Нуфузли анжуманда қайд этилган қадриятлар ёки фарзанд тарбиясида оила институтининг ўрни

Оила – муқаддас гўша. Кишилик жамиятининг гултожи. Инсон, энг аввало, оилада тарбияланади ва шахс сифатида камол топади. Бирор одам эзгу иш қилса, уни тарбиялаган ота-онасига раҳмат айтамиз. Бир сўз билан айтганда бола – оила кўзгуси.

Шунга кўра юртимизда оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу муҳим бўғинда ижтимоий-маънавий соғлом муҳитни қарор топтириш, пировардида ўғил-қизларимизнинг онгу шуурига эзгулик, бунёдкорлик ғояларини чуқур сингдириш, бугунги мураккаб замонда уларни турли ёт ғоялар ва мафкуравий хатарлардан асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайгани эътирофга молик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 11 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида сўз юритиб, “Бугунги глобаллашув шароитида ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асосини ташкил этадиган асл ва фундаментал қадриятларни унутмаслигимиз лозим”, дея таъкидлади. Юртбошимиз ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзуида халқаро конференция ўтказишни таклиф этгани эътиборга лойиқ.

Албатта, оилада вояга етаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш масаласи кўп жиҳатдан ота-оналарнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва тиббий билимлари даражасига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан маҳаллаларда аҳолининг, айниқса, ота-оналар, ёш оилалар аъзоларининг ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, тиббий, педагогик ва психологик соҳалардаги билимларини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчил олиб борилаётгани айни муддао бўлмоқда.

Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган давлатдир.

“МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш “майдони” эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир. Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир.

Шу муносабат билан биз Ўзбекистон Республикаси Миллий координатори мақомини Ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтаришга қарор қилдик. Шунингдек, биз МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштирокимизни қайта тикладик.

Яна ўқинг:  Халқаро тиббий ҳамкорлик

Биз бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдормиз. МДҲнинг биз аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёрмиз. Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилади. Сизлар қўллаб-қувватласангиз биз 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз”, – дея таъкидлади Юртбошимиз.

Ҳамдўстлик доирасида ҳамкорликнинг янги шаклларини топиш зарурлиги тўғрисида сўзлар экан, Президентимиз қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирди: “Бугун ҳаётнинг ўзи эскича ёндашувлар самарасиз эканини яққол тасдиқламоқда. Асосий эътиборни конструктив амалий ҳамкорликка қаратиш лозим. Биз шиддат билан олдинга қараб ҳаракат қилишимиз зарур”.

Туризм ривожланган мамлакатларда “хавфсиз туризм” атамаси қўлланилмоқда. “Хавфсиз туризм” лойиҳаси юртимизга келган сайёҳлар ва меҳмонларнинг хавфсизлигини таминлаш, улар учун замонавий шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўзда тутади.

Туризм мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёҳлик соҳасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим омил бўлмоқда.

Куни кеча Президентимиз Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида “Хавфсиз туризм” концепциясини амалга ошириш лойиҳаси билан яқиндан танишди. Юртбошимизга янги сайёҳлик йўналишларини очиш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қилинаётган ишлар, 2018 йилда келиши кутилаётган сайёҳлар оқими ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев МДҲдаги нутқида унга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини 2020 йилга қадар ривожлантириш стратегияси амалга оширилишини биргаликда таҳлил қилиш ва аниқ ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида Ҳамдўстликнинг Туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлисларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф қилди.

Транспорт ва коммуникациялар ҳамкорликнинг стратегик муҳим йўналиши ҳисобланади. Ўзаро интеграциялашган транспорт тизимларини ривожлантириш, Ҳамдўстлик минтақасининг улкан транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш барча учун манфаатли. Маъмурий жараёнларни такомиллаштириш ва ўзаро имтиёзлар бериш бу борада муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз МДҲда Ўзбекистон иштирокининг устувор йўналишларидан бири сифатида Ҳамдўстлик маконида ҳеч қандай истисно ва чекловларсиз тез фурсатда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш, самарали интеграциялашган транспорт тизимини ривожлантириш, амалий илмий-техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги алмашинувни кенгайтиришни алоҳида таъкидлаб ўтди.

Яна ўқинг:  Тарбия учун энг яқин кўмакчи

Ушбу нуфузли йиғилишда Афғонистондаги вазиятга ҳам эътибор қаратилди. Жиноий даромадларни легаллаштириш, коррупция, терроризм, наркобизнес каби глобал хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди.

“Афғонистондаги мураккаб вазият жиддийлигича қолмