Юртимизда дунёда биринчи бўлиб алоҳида бир давлат учун эркин иқтисодий зона ташкил этилади
Бу ҳақда Республика Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов маълум қилди.
“Савдо-саноат палатаси Чилонзор тумани ҳокимининг немис эркин иқтисодий зонаси тузиш бўйича тақдимотини тўла қўллаб-қувватлайди. Айтиш мумкинки, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо 193 мамлакат орасида бу алоҳида давлат учун ташкил этилган биринчи эркин иқтисодий зонадир. Ўйлайманки, германиялик инвесторлар буни муносиб баҳолашади”, – деган А. Икрамов.
Немис эркин иқтисодий зонасини Тошкент шаҳридаги “Алгоритм” мажмуаси базаси ўрнида, 16 гектардан ортиқ майдонда ташкил этиш режалаштирилган.
Шу кунларда Ўзбекистонга Германия ишбилармон доиралари вакилларининг икки томонлама ҳамкорлик тарихидаги энг кўп сонли делегацияси ташриф буюрган. Улар орасида Siemens, МАN, BASF, TUI Group, SAP, Deutsche Bank ва Commerzbank компаниялари, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакилларидан иборат катта гуруҳ бор.