОРБОЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари,
Хотин-қизлар қўмитаси раиси:
– Биз бу аёлларнинг кўнглига йўл топишимиз керак. Шундагина улар ўзларини қийнаётган муаммосини айтишади. Ҳаёт қийинчиликлари уларни шундай яшашга мажбур қилиб қўйган. Мана энди уларнинг юрагидаги гаплар очиляпти, бизга ишониб дардини айтаяпти. Ҳаётдан норозиликлари энди юзага чиқаяпти. Агар улар қўполроқ гапирса, бундан хафа бўлиш керак эмас. Қаранг, аксариятининг на уйи, на пропискаси бор. Бу аёллар қаёққа борсин, ахир? Тўғри, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бир кунда ҳал этиш қийин кечар, бироқ мурожаат қилган ҳар бир аёлнинг муаммоси ҳал этилишини қатъий назоратга олишимиз зарур.
Шу кунгача ҳам Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ана шундай мулоқотлар уюштирилиб, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидан Тошкент шаҳрига келган 150 нафар хотин-қизларнинг муаммолари сабаблари аниқланган эди. Бу аёлларнинг аксарияти давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан, хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланиш, имтиёзли кредитлар ва томорқа хўжаликларидан мақсадли фойдаланиш, бандликни таъминлаш каби соҳаларда белгиланган имтиёзлардан хабардор эмаслиги маълум бўлганди. Ушбу тадбир жараёнида ҳам шундай ҳолат кўзга ташланди. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мутасадди ташкилотлар билан биргаликда мазкур соҳадаги чора-тадбирларни изчил амалга ошириш мақсадида барча вилоятлардаги норасмий ёлланма ишчилар тўпланган жойларига иш излаб келаётган хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли ишларни кучайтириш йўлга қўйилмоқда.
Бу каби ишлар замирида минглаб аёлларимизнинг манфаати ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек эзгу амаллар ётибди. Уларнинг ҳар бирини жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиш борасиида амалга оширилган ушбу тадбир бардавом бўлишини ҳамда мунисаларимиз доимо эъзоз ва ардоқда бўлиши учун тизимли ишлар сони ва салмоғи янада ортишини ният қилиб қоламиз.
Сулаймон ҲАЙДАРОВ