Масъулият, синчковлик ва билим

муҳаррир маҳоратини рўёбга чиқарувчи бош омил

Китоб – маънавият кўзгуси. Ҳар бир миллатга баҳо берилар экан, аввало, унинг маданияти, санъати ва бадиий тафаккурига эътибор қаратилади, илмий салоҳияти инобатга олинади. Юртимизда кейинги йилларда ноширлик фаолияти янада ривожланмоқда. Қатор хусусий нашриётлар фаолият юритаётир. Бу эса китобхонларнинг турли мавзудаги китобларни мутолаа қилишига имкон яратяпти. Аммо соҳада камчиликлар ҳам йўқ эмас.

Баъзи нашриётларда чоп этилаётган асарларнинг савияси, ундаги имло хатолар, жумлалар ғализлиги ўқувчининг ғашига тегаётгани ҳам бор гап. Хўш, бу муаммоларни бартараф этишнинг йўли борми?

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги мажлислар залида адабиётшунос олим, моҳир таржимон Иброҳим Ғафуров билан ўтказилган учрашувда шу каби саволларга жавоб изланди.

Муаллиф, нашриёт ва муҳаррир, жамоатчилик, китобхон ҳамда китоб савдоси бир-бири билан уйғун. Уларни айри тассавур қилиб бўлмайди. Зеро, чоп этилаётган асар учун жараён доирасидаги ҳар бир киши жавобгардир. Айниқса, нашриёт фаолиятида муҳаррирнинг тутган ўрни беқиёс. Ўзбек ноширлик тарихида Асқад Мухтор, Ваҳоб Рўзиматов каби моҳир муҳаррирлар ўзидан ажойиб мактаб қолдиргани, у мактаб тарбиячилари бугунги ноширчилик, газета ва журналлар фаолиятида беминнат хизмат қилаётгани сир эмас. Айни пайтда шиддат билан ривожланаётган замон эса муҳаррирлардан ҳам ихтисослашувни талаб этмоқда. Бу яхши, албатта. Ҳатто бадиий адабиётда ҳам назм, наср, таржима асарларини ўқий оладиган, унинг ифода услуби, ғояси, аслиятини асраб қола оладиган муҳаррирлар миллат маънавиятини янада юксалтиради.

Юртбошимиз томонидан ёшларни билимли ва ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратиляпти. Ана шу саъй-ҳаракатларнинг бири сифатида улғайиб келаётган авлоднинг чет тилларини пухта ўзлаштиришига эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу жараён эса бадиий таржимага ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатяпти. Бугун ўзбек таржимонлари инглиз, япон, хитой тилидаги асарларни таржима қилишмоқда. Аммо уларни асли билан солиштира оладиган муҳаррирларга эҳтиёж кун сайин ортаётгани бор гап. Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун эса соҳада ихтисослашув жараёнини тезлаштириш зарур бўлади. Нашриётлар сони ортгани сари чоп этилаётган асарлар орасида ғоявий бўш, мавзу кўлами тор асарлар ҳам учраб турибди. Энг қизиғи, китобхон оммаси бугунги ўзбек адабиётига ўша китоблар доирасида баҳо бермоқда. Мазкур муаммони бартараф этиш учун эса юртимиз бўйлаб “Китоб байрамлари” ташкил этиш, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари билан учрашувлар уюштириш, уларнинг бадиий тафаккурини ошириш мақсадга мувофиқдир. Зеро, улуғ бобомиз Чўлпон айтганидек: “Адабиёт яшаса – миллат яшар”.

Яна ўқинг:  “Тақ, тақ”, сизга мактуб бор!

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: