Шодлик улашиб яшаш саодати
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳомиладорлик даврида аёлларнинг феъл-атвори ва саломатлигида бир қанча ўзгаришлар кузатилиб, бу даврда улар атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ниҳоятда таъсирчан ва кўнгилчан бўлиб қолар экан. Бу даврда аёл, вужудида улғаяётган гўдагининг дунёга келиш дамларини эслаб юраги энтикса, туғруқ жараёни эса унинг кўнглига ҳадик солиши табиий. Ана шундай дамларда ҳомиладор аёлнинг атрофидаги яқинлари, турмуш ўртоғи ва айниқса, аёллар шифокори – акушер-гинекологнинг далдаси ниҳоятда муҳим ва зарурдир.
Маълумки, ҳомиладор аёл ҳомиланинг илк даврларидан то ой куни тўлгунга қадар шифокор назоратида бўлиб, унинг кўригидан мунтазам ўтиб туриши лозим. Бу паллада акушер-гинеколог ёш бўлажак оналар учун меҳрибон дўст, маслаҳатгўйга айланиб қолади. Ўз-ўзидан шифокор ҳомиладор аёлнинг нафақат жисмоний ҳолати, ҳомиланинг тузилиши, балки бўлажак онанинг руҳияти ва уни айни даврдаги ички кечинмаларидан ҳам бохабар бўлмоғи даркор. Бемор кўнглига йўл топа билган шифокоргина эл орасида, қўли енгил, дея эъзозланади.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган «DOKTOR PROFI» хусусий клиникасида кўп йиллардан буён фаолият олиб бораётган акушер-гинеколог Зиёдахон Шермуҳаммедовани ана шундай шифокорлар сирасига киритиш мумкин. Тўғри-да, халқимиз эътирофи билан айтилганидек, шифокор аввало, ширин сўзи билан беморнинг оғриғу жароҳатига малҳам бўлади. Унинг очиқ чеҳраси, таклифу такаллуфи билан хаста дилларнинг дарди фориғ бўлади. Ўз навбатида, шифокорнинг билимдонлиги ва тажрибаси ҳамкасблари орасида ҳам қадрини юксалтиради.
Кўплаб хонадонларни чақалоқнинг ёқимли йиғиси-ю, беғубор кулгуси тутишида ҳисса қўшаётган, уларнинг бахтли лаҳзаларига гувоҳ бўлиб, бу шодон кунларда ўзининг улуши бор эканига дилдан қувонаётган Зиёдахон опа шифокорлик касби машаққатларини зумда унутади-ю, яна касбига иштиёқи ортади. Унинг аёллар шифокори бўлиши ҳам бежизга эмас, албатта.
«Электромагнит тўлқинининг асаб тизимига салбий таъсири» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси) ўқитувчиси Собиржон Розиқович қизалоғи Зиёдахонни ҳамиша ўзининг илм даргоҳига олиб бориб, лабораторияда ўтказилган турли амалий машғулотларни кузатишига, фарзандининг мурғак қалбида тиббиёт соҳасига нисбатан муҳаббат уйғотишга ҳаракат қиларди. Отанинг истаги ижобат бўлиб, Зиёдахон падари бузруквори ният қилганидек шифокор бўлди. Бундан ташқари у бахтиёр оила бекаси. Турмуш ўртоғи Ботир ака билан биргаликда фарзандлари Шоҳруҳ ва Жавоҳирларни тарбиялаб вояга етказмоқда.
Қуйида олий тоифали шифокор, акушер-гинеколог Зиёда Шермуҳаммедова соғлом оилани бунёд этишда ёшлар ва бўлажак ота-оналар нималарга эътибор беришлари лозимлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Ёш оилалар ўртасида муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари жуда кўп. Ушбу муаммоларга кўп ҳолларда оқу қорани таниган ота-оналар, бобо-бувилар ҳам сабабчи бўлиб қолмоқда. Балоғат ёшига етмаган қизларни турмушга узатиш, қариндош-уруғлар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлаш баҳонасида қуда-андачилик муносабатларини йўлга қўйиш, бу албатта, катталарнинг хатоси. Эрта никоҳ ўз-ўзидан эрта ҳомиладорликка олиб келади. Ҳомиладорлик натижасида ёш аёлда жисмоний зўриқиш ва турли руҳий ўзгаришлар рўй беради. Сабаби эса аён, тўлиқ вояга етмаган қизларнинг организми ҳали ҳомиладорлик ва туғруқ жараёни учун тайёр бўлмайди. Натижада эса бола ногирон туғилиши ёки бутунлай нобуд бўлиши мумкин.
Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг ҳам хатарли ришта эканини ҳанузгача англаб етмаган баъзи ота-оналар оға-иниси, опа-синглиси билан қиз олиб, қиз беришади. Минг афсуслар бўлсинки, ўйламай ташланган қадам уларнинг фарзандларида, ёинки келгуси авлодларида ўз асоратларини намоён этмай қолмайди.
Шу ўринда бир ҳаётий воқеани мисол қилиб ўтсам, таниш оиланинг отаси ўз укасининг қизини келин қилаётганини айтиб, мени тўйига таклиф қилди. Шифокорлик юзасидан бундай яқин риштанинг хавфи ҳақида тушунтирганимда, жияним тарбияли қиз-да, бегона қўлларда эмас, ўз қарамоғимда бахтли бўлса дейман, дея жавоб берганди. Тушунтиришларимга қарамасдан тўй ўтди. Орадан бир йил ўтиб ўша хонадонда чақалоқ йиғиси эшитилди. Аммо, бу гўдак овозидан оила аъзоларининг ҳеч бири хурсанд бўлишмади. Сабаби, туғилган бола туғма ногирон эди. Энди мудҳиш хато ва виждон азобини тасаввур қилаверинг. Хонадон каттаси ўз фарзандига қўшиб, яхши кўрган севимли жиянини ҳам бир умрга бахтсиз қилиб қўйди.
Бундай мисоллар ҳаётимизда кўплаб учрайди. Унга чек қўйилмас экан, қайта-қайта муаммолар гирдобида қолишимиз табиий. Қизларни эрта турмуш беришнинг зарарли оқибатлари, уларни тарбияси ва бирор касб-ҳунарли бўлишларида ота-оналар масъул эканлиги хусусида Президентимиз И. Каримов ҳам ўз маърузаларида бир неча бор таъкидлаб ўтганлар. Албатта бу мулоҳазалар жамият ривожида муҳим ўринга эга.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти мутахассисларининг фикрича, турмуш қуриш учун энг қулай давр бу – қизлар учун 20-22 ёш, йигитлар учун 23-25 ёш эканлиги таъкидланган. Руҳшунос олимларнинг аниқлашича, 21 ёшда бош мия тўлиқ ривожланиб, инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлашади. Шунинг учун, 21-27 ёш оралиғида она бўлиш аёллар учун қулай давр ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, бу борада юртимизда кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, кўпинча ёш оила қурган келинларимиз гинеколог-шифокорга мурожаат этиб, ўз соғлиқларидан шикоят қилишади. Тиббий текширувлардан шу нарса аён бўлдики, аксарият келинлар қизлик дарвида ўз соғлиғига эътибор бермасликлари натижасида бу хасталик кейинги ҳаётда ўзининг хатарли асоратларини намоён этади. Бунинг учун эса оналаримиз эътиборли бўлишлари лозим. Баъзида оналар ўз қизларининг нозик ниҳол эканлигини унутиб, мода ортидан қувиб кийинишларига кўз юмишмоқда. Натижада, улар сурункали шамоллаш ва шунга ўхшаш бошқа хасталикларни орттириб олишади.
Қиз боланинг энг биринчи сирдоши бу – унинг онаси. Ўз навбатида оналар қизларида рўй бераётган руҳий ва жисмоний ўзгаришлардан бохабар бўлиб турмоғи лозим. Бу борада биз аҳоли ўртасида кўплаб тушунтириш ишлари олиб борамиз. Оналар балоғат даври остонасида турган қизининг кўнглига қўл солиб, уларда юз бераётган жараёнлар хусусида дилдан суҳбат қуриши ёки гинеколог кўригига олиб келиши орқали келгусида юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини оламиз.
Шукрки, ўз саломатлиги ва фарзандининг соғлиғига эътиборли бўлган, тушунган баъзи ота-оналар қизларини гинеколог текширувига мунтазам олиб келишади. Бу билан эса улардаги мавжуд хасталикнинг сурункали тус олишини бартараф этиб, келажакда соғлом оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлишига кўмаклашган бўладилар.
Дарҳақиқат, шифокор Зиёда Шермуҳаммедова таъкидлаганидек, она ва бола саломатлиги – жамият ривожининг тамал тошидир. Бунга тиббиёт ходимлари билан бир қаторда, ота-оналар бўлиш арафасида турган ёшлар ҳам бирдек масъул бўлишлари шарт.
Маърифат ТОЛИПОВА,
“Соғлом авлод” мухбири