Юнус Ражабий номидаги маҳалла аҳли тўй-маъракаларни ихчамлаштириш тарафдори

Оила қуриш ҳар бир инсон ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб, ижтимоий аҳамият касб этади. Янги оила билан жамиятнинг энг муҳим бўғини вужудга келади. Зеро, оила соғлом бўлса, жамият соғлом, юрт тинч ва осойишта бўлади.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган Юнус Ражабий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган тадбирда ана шу масалалар юзасидан ўзаро фикрлашилди.

Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола маркази” бошқаруви раиси Раъно Зарипова барча йиғилганларни 2018 йил 29-30 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар маъқуллаган қонунлар билан яқиндан таништирди. Сенатнинг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорини батафсил тушунтириб берди. Мутахассис оилавий тадбирларни тартибга солиш нафақат фарзандлар келажаги учун, балки жамият учун ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади:

 

– Сенатнинг ушбу қарори билан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб ушбу масаланинг ОАВ, жумладан, интернет нашрларида фаол муҳокама қилинишини ташкил этиш, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида оилавий тадбирларни ўтказиш борасида шаклланган ўзига хос урф-одат ва анъаналарни аҳоли иштирокида чуқур ўрганиб чиқиш белгиланди. Ишчи гуруҳга муҳокамалар якуни бўйича асосланган таклифлар тайёрлаш ва лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига кўриб чиқиш учун тақдим этиш белгиланди. Шунингдек, Сенатнинг ушбу қарори билан тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларига мазкур масалаларни чуқур ўрганиб, Ишчи гуруҳга таклиф киритиш топширилди.

 

Маърузачи Олий Мажлис Сенатининг мазкур қарорни қабул қилишдан мақсади аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва фикрлар инобатга олиниб, Ишчи гуруҳ мазкур масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни янада мукаммал ишлаб чиқилиши кўзланганлигини таъкидлади.

Йиғилиш қатнашчилари сўзга чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ихчамлаштириб ўтказиш таклифини маъқуллади ва ўз таклифларини билдирди.

Миробод туманидаги 110-умумтаълим мактаб ўқитувчиси Хуршида Ашурова тўй арафасида куёвнинг уйини безатиш маросимларини ҳам тартибга солиш лозимлиги ҳақида айтиб ўтди:

Яна ўқинг:  СУРАТЛАРДА ЯРАТУВЧАНЛИК НАФАСИ

 

– Қалбингизни бир парчаси бўлган қизингизни бутунлай бегона хонадонга узатасиз, куёвнинг уйини безайсиз. Айрим қудалар ёқмаган буюм, сарпо-суриқ ҳақида бемалол эътироз билдиради. Бошқа одамлар билан қиз томон қилган сепларни солиштиради. Шу туфайли одоб доирасидан чиқилади, бўлажак қариндошлар ўртасида дилхиралик пайдо бўлади. Албатта, бу ҳолатларни тартибга солиш керак.

Ушбу маҳалла пойтахтдаги турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаётган намунали ошиёнлардан бири. Тўйлар борасида ҳам ўз анъана ва қадриятларига эга. Маҳалла идораси тўйхона билан ёнма-ён жойлашган. Жамоат бирлашмасининг кўпгина тадбирлари ҳам шу жойда ўтказилади. Камтарона, ихчам тўйлар ўтказиш борасида маҳалла аҳли яна бир хайрли анъанани бошлади.

 

Яккасарой тумани ФҲДЁ идораси билан ҳамкорлик масаласида шартнома туздик, – дейди маҳалла раиси Адҳам Зоҳидов. – Никоҳдан ўтаётганлар ота-онаси билан бирга, аввало, маҳалла идорасига мурожаат қилади. Маҳаллада бу масала бўйича комиссия тузилган бўлиб, улар ота-оналар ва ёшлар билан ФҲДЁ вакили иштирокида суҳбат ўтказади. Қолаверса, махсус сўровнома тайёрланиб, суҳбат жараёнида тўлдирилади. Унда тўйга битта санъаткор таклиф этиш, тўй ошини 200, никоҳ тўйини 150 кишидан оширмаслик ва бошқа йўл-йўриқлар билан таништирилади. Ихчам тўйлар ўтказиш ҳақида давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти тушунтирилади. Шундан сўнг, ёзма баённома тузилади. Бу усул билан ҳар бир оиланинг ушбу масала юзасидан фикрларини билиш, ёшларни ихчам тўйлар ўтказишга даъват этиш мақсадлари кўзланган.

 

Қизғин мунозараларга бой бўлган тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди тасдиқлаган лойиҳа асосида ўтказилди.

 

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: