Хўжағат – яллиғланишга қарши резавор
Малина (хўжағат) нафақат мазали, балки фойдали резавор мева ҳамдир. У кўпгина сурункали касалликларни даволашда иммун тизими фаолиятини кучайтиришга ёрдам беради.
Унинг таркиби фенол ва антоцианлар каби антиоксидант бирикмаларга бой. Бу антиоксидантлар ҳужайраларнинг қариш жараёнини тезлаштириб, сурункали касалликларни чуқурлаштирадиган эркин радикалларнинг зараридан организмни ҳимоялайди. Инсон вужудида қанча антиоксидантлар кўп бўлса, одам соғлиги ҳам шунча яхши бўлади. Иммунитети суст организмга ҳар куни турли бактерия ва вируслар ҳамла қилади. Бу эса ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар, грипп каби касалликларга олиб келади. Хўжағат иммун тизимини мустаҳкамлайди. Натижада организм инфекцияларга қарши кураша бошлайди.
Яқинда олимлар малина таркибидаги кетон ёғларни эритишини аниқлади. Ушбу бирикма организмда кислородни истеъмол қилиш ва иссиқлик ажралиб чиқишини тезлаштирадиган ферментлар фаоллигини оширади. Бу эса ёғ ҳужайраларининг тез эришини таъминлайди.
Нотўғри овқатланиш натижасида таом яхши ҳазм бўлмайди. Қорин дам бўлади. Қабзият юзага келади. Бундай пайтда ичакка дағал толалар ёрдам беради. Битта малинада дағал толали озиқ моддаларнинг бир кеча – кундузлик меъёрининг 32 фоизи мавжуд бўлади. Кўплаб касалликлар яллиғланиш жараёни билан бирга кечади ёки уни келтириб чиқаради. Ушбу мева яллиғланишга қарши бирикмаларга бой. Ҳайвонлар устида ўтказилган баъзи тажрибалар малина сут бези, йўғон ичак, қизилўнгач ва бачадон бўйни саратонига қарши шифобахш доривор восита эканлигини кўрсатди. У саратон ҳужайраларининг ривожланишини сусайтиради ва уларни нобуд этади. Шунингдек, соғлом ҳужайраларни сақлаб қолади. Диабетдан азоб чекувчи кишиларга қондаги қанд миқдорини назорат қилиш қийинчилик туғдиради. Малина эса крахмални қандгача парчалайдиган муайян ферментларни “боғлаб қўювчи” бирикмаларга эга бўлгани туфайли, ушбу вазифани енгиллаштиради. Хўжағатда К витамини етарли миқдорда мавжуд. Шу сабабли у қоннинг ивишини нормаллаштиради ва протромбин миқдорини пасайтиради.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,
1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси