Шифоталаб шифокорнинг изтироблари

“Тез ёрдам” машинасида автоҳалокатга учраган шифокорни нима ранжитади?

 

Шифокорлик муқаддас ва масъулиятли касб. Агар бирор касаллик билан оғриб, шифохона эшигини тақиллатсангиз, ушбу касб эгалари “лаббай” дея хизматга шайланади. Аммо шифокорнинг ўзи дардга чалинса, унга ким ёрдам беради?

Барно Бегманова 2010 йилнинг 16 июль санасида Чиноз туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида даволанаётган беморни тиббий кўрикдан ўтказиб, “Тез тиббий ёрдам” машинасида ортга қайтаётганда автоҳалокатга учрайди. У ўтирган автомобиль Тошкент – Термиз йўлида “Matiz” русумли машина билан тўқнашиб кетади. “Тез тиббий ёрдам” машинаси ағдарилиб, натижада шифокор оғир даражадаги тан жароҳатини олади. Йўловчи машина ёрдамида шифокор аёл марказий шифохонага олиб борилгач, шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилади. 7 соатлик операциядан сўнг унинг жароҳатланган оёқлари сақлаб қолинади.

Барно опа икки йил тўшакка михланади. Сўнг бир йил аравачада, кейин эса қўлтиқтаёқда юради…

Барно Бегманова 2005 йилдан буён Тошкент вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида невропатолог бўлиб ишлаган. Фожеадан сўнг III (аслида I) гуруҳ ногирони. Иш вақтида бўлган кўнгилсиз воқеа сабаб саломатлигини йўқотган бўлсада, ногиронлигини рўкач қилиб, уни вазифасидан озод этишади. Шифокорга ўзи фаолият юритган муассаса раҳбарияти томонидан ҳеч қандай моддий ёрдам, товон пули, нафақа ёки шу каби ёрдамлар кўрсатилмайди.

 

Ярим сония тақдирингизни ҳал этади

Бўлиб ўтган фожеа кўз ўнгимдан сира кетмайди, – дейди суҳбатдошимиз. – Чеккан азобларимни душманимга ҳам раво кўрмайман. Ҳозиргача енгил автомашинага ўтиришга юрагим, асабларим дош бермайди. Автобус ёки йўналишли таксиларга аранг ўтираман. Сабаби, инсон ярим сония ичида ҳаёт билан видолашиши ҳеч гап эмас экан.

Инсоннинг суянчиғи бўлгани яхши экан. Турмуш ўртоғимдан чексиз миннатдорман. Тўшакдан бош кўтаролмаган пайтларим икки қизим ёш эди. Мени умр йўлдошим овқатлантирган, ювиб-тараган. Қаровсиз қолдирмай, оёққа турғазиб, жамиятга қайтишимга сабабчи бўлган.

Кейинроқ хўжайиним менга нафақа пули олиш мақсадида ишхонамга борди. Аммо тиббиёт маркази ҳуқуқшуноси менга моддий ёрдам кўрсатилмаслигини, ногиронлик нафақасини Тошкент вилояти бандликка кўмаклашиш бошқармаси Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экпертизаси давлат инспекцияси (кейинги жумлаларда ТМЭК деб юритилади) тўлашини айтган. Хўжайиним ўша марказга ҳужжатларимни олиб борганда улар ҳам нафақа тўлашни рад этади. Ноилож адвокатдан ёрдам сўрадик. Хуллас, ўн ойдан сўнг ТМЭК томонидан менга даставвал I, сўнг II гуруҳ ногиронлик нафақаси тайинланди.

Яна ўқинг:  Элда эъзозли, оилада суюкли

 

Танаси бошқа дард билмас

2013 йил оилавий шароити оғирлашган Барно Бегманова ишга қайтишга мажбур бўлади. Уч йил давомидаги тиббий муолажалар уни моддий жиҳатдан анча толиқтиради. Бу пайтда у қўлтиқтаёқда юрарди.

Шифохона ҳуқуқшуноси ва касаба уюшмаси раиси II гуруҳ ногиронларининг ишлаши мумкин эмаслигини айтади (аслида мумкин). Уларнинг маслаҳати билан ТМЭКга ариза ёзиб, II гуруҳдан III гуруҳ ногиронлигига ўтади ва 85 фоиз меҳнат лаёқатини йўқотганлиги хулосаси билан ишга қайтади.

Шифохона ҳуқуқшуноси бир куни Барно Бегмановани ёнига чақириб, тўлиқ бандлик билан ишга олишини сўраб ариза ёздиради (аслида у ярим бандлик 0.5 бўйича ишлаб, тўлиқ бандлик пулини олиши лозим эди). Иш фаолиятида олган жароҳати сабаб ногирон бўлиб қолган Барно опа кейинчалик шифохона томонидан унга даволаниш пули, умрбод товон пули, ишламаса ҳам ойлик иш ҳаққини тўлиқ берилиши лозимлигини билади. Таниш адвокатдан бу ҳақда сўраганда, Барно опанинг ҳуқуқлари топталгани, айтганлари тўғри эканини таъкидлайди. Шундан сўнг у ўз ҳуқуқларини талаб қилади.

Шифохона ҳуқуқшуноси эса турли баҳоналар, қонунда бўлмаган гаплар билан Барно опанинг мурожаатларини рад этади. Бу вақт ичида шифохона раҳбари Т. Арзикулов Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига айлантирилгани сабаб Барно Бегмановани диагностик консультатив поликлиникада иш фаолиятини давом эттириши учун буйруқ чиқаради.

Барно Бегманова кутилмаган янгиликдан ажабланиб, раҳбарнинг қабулига киради. Раҳбар эса унга соддароқ қилиб, “сиз ногиронсиз ва бу жойда ишлашингиз мумкин эмас” деб тушунтиради. Иқтисодий ёрдамга муҳтож, меҳнат лаёқатини йўқотган шифокор аёл поликлиникада ишлай бошлайди. Шу билан у товон пуллари ва бошқа моддий ёрдам ҳақларини сўрай олмайди. Кейинчалик ўз ҳуқуқини талаб қилган ходим вазифасидан озод этилди. Ҳар томонлама кучли зарба олган шифокор дарди ичида қолади. Унга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. “Танаси бошқа дард билмас” деб шунга айтсалар керакда.

Шу зайлда йиллар ўтди. Икки нафар қизи тўлов шартномаси асосида олий ўқув юртига ўқишга киргани сабаб Барно опа яна ҳам қийин аҳволда қолади. Эр-хотиннинг топгани “қора қозон”га аранг етарди. Бир куни Барно опа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг меҳнат фаолияти бўйича қарорини ўқиб қолади…

Яна ўқинг:  “Ёрқин”даги бир кун

 

Суғурта пуллар кимнинг чўнтагига тушади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли қарори билан тасдиқланган қоидаларнинг 2-бандига асосан иш берувчи иш берувчининг ҳудудида ва унинг ташқарисида, шунингдек, иш берувчи берган транспортда ишга келиш ёки ишдан кетиш вақтида ходимнинг соғлиғига меҳнат жароҳати билан етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади.

Иш берувчи, меҳнат жароҳати ёки бошқа меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ равишда ходим соғлиғига етказилган зарарни, агар у етказилган зарар учун ўзининг айбдор эмаслигини исбот қила олмаса, ходимга етказилган зарарни тўлаши шарт. Шунингдек, йўқотилган иш ҳақини ва зарарнинг бошқа турларини тўлашдан ташқари, иш берувчи жабрланувчига бир йўла бериладиган нафақа тўлайди.

Мазкур қарордан сўнг Барно Бегманова бир қанча ташкилотларга мурожаат қилди. Афсуски, натижа йўқ.

 

Шу кунга қадар ўз ҳисобимдан даво муолажаларимни олиб келяпман, – дейди Б. Бегманова. – Бухгалтерия томонидан ҳам ойлик маошимдан солиқларни ушлаб қолишда имтиёзлар ҳисобга олинмаган. Шифохонамизда бошқалар қатори мен ҳам тиббий суғурта қилинганман ва ҳар ой маошимдан суғурта пули чегириб қолинган. Қани ўша суғурта пуллар, кимнинг чўнтагига тушган?

 

2017 йилнинг ноябрь ойида Барно Бегманова барча ҳужжатларни жамлаб, даъво аризаси билан Тошкент шаҳар, Миробод туман фуқаролик судига мурожаат қилади. Суд 2018 йилнинг апрель ойида ушбу даъвони кўриб чиқишни маълум қилган.

Умид қиламизки, Барно Бегманованинг судга мурожаати ижобий ҳал этилади. Суд иши якунлангач, бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod”мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: