Кайфиятни кўтарадиган егуликлар

“Овқатинг дори, доринг овқат бўлсин”, дейди донолар. Егуликлар танимизга куч бериш, шифо бўлишдан ташқари кайфиятга таъсир этиш хусусиятига ҳам эга.

Мутахассислар инсон кайфиятини кўтарадиган таомлар рўйхатини тузиб чиқди. Уларни тановул қилганингиздан сўнг, 15-20 дақиқа ўтгач, роҳат ва шодлик ҳиссини туясиз.

Егуликларимиз таркибида деярли доим ҳозиру нозир бўладиган сабзавот бу картошкадир. Уни севадиганлар кўп, ҳатто миллий таомимиз паловга ҳам соладиганлар топилади. Картошкадан тайёрланган таомлар организмда серотонин моддаси ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади. Бу модда одамга хуш кайфият ва бахт ҳиссини беради.

Яшил баргли сабзавотлар вужудимизда фоли кислотаси – M витамини пайдо бўлишига ҳисса қўшади. Олимлар фикрича, бу кислота етишмаслиги одамда сиқилиш ва хавотир туйғусини уйғотади. M витамини карам, салат барги ва кўкатларда кўп.

Ёғли аминокислоталарга эга маҳсулотлар ҳам кайфиятни кўтаришга муносиб ҳисса қўшади. Ёнғоқ, бодом, балиқ ва турли ўсимлик мойлари ана шундай маҳсулотлар сирасига киради.

Бу борада цитрус мевалар ҳам жуда фойдали. Мандарин, апельсин каби мевалар мияга хурсандчилик гармонлари ишлаб чиқаришда кўмаклашади. Вужудимизни B, C витаминлари ва асаб тизимини мустаҳкамловчи микроэлементлар билан бойитади. Лекин меъёрни билиш шарт. Акс ҳолда, хуш кайфият ўрнига юзингизга қизил доғлар тошиши, турли аллергик тошмалар пайдо бўлиши мумкин.

Ҳайратланарлиси, аччиқ егуликлар ҳам эндорфинлар даражасини оширади. Овқатга қалампир қўшиб ейиш кишида енгил кайфият уйғотади. Албатта, бунда ҳам қачон тўхташни билиш зарур.

Тўғри, айрим мева-сабзавотларни сотиб олишнинг доим ҳам иложи йўқ. Лекин пишиқчилик мавсумида имкониятдан фойдаланиб қолиш керак. Масалан, қулупнай апрель-май ойларидагина ҳосил беради, холос. Бу мева таркибида B, C, E витаминлари, магний ва кальций минераллари бор. Саналганларнинг барчаси асаб импульсларини кучайтиради ва эндорфин ҳосил бўлишига кўмаклашади. Бундан ташқари, қулупнайнинг ёрқин ранги ҳам яхши кайфият бағишлайди.

Шодлик ва бахт ҳиссини беришда овқат бирламчи эмас. Бу туйғуларга ижтимоий фаолият, ён-атрофдагилар билан муносабат, ҳиссий-руҳий ҳолат, саломатлик катта таъсир кўрсатади. Ҳаётини тўғри йўлга қўйган киши овқатланишни ҳам тартибга сола билса, фақатгина ижобий натижаларга эришади.

 

Орифжон Мадвалиев тайёрлади.

Яна ўқинг:  Тиббий-ижтимоий ёрдам: фаолият такомиллашмоқда

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: