Мутолаага инновацион ёндашув
Китоб – садоқатли ҳамроҳ, энг яқин дўст ва бебаҳо бойлик. Бола тарбиясида унинг ўрни муҳим.
Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз эришган бетакрор ютуқларнинг сабаби ҳам китобдир. Шу боис, юртимизда аҳолининг мутолаа маданиятини юксалтириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги кунда ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари олдида турган асосий мақсад – маънан етук, яратувчилик, ижодий қобилиятга эга, билимли, мустақил фикрли шахсларни тарбиялашдир.
Бу мақсадларни рўёбга чиқариш ўқувчиларнинг китобхонлик даражасини юксалтиришга янгича ёндашувни талаб қилади.
Бу борада Хоразм вилоят Ахборот-ресурс марказида инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича “Сеҳрли сандиқча”, “Сторисек” (Тарих қопчаси), “Букроссинг” (китоб айланиши), “Кўк чамадон” ўйинлари ташкил қилинди. Мазкур ўйинларнинг асосий вазифаси ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китобхонликни энг муҳим маънавий, маданий эҳтиёж сифатида оммалаштиришдан иборат.
Марказда фаолият олиб бораётган “Моҳир қўллар” тўгараги томонидан “Сеҳрли сандиқча” ясалди. Унга болалар севиб ўқийдиган машҳур ёзувчиларнинг энг сара асарлари, фикр-мулоҳазалар дафтари, талаб-истаклар билдирилган хатлар солинди.
Шу кунларда сеҳрли сандиқча Урганч шаҳридаги 1-, 6–ва 7-умумтаълим мактабларига олиб борилди. Ундаги барча асарлар ҳар бир синф ўқувчилари ўртасида 10 кун давомида ўқиб чиқилади. Сўнг мутолаа қилинган китоблар юзасидан суҳбат ўтказилиб, ўқувчилар олган таассуротларини фикр-мулоҳазалар дафтарига қайд қилади ва талаб-истаклар билдирилган хатлар сандиқчага солинади.
Марказда ўқувчилар қалбида адабиётга бўлган ҳавасни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими, Урганч шаҳар ҳокимлиги маънавий-маърифий тарғибот бўлими, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вилоятимиздаги таниқли шоирлар ва ёзувчилар билан учрашувлар ташкил қилинмоқда. Болалар шоири Оллаберган Пўлат, драматург Қ. Муҳаммадризолар билан бўлган учрашувлар шулар жумласидан.
Янги технологиялар кун сайин ривожланиб, мамлакатда ахборотлаштириш жараёнлари илдам қадам ташлаётган ҳозирги даврда ёшлардан тезкор фикрлаш, янги маълумотларни зудлик билан топиш ва ўзлаштириш талаб этилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда марказимизда “Компьютер саводхонлиги” тўгараги ташкил этилган. Машғулотларга ўқувчилар дарсдан сўнг келиб, дастлабки кўникмаларни ўзлаштирмоқда, китоб мутолаа қилиб маънавиятини бойитмоқда. Фарзандининг бўш вақти фойдали ва мазмунли ўтаётганидан ота-оналар ҳам мамнун.
Назира РАҲМОНОВА,
Хоразм вилояти Ахборот-ресурс маркази директори