Буғдой сўзинг бўлсин

Баҳор офтоби хуш ёққан Мукаррам буви “ғужғон” гуллаган ўрик дарахти тагидаги тахта супада ўтирганча, гулдан-гулга қўниб нектар йиғаётган асалариларнинг ҳаракатини завқ билан кузатарди.

Бувижон, ассалому алейкум, биз келдик, – кенжатой набираси Абдулҳамид ўзини бувисининг бағрига отди.

– Бувижон деган тилларингдан ўргилай, келинглар, келинглар, боядан буён кўзимдан ўтиб турувдиларинг, жуда яхши қилибсизлар, – набираларини бир-бир бағрига босиб, пешоналаридан ўпди Мукаррам буви.

– Биз сизга кўк сомса олиб келдик, ойижоним тандирда ёпти, – бижирлади Гулноза қўлидаги тугунчани хонтахта устига қўяркан.

– Кўклар ҳам етилиб қолибди-да, етказганига шукр, келинимнинг қўли дард кўрмасин.

– Озо, намунча, асалари кўрмаганмисан, анграймай, чиқ тепага, – синглисини туртди Зиёда.

– Йўқол, ўзинг чиқ, нега бақирасан, – бўш келмади Озода ҳам. Ҳозиргина юз-кўзидан табассум ёғилиб турган бувижон бирдан хомуш тортди.

– Бу нимаси, нега бунча бир-бирингизга қўполлик қиласиз. Кап-катта қизлар-а? Эшитган одам нима дейди, мени уятга қўясизлар-ку бунақада.

– Кўрмайсизми, ўзини, кампирларга ўхшаб имиллайди, – қип-қизариб кетди Зиёда.

– Гапимизга маҳлиё бўлиб, овозингни эшитмай қолгандир-да. Дарров қизишиб кетиш яхшимас. Биринчидан, Озо эмас Озода дегин, исмни тоқ айтиш гуноҳ ҳисобланади. Ширин муомала қилсанг ҳар қандай ёмон одам ҳушёр тортади. Яхши гапда, ширин муомалада ҳикмат кўп. Сен яхши гапирсанг, синглинг ҳам яхши гапиради. Озодахон, опанг бақирса, сен ҳам қўшилиб бақираверасанми? Биринчидан, у сендан катта, ҳурматини жойига қўйишинг керак. Иккинчидан, ёмонни ёмонлик билан эмас, яхшилик билан тўғри йўлга солиш зарур.

– Хўп бўлади, иккинчи бундай қилмайман, келинг бувижон, сомса совумасдан еб олинг, – деди Озода майин жилмайиб.

– Мана бу бошқа гап, барака топ. Ўзинглар ҳам ўтиринглар, дарров иссиқ чой дамлаб чиқ. Бир гурунглашиб чойхўрлик қилайлик, – чиройи очилди бувижоннинг. – Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Куннинг ҳам, одамларнинг ҳам қадрига етайлик.

– Одамларнинг қадрига етайлик, дейсизми, қандай қилиб етамиз? – баравар сўрашди болалар.

– Бирпас сабр қилсанглар айтиб бераман.

– Муҳаммаджон, Шаҳзод, Валишер, Хосият келинглар, бувижоним кутяпти, – укаларини чақирди Зиёда.

Яна ўқинг:  Стоматология соҳаси ривожланмоқда

– Хўп бўлади, – шовқин-сурон солиб қувлашмачоқ ўйнаётган болалар бир зумда бувилари ёнидан жой олишди.

– Кўрдингми, Зиёда пошшо, яхши гапнинг сеҳрини, шундай тўполончи укаларингни ҳам эритди-қўйди, – сирли жилмайди Мукаррам буви. Сўнг набираларига юзланди:

– Қани болаларим, айтингчи, қанақа эртак ўқияпсизлар?

– “Шарқ эртаклари”ни, – бараварига жавоб беришди улар.

– Бувижон, ана шу эртакда ёвуз дев, ҳатто, ялмоғиз кампир ҳам ширин муомала қилган шаҳзодага ёрдам берди. Яхши гап уларга ҳам ёқар экан, – деди Озода.

– Жуда тўғри, яхши гап жониворлар-у паррандалар, ҳатто, ўсимликларга ҳам хуш ёқади. Мана, Сардоржонни қаранг, жуда ширинсўз бола. У ҳовлида пайдо бўлса товуқлари баравар “қоқолаб” етиб келишади. Қушлар ҳам ундан чўчимай ёнида донлайверишади. Болам эккан кўчатлар бехато кўкаради. Чунки бу жониворларнинг ҳар бирига меҳр билан қарайди, – Сардорнинг бошини силади Мукаррам буви.

Боя одамларни қадрлайлик, дедим. Хўш, уларни қандай қилиб қадрлаймиз? Аввалам бор, ширин сўзимиз билан. Танишми, нотанишми саломингизни канда қилмасангиз, икки оғиз ширин сўзингизни аямасангиз бўлди, ўша одамнинг кўнглида ўзингизга нисбатан ҳурмат уйғотасиз. Одамнинг бошига тушадиган кулфат ҳам, саодат ҳам ўз тилидан келади. Тилни кераксиз сўзлардан тийиш, “Етти ўлчаб бир кесиш”, жаҳл чиққанда ҳам ўзини боса олиш марднинг иши. Қўпол одамга ҳам яхши муомала қилсангиз, у ҳам қилмишидан пушаймон бўлади. Ширин муомала биринчи галда қиз болага зарур. Агар ўзи чиройли бўлса-ю, тили аччиқ бўлса, ундан одамларнинг тезда ихлоси қайтади, ўзининг эса қадри тушади.

Тунов куни кўчага чиқиб турсам, иккита олифта қиз келяпти. Ёшига ярашмаган пардоз-андозидан ғашим келиб, юзимни “терс” ўгириб олдим. Улар бўлса, менга яқин келишгач, қўлларини кўксиларига қўйиб салом беришди, Наврўз байрами билан қутлашди, кейин қўшнимизнинг уйини сўрашди. Қизи тушмагурларнинг ширин тили эритдими, кўзимга бирам иссиқ кўриниб кетишди. Муборакхоннинг уйигача ўзим кузатиб қўйдим. Хаёлимга келган бояги гапдан хижолат бўлиб қолдим.

– Олифта қизларни ҳам яхши кўрадиган бўпсиз-да, – деди Зиёда.

– Йўқ, уларга пардозни ҳали эрталигини ётиғи билан тушунтирдим. Қизлар мени диққат билан тинглашди.

Яна ўқинг:  Тошкент халқаро конференцияси минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади

Ширин тиллилик, хушмуомалалик одамнинг қадрини оширади. Халқимизда “Буғдой нонинг бўлмаса ҳам, буғдой сўзинг бўлсин”, – деган нақл бор. Шуни унутманг, болажонларим.

– Гап билан бўлиб, чойни ҳам совутиб қўйибмиз Зиёдахон, чойни янгилаб келақол.

– Хўп бўлади, бувижон.

– Опажон, сиз ўтираверинг, мен дамлаб келаман, – ўрнидан “дик” этиб турди Озода.

Мукаррам буви уларга меҳр билан боқиб, ширин жилмайиб қўйди.

 

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: