БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Юртимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш борасида ва ёш авлод тарбияси соҳасида жуда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши, бир сўз билан айтганда ўз иқтидорини тўла намоён этиши учун бугун мамлакатимизда барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, Ўзбекистон “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни ратификация қилиниши ва ушбу халқаро хужжатни миллий қонунчилигимизга мослаштириш мажбуриятини ижро этиш юзасидан 2007 йил 23 ноябрда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши юқоридаги эзгу ишларга қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 22-моддасида белгиланганидек боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) болани тарбиялаш ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб, васийлик ва ҳомийлик органига, ўн тўрт ёшга тўлгандан кейин эса мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Боланинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғилганлигидан, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақида бола айни пайтда яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари шарт. Шундай маълумотларни олгач, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўради.
Ҳуқуқий демократик жамият қурар эканмиз, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини тўла ҳимоялаш, унинг тўлақонли яшаши, шахс сифатида камолга етишига шарт-шароит яратиш бош мақсадимиз бўлиб қолмоғи лозим. Зеро, бугунги ёшлар эртага юртимизнинг ишонган кучига айланади.
Д. АДИЛОВА,
Юнусобод тумани 1-сонли давлат нотариал идораси нотариуси