Яхши йил баҳоридан маълум…
Халқимиз азалдан Наврўз айёмида ўтказиладиган маросим ва миллий ўйинларнинг рамзий маъноси бор, деб билган. Бу кунда қилинган эзгу тилаклар, албатта, рўёбга чиқади, дея ишонишган.
Миришкор деҳқонлар Наврўз арафасида етти тахтача устига буғдой, арпа, шоли, жўҳори, тариқ, жавдар, мош каби донли экинларнинг уруғларини ёйиб, ҳар куни сув сепиб турганлар. “Қозон тўлди” куни ана шу донларнинг унишига қараб, келаётган мавсумда қайси экиндан мўл ҳосил олиш мумкинлиги чамаланган. Ушбу одат дастлаб Сосонийлар даврида шоҳ саройида ўтказилган бўлиб, янги йилнинг қандай келишини олдиндан тахмин қилганлар.
Наврўз байрами нишонланадиган кун – 21 март ҳафтанинг қайси кунига ва қайси мучалга тўғри келишига қараб ҳам келгуси йил тўғрисида турли тахмин, башоратлар қилинган. Шу куни сумалак, ҳалим, дарвешона ош каби махсус таомлар улкан қозонларда пиширилган. Қозон қанча катта ва унда пиширилаётган таом қанча кўп бўлса, йил яхши келади, деб ишонишган.
Байрам дастурхонларининг безатилиши хўжалик машғулотлари билан ҳам боғлиқ бўлган. Масалан, деҳқонларнинг дастурхони зироатчилик неъматлари билан тўлса, чорвадорларнинг дастурхонини гўшт ва сут-қатиқ маҳсулотлари эгаллаган.
Уй бекалари бу кунда ҳар йилги одатларига кўра “уй кўтарди”, яъни хонадондаги гилам, кўрпа-тўшакларни ташқарига олиб чиқиб ёйган, ҳаммаёқни супуриб, қиши билан исинишга мўлжалланган печка ва сандалларни ташқарига чиқарган. Шу куни танадаги бодни қувиш учун маросимий ўрик туршагидан тайёрланган шарбат ичилган.
Манзурахон УМАРОВА,
Фарғона вилоятидаги 21-умумтаълим мактаби ўқитувчиси