Обод уйда ором топганлар

Қўлида калит кўтарганча эшикдан югуриб уйга кирган Жавоҳир меҳмонлар ўтирган хонага келганда тўхтаб қолди. Ҳаяжондан нафаси тиқилди:

– Энди ҳар куни боғчага ўзимизнинг уйимиздан бораман.

Ўз гапидан боланинг завқи келди:

– Эҳ-ҳей, энди ўз уйимиз бор. Меҳмонлар “ҳангу-манг” қолишди. Унинг қувноқ ҳаракатларидан нимадир англашга уринишди. Шу пайт кичкинтойнинг ота-онаси ўғлининг ортидан хонага “Ассалому алайкум”, дея табассум билан кириб келишди. Яқинлари билан ҳол-аҳвол сўрашишга улгурмасдан туриб, Жасурбекнинг ёнига келган ўғли ширингина тили билан – “Дадажон, сюрпризни ҳаммага, сиз, мен, ойим бирга айтайлик”, деб ўзича эркаланди. Ҳамма савол назари билан уларга қаради.

Бугун хонадонимиз қуриб битказилганлигини айтиб, қўл телефонимга қўнғироқ қилишди. Калитни олиб кетишим мумкинлигини айтишганида тўғриси, ишонмадим. Шу сабаб, ишдан тўғри хонадонимиз жойлашган Сергели мавзесига бордим. Битказилган уйни ўз кўзим билан кўриб, кейин сизларга кутилмаган совға қилгим келди, – дея табассум қилган Жасурбекнинг юзидаги хурсандчилик оила аъзолари, яқинлари юзига кўчди. Ҳамма ёш оилани табриклашга тушишди.

Бугунги кунда бу каби уй-жойларнинг қуриб, хонадон эгаларига топширилиши, Жасурбек каби кўп оилаларнинг қувончига сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг бошида қурилиши бошланган мазкур уй-жойлар бугун тўлиқ якунига етказилди. Шинам ва замонавий кўп қаватли турар жойлар давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қуриб битказилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган давр мобайнида қурилиш ишларининг бориши билан бир неча маротаба танишди, қурувчиларга керакли топшириқлар берди.

Бу уйларни бировларга кўз-кўз қилиш учун эмас, аҳоли манфаатларини ўйлаб, бунёд этмоқдамиз, – деди Президентимиз. – Шундай экан биноларни замон талабларига мос қилиб қуриш керак. Бундан ташқари уйларни сақлаш, тўғри фойдаланиш ҳам бурчимиздир. Бу борада шу ерда яшовчиларнинг масъулиятини ошириш, уларда ўз уйи учун жавобгарлик ҳиссини кўчайтириш лозим.

Илгари бу каби уйлар йиллар давомида қурилар эди. Бугун қурувчиларимиз бу борада етарли тажриба тўплаб, иншоотларни сифатли ва тез қуриб фойдаланишга топширмоқда. Уйлар асрлар ёки йиллар давомида эмас, балки бир неча ойда бунёд бўлгани айни ҳақиқат.

13 гектар майдонда 66та кўп қаватли уй-жой қад ростлади.

1,2, 3 хонали бу уйлар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилди. Уйлар атрофида 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли умумтаълим мактаби, 61-сонли оилавий поликлиника, ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, велотрассалар барпо этилган.

Яна ўқинг:  ЎН ТЎҚҚИЗ ЁШЛИ ЧЕВАР

Бундан ташқари мавзеда хизмат кўрсатиш тармоқлари ташкил этилди, янги иш ўринлари яратилди.

Шаҳримизда амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлардан инсоннинг баҳри-дили очилади. Бу албатта давлатимиз, хусусан, Президентимиз томонидан аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилаётган эътибор самарасидир. Мана шундай барча шарт-шароитларга эга бўлган, янги уйларда яшаш ҳар бир ўзбек оиласининг орзу-умидларидан бири. Худди шундай эзгу истаклари ушалган оилалардан бири эканлигимиздан бошим кўкка етди. Ёш оила сифатида, албатта, давлатимиз томонидан қурилган мана шундай қулай шароитли, шинам ва албатта арзонлаштирилган уйларга кўчиб ўтиш бу катта фахр ва умид нишонасидир. Мен оилам билан янги 2018 йилни мана шундай замонавий қурилган уйда кутиб олишдан жуда хурсандман. Ва, албатта бундай имкониятни яратиб бергани учун давлатимиз, хусусан, Президентимизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман, – дейди Жасур Ҳусаинов.

Ватан остонадан бошланади. Ушбу нақл ўзига хос боқий қадриятнинг ёрқин ифодаси, десак, айни ҳақиқат. Зеро, остона деганда, аввало, оила, хонадон, маҳалла кўз ўнгимизда гавдаланади. Чин инсоний, эзгу фазилатлар ҳам табиийки, оилада, биз истиқомат қиладиган хонадонда шаклланади. Ҳар бир инсоннинг ўз гўшаси, ўз ватани бўлса кўнгли тинч, бахти бутун бўлади.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: