Суваракларнинг одам саломатлиги учун қандай хавфлари мавжуд?

Давоми. Боши

 

Хонадонда сувараклар бўлса инсоннинг меъда-ичак тизимида хасталиклар ривожланади. Ундан ташқари иммун тизими кучсизланган организмга айрим бактерияларнинг тушиши сабабли оғир юқумли касалликлар юзага келишида қулай шароит яратилади. Уй сувараклари орқали вирусли касалликларнинг қўзғатувчилари ҳам тарқалади. Шундай қилиб улар инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланади. Ертўлаларда, канализацияларда ва ахлат тортадиган қувурларда каламушлар яшаб, улар вазиятни яна ҳам оғирлаштиради. Чунки кемирувчилар янада жиддий касалликлар қўзғатувчиларини тарқатади. Чордоқларда эса каптарлар яшайди. Улар ҳам қатор касалликларни тарқатишда муҳим роль ўйнайди. Бу паррандалар орқали тарқаладиган барча юқумли касалликларнинг қўзғатувчилари уй суваракларигача етиб боради.

Сувараклар озуқасиз узоқ муддат яшайди. Улар ҳар куни турли озуқа қолдиқлари, ноннинг увоқларини ейишади. Сувараклар ифлослантирган озиқ-овқат маҳсулотларини ташлаб юборинг. Аммо, зараркунандалар озуқа заҳираларигача етиб боради. Бу орқали улар одамлар саломатлигига катта зарар етказади.

 

Аллергияга ҳам сабабчи ҳашаротлар

Сувараклар яна нимаси билан одамлар учун хавфли? Маълум бўлишича улар астма (зиққинафас) билан оғриган беморларнинг энг катта душманлариларидан бири ҳисоблади. “Нонхўрак”ларнинг ахлатлари ва бошқа ажратмалари инсон учун кучли аллергенлардан ҳисобланади. Нобуд бўлган суваракларнинг тана қисмлари, хитинлари чанг билан аралашиб, аллергияси бор одамлар учун зарар етказади. Нафас қисиши хуружларидан ташқари, улар яна бир қанча касаллик белгиларини келтириб чиқаради. Буларга терининг қизариши ва қичиши, тошма, эшакеми, йўтал ҳамда томоқда қичишиш каби белгилар киради. Яна тумов, кўздан ёш оқиши ва унинг қичишиши ҳам ушбу ҳашоратлар сабабчиси бўлиши мумкин.

Одам сувараклар билан узоқ муддат контактда бўлиши оқибатида сурункали аллергик касалликлар фонида – ринит, конъюнктивит, дерматит, фарингит ривожланади. Айрим аллергик касалликлар билан оғриган беморларга суваракларнинг ҳидлари ҳам салбий таъсир этади.

Олимларнинг таъкидлашича АҚШ да 15 млн. нафаргача одамлар сувараклар билан боғлиқ ҳолда аллергик реакциялардан азоб-уқубат чекади. 80 фоиз болалар даврий равишда астма хуружларини бошидан ўтказади.

 

Сувараклардан инсонларга яна қандай зарар етиши мумкин?

Ошхонада озиқ-овқатлардан фойдаланиш чегараланган бўлса, улар бошқа жойдан озуқа қидиришга мажбур бўлишади. Албатта, сувараклар қон сўрмайди. Лекин улар терида қуриб қолган эпителий парчаларини ейиши мумкин. Ушбу жонзотлар қўл ва оёқлар териси ҳужайраларини ейиши ҳамда оғиз бўшлиғида нам шиллиқ пардалардан сўлакларни маълум муддат “ичиши” мумкин.

Яна ўқинг:  Узум

Ёш болалар оғзини очиб ухлаганлиги сабабли, айниқса, бу ҳашаротлар болаларга кўпроқ тунда яқинлашади ва инфекцион касалликларни юқтиришади. Улар болаларнинг тери парчаларини ейиши оқибатида терида яралар пайдо бўлади. Чунки уларнинг териси жуда нозик бўлади. Озуқа қидириб ва яшириниш мақсадида сувараклар қулоқ ичига кириб кетади. Бундай ҳолатда уларни қулоқдан шифокорларнинг ёрдамисиз чиқариб олиш жуда мушкул. Агар қулоққа суварак кириб қолса ноғора парда яқинидаги шовқин жуда қаттиқ бўлади ва асаб бузилишларига олиб келади.

