Китоб – офтоб: офтобни чақага пуллаётганлар

Бир куни онам билан бозорга бордик. Барча керакли нарсаларни харид қилибмиз-у, фақат зираворлар олиш ёдимиздан кўтарилибди. Шошиб зиравор сотадиган холанинг ёнига бордим.

Онахон олдидаги қоғозлардан қўлбола қадоқ тайёрлади-да, унга зира, қалампир, мурч солиб, қўлимга тутқазди. Уйга келгач, бу маҳсулотларни ўз идишларига солдим. Кейин сотувчи хола ўраб берган қоғозларни текислаб, ўқиб кўрсам, унда шундай сўзлар ёзилган экан:

– Қачон юбормоқчи бўласиз энди? – деб сўради Офтобойим. Қутидор бироз ўйлаб олғач, Кумушга қараб жавоб берди:

– Отабек билан кетма-кет чопишмоғимиз ҳам унча маъқул кўринмайдир. Ундан сўнг қиш куни арава сафари ҳам қулай иш эмас. Шунинг учун орадағи уч ой қишни ўтказиб жўнармиз, – деди…

Бу, шубҳасиз, аср ошган асарлар қаторидаги Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидан парча эди. Шунда ўйланиб қолдим. Наҳотки, ёзувчи бобомиз ушбу романни минг машаққатлар билан бозорда зираворлар ўраб бериш учун ёзган бўлса? Китобнинг атига бир варағи менда, аммо қолганлари кимнинг қўлида экан? Демак, бу асарнинг бугунги ҳолига ачинганларнинг сони кам эмас…

***

Бир куни синглим билан йўл четидаги сотувчидан писта сотиб олдик. Сотувчи хола пистани қоғоз “воронка” ичига солиб, қўлимизга тутқазди. Йўл – йўлакай суҳбатимиз қизиб, манзилга яқинлашиб қолганимизни ҳам сезмабмиз. Бобомнинг уйига эшик қоқиб киришимиз билан, киши бизга, аниқроғи, қўлимиздаги қоғозга тикилиб қаради. Саломлашиб бўлгач, бизни ёнига ўтқаздида, “Биласизларми, бу нима?” – деб, қўлимиздаги қоғозга ишора қилди. Очиғи, “бирор хато иш қилиб қўйдикмикан” деб жуда қўрқиб кетдик. Аммо бувам қоғозни қўллари билан текислаб, ундаги чиройли, болаларча соддалик билан чизилган суратга синчковлик билан қаради-ю, сўзини давом эттирди:

– Қизларим, нега китобнинг варақларини йиртиб олдингиз, Ахир… деди-ю, чуқур хўрсиниб қўйди.

Писта ўралган қоғоз ўзбек халқ эртаклари китобининг бир варағи экан. Бувамнинг айтишича, унинг отаси халқ эртакларини йиғиб, болаларга айтиб беришни ёқтирган экан. Донишманд бобомнинг билимли инсон бўлишига ҳам эртаклар сабабчи бўлган десам муболаға бўлмас. Бобожоним доим бир нарсани уқтириб келади: ота-она каби китоб ҳам инсонни тарбиялайди. Улар фарзандни камолга етказса, китоб маънавий баркамолликка етаклайди. Шундай экан уни ота-онангдай ҳурмат қил, авайла, ўзгалар қўлида асло қадрсизлантириб қўйма…

Яна ўқинг:  Жонларга жондош яхши одамлар

Шу куниёқ бу варақларни кутубхонамиздаги энг қадрли китоблар орасига қўшиб қўйдик. Мана, энди билдим, бобом биздан нега ранжиганлигини!

***

Бугун китоблар сони кўпайган, аммо улар орасида минг битта жавоҳирга алишмайдиган асарларимиз ҳали-ҳамон ўз мавқеини йўқотмаган. Йиллар ўтгани сайин уларнинг қадр-қиммати ҳам ортиб бормоқда. Энг яхши совға китоб дейишса, авваллари ишонмасдим. Аммо, энди амин бўлдимки, чиндан ҳам китоблар умримиз давомида бизга ҳамроҳлик қиладиган бебаҳо бойлик экан.

Америкалик сиёсатчи Линкольн таъкидлаганидек: “Энг яқин дўстим, менга ҳали ўқимаган китобимни совға қилган инсондир”. Бунга жавобан “Зарарли инсон ўз халқи бойлигини бўлаклаб, пулга чақадиган инсондир”, дейишимиз мумкин. Китобнинг варақларини йиртиш осон, аммо ҳақиқий инсон бўлиб уни қадрлаш, эъзозлаш қийин.

Улуғ мутаффакир бобомиз Абу Райҳон Беруний шундай дейди: “Менинг ҳамма истакларим, бутун вужудим ила илм тарқатишга қаратилгандир ва мен буни ўзим учун энг улуғ бахт деб биламан”.

Китобларни ўзгаларга улашиш яхши, аммо писта ёки зираворларга қўшиб эмас.

Мардона ЗОКИРОВА,

Ангрен ахборот технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: