Жигарлар
Шифохона даҳлизида овсинлар – бирови бу бурчакда, иккинчиси – нариги бурчакда, терс қараган, лаб бурган, тўрсайган.
Бир қарич ерни талашиб, ўн беш йилдан бери гаплашмаётган бу икки аёл эрларини ҳам бир-бирига қайраб улгурган эди.
Ичкарида эса…
Аввал ака кўз очди.
Биринчи сўраган саволи:
– Укам яхшими?
Нариги хонада ука ўзига келди.
– Ҳамшира, – деди оҳиста инграб. – Донор… қаердан топилди?
– Сизга безовталаниш мумкин эмас…
– Ким деяпман? – беморнинг шивирлаган овози таҳдидона тус олди.
– Наҳотки билмасангиз?!
…Даҳлизда терс қараган овсинлар ҳамон ичкаридан мужда кутишаяпти. Телемухбир эса шифокордан интервью олишга чоғланиб, камерага қараб бурро-бурро гапираяпти:
– Қадрли телетомошабинлар, ҳозиргина мана шу клиникада ўта ноёб имплантация амалиёти муваффақиятли тарзда амалга оширилди. Ака жигарининг бир қисми укага кўчириб ўтқазилди…
Нуриддин ЭГАМОВ