Бугундан бошлаб барча мобил қурилмалар автоматик тарзда рўйхатга олинади
30 март куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш Вазирлигининг Алоқа тарихи музейида “Республикамиз ҳудудларида мобил алоқа тармоқларини кенгайтириш ва мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида” матбуот анжумани ўтказди.
Ахборот технологияларини жорий этиш мамлакатимиз учун муҳим иқтисодий ва ижтимоий аҳамият касб этади. Мамлакатимизнинг рақобатбардошлилик даражасига бевосита таъсир кўрсатади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 22 миллиондан зиёд мобил алоқа абонентлари, шунингдек, 16 миллиондан кўпроқ мобил интернет фойдаланувчилари мавжуд. Республикамиздаги мобил алоқа тизими АКТ соҳасининг барча йўналишларини ривожлантиришда улкан аҳамиятга эга. Айнан шунинг учун матбуот анжуманида ҳудудларда мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш, аҳолига ҳамда корпоратив мижозларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва инфратузилмаларини модернизациялаш масалалари муҳокама этилди.
Мобил алоқа операторлари иштирокида ўтган тадбирда мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш, янги хизматлар ва технологияларни жорий этиш борасидаги тақдимотларини ўтказдилар.
2019 йилда Ўзбекистон мобил алоқа операторлари республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб 3000 та янги база станцияларини ўрнатади.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимининг жорий этилиши мамлакатимизда 2019 йилнинг 1 апрелидан бошланади.
Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимининг оператори сифатида “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” Давлат унитар корхонаси белгиланган бўлиб, мазкур корхона негизида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими ўрнатилди.
Мазкур тизим Республикамизнинг барча GSM-операторлари тармоқларига уланган бўлиб, улар ўртасида “онлайн” режимида ўзаро маъулумот алмашиш имконини беради. Шунингдек, мазкур тизим импорт қилинадиган мобил қурилмаларнинг регистратори вазифасини бажаради.
1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон GSM-операторлари тармоқларида фойдаланиладиган барча мобил қурилмаларнинг автоматик тарзда рўйхатга олиш амалга оширилади.
Қурилмани автоматик рўйхатдан ўтказганлик учун ҳақ олинмайди.
Ҳисобга олиш ва қурилмани рўйхатдан ўтказиш тизими қуйидагилардан фойдаланишни чеклашга имкон беради:
1) контрафакт қурилмаларни – яъни IMEI-коди қурилманинг ҳақиқий моделига мувофиқ келмайдиган қурилмани,
2) ўғирланганлик ёки йўқотганлик сабабидан “қора рўйхат”га кириб қолган қурилмани,
3) божхона назоратидан ўтмаган қурилмаларни.
Телефон сотиб олишдан аввал қурилма IMEI-коди мақомини тўғрилигини – UZIMEI.UZ тизимининг расмий сайтида текшириб олиш тавсия этилади.
Ҳисобга олиш ва рўйҳатдан ўтказиш тизими, шунингдек, GSMA ассоциацияси билан ахборот алмашинувини ўрнатишга, қолаверса, ўғирланган ёки йўқолган абонент қурилмалари рўйхати алмашинувини йўлга қўйиш имконини беради.
Ҳозирги пайтда GSMA базасига 43 мамлакатнинг 118 та мобил оператори уланган. Бельгия, Чили, Коста-Рика, Кипр, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Гана, Венгрия, Ирландия, Италия, Мальта, Норвегия, Португалия, ЖАР, Швеция, Буюк Британия, Венесуэла шулар жумласидандир. GSMA билан ахборот алмашинуви бошқа мамлакатлар ҳудудида ўғирланган ёки йўқолган қурилмаларни ишлатишни чеклаш имконини беради. Айни пайтда, Ўзбекистон ҳудудида ва аксинча GSMA га аъзо компаниялар тармоқларида Ўзбекистон Республикасининг “қора рўйҳати”га киритилган қурилмаларни ишлатишнинг имкони бўлмайди.
Мобил терминалларни ҳисобга олиш назорати тизими қуйидагиларга имкон беради:
1. Абонент қурилмаларидан фойдаланиш ёки ўғирланган қурилмалар билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш ва аниқлаш.
2. Ўзбекистон Республикасига ноқонуний, контрабанда йўл билан абонент қурилмаларини олиб келинишини чеклаш.
3. Харидорларга абонент қурилмаларини сотиб олиш пайтида уларнинг мақомини текширишга, харид қилинаётган маҳсулот сифати ва сервис хизмати кафолатини таъминлашга ёрдам бериш.
4. Хавфсизлик талабига жавоб бермайдиган контрафакт абонент қурилмаларидан фойдаланишни камайтириш ҳисобига фуқаролар соғлиғи ҳимоялаш.
5. Контрабанда ва контрафакт абонент қурилмалари ноқонуний айланмасининг пасайиши ҳисобига телекоммуникация бозорида соғлом рақобатни таъминлаш.
Матбуот анжуманида муҳокама қилинган масалалар миллионлаб абонентлар учун ўта муҳимлиги сабабли Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш Вазирлиги мутахассислари журналистларга мурожаат қилиб, аҳолини мобил алоқа қурилмаларини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизимининг жорий этилаётгани юзасидан кенг хабардор қилишни сўрашди.
Ўз навбатида, Вазирлик 2019 йил мобайнида Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари учун ноқулайлик туғилишининг олдини оли#ш ва аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида кенг тушунтириш ишларини йўлга қўяди.
Амал Солиева