Ўсмирлар олимпия ўйинларига яна бир йўлланмани қўлга киритди
Тошкентда спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати старт олгани ҳақида хабар бергандик. Кеча пойтахтдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди.
Юнон-рум кураши бўйича баҳсларда – 60 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Асилбек Неъматов қитъа чемпионатининг ҳал қилувчи финал баҳсида эронлик рақиби Шаҳин Муфрадни 11: 3 ҳисобида мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди ҳамда шу йилнинг октябрь ойида Аргентинада ўтказиладиган III ўсмирлар Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Шунингдек, Амирбек Султонов ва Муҳаммадали Сайдуллаев кумуш, Аброр Атабаев, Лазизхон Ўзбеков ҳамда Аброрбек Нурмуҳаммедовлар бронза медали соҳибига айланди.
Бугун юнон-рум курашида яна учта вазн тоифасида беллашувлар бўлиб ўтади. Шунингдек, мусобақа давомида аёллар кураши ва эркин кураш баҳслари ҳам ўтказилади.
Т. ОРТИҚОВА