Тафаккур сандиғидан
Иммануил Кант
Рад этилишдан чўчимаслик керак. Бошқа нарсадан – сени тушунмасликларидан эҳтиёт бўл.
* * *
Ҳар бир фан фақат риёзиёт билан иноқлашгандагина мукаммалликка эришади.
* * *
Ташқи хотиржамлик фақат зоҳиран мавжуддир. Инсон табиатидаги пинҳоний шубҳалар уруғини таг-томири билан бартараф этмоқ жоиз. Бироқ, бунинг учун биз аввало бу куртакка эркинлик ва ҳатто озуқа беришимиз керак. Шундагина у ниш уриб, кўзга кўринади ва уни илдизи билан йўқотиш мумкин бўлади.
* * *
Оғзимиздан чиқаётган ҳамма сўзлар ҳаққоний бўлмоғи керак. Аммо бу, биз ҳар қандай ҳақиқатни очиқ айтишга мажбурмиз, дегани эмас.
* * *
Даҳолик – ўргатиб ҳам, ўрганиб ҳам бўлмайдиган истеъдод маҳсули.
* * *
Изтироб фаолият истагини уйғотади.
* * *
Саломатлик ҳолатидаги меҳнатдан кейинги ҳордиқ ҳар қандай жирканчлик аралашмасидан холи бўлган энг буюк ҳиссий лаззатдир.
* * *
Инсондаги қулайликка мойиллик ҳисси ҳаётда мавжуд бўлган ҳар қандай ёвузликдан ҳам ёмонроқдир.
* * *
Фикрларни эмас, фикрлашни ўргатмоқ керак.