Зараркунандалар кўпинча розеткалар, турли электр асбоблари ичига ўрмалаб киради. Бу қисқа туташувга олиб келади ва мол-мулкни таъмирталаб қилиб қўяди. Заҳарланган ҳашаротларни уй ҳайвонлари ейиши натижасида уларда заҳарланиш белгилари кузатилади. Шунга қарамасдан суваракларни албатта заҳарлаш керак. Йўқса улар кўпайиб, колониялар ҳосил қилиб олиши мумкин. Ушбу жонзотларнинг зарари жуда катта. Шунинг учун ҳам суваракларни албатта, йўқотиш зарур.

 

Улардан қандай холос бўлиш мумкин?

Айрим экзотик суваракларга қизиқиш ортаётган бўлишига қарамасдан бу жонзотлар энг хавфли зараркунандалардан ҳисобланади. Инсоният барча даврларда уларга қарши курашиб келади. Қаердаки сувараклар мавжуд бўлса антисанитария ҳолатининг яққол белгиларидан бири ҳисобланади. Уларга қарши курашишда, энг аввало, хонадонни тоза ва озода тутиш ҳамда гигиена қоидаларига қаътий риоя этиш зарур. Ахлатларнинг ўз вақтида тўкилмаслиги мўйловли жонзотларнинг бемалол ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратади. Бундай хонадонларда кучли заҳарловчи дори воситаларини қўллаш ҳам қисқа муддатли самара бериши мумкин. Шунинг учун ҳам биринчи навбатда хонадонларнинг тозалигини таъминлаш лозим. Уйда сувараклар яшаши ва кўпайиши мумкин бўлган барча тирқишлар ва ёриқларни суваб ташлаш керак. Ишлатилмайдиган эски буюм ва кийим-кечакларни олиб чиқиб ташлаш даркор. Суваракларни оч қолдириш – бу ишнинг ярми ҳисобланади. Энг асосийси уларни сувсиз қолдириш керак. Стол, пол, раковина ва ваннадаги ҳар бир томчи сув яхшилаб артиб ташланиши зарур. Улар узоқ вақт озуқасиз яшаши мумкин. Лекин “нонхўраклар” сувсизликка кўп дош бермайди.

Барча ҳудудларда профилактик тадбирлар даврий равишда ҳар ой ва ҳар квартал ҳамда ҳар йили белгиланган муддатларда ўтказилиши керак. Суваракларга қарши ишлатиладиган кимёвий моддалар ичида бура ва бор кислотаси бугунги кунда ҳам қўлланилиб келинади. Ҳозиргача суваракларда айнан мана шу кимёвий воситаларга ўрганиб қолиш ҳолати кузатилмаган.

Яна ўқинг:  Кўкатли ғилминди

 

Бор кислотаси ва бурани суваракларга қарши қандай қўллаш зарур?

Бура моддасини тенг нисбатда шакар ва ун қоришмасига аралаштирилади ва сувараклар тўпланадиган жойларга қўйилади. 1000 миллиграмм бор кислотаси 5 мл миқдордаги сувда эритиб, нон ушоқлари билан қориштирилади ва хонадондаги тешик ва тирқишлар, газ плитаси, раковина ва ванна атрофларига қўйиб чиқилади. Қирғичдан ўтказилган картошка билан бор кислотаси тенг нисбатда аралаштирилади ва юқорида таъкидланган жойларга қўйиб чиқилади.

Яна бир оддий ва жуда самарали воситани айрим мутахассислар тавсия этишади. Қурилишда ишлатиладиган алебастер ёки гипс ва унни тенг нисбатда аралаштириб, сувараклар кўп юрадиган жойларга қўйиб чиқилади. Уни сувараклар иштаҳа билан ейди. Алебастер ёки гипс эса уларнинг ичига кириб, қотиб қолади ва зараркунандани нобуд қилади. Халқ ўртасида қўлланиладиган усуллардан яна бири “музлатиш” саналади. Бунда нолдан паст ҳароратда хонадон маълум муддат шамоллатилади. – 5оС ҳароратда сувараклар нобуд бўлади. Бу усулни фақат қишда қўллаш мумкин.

Агарда хонадон эгалари суваракларга қарши кураш усулларини яхши билмасалар, у ҳолда махсус ташкилотларга мурожаат қилганлари маъқул ҳисобланади. Чунки ҳар қандай кимёвий дори воситаси ҳам эҳтиёт чораларини билиб қўлланилмаса, инсон саломатлиги учун зарар етказади.

 

Эркинжон ШАКАРБОЕВ,

ЎзР ФА Зоология институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари,

биология фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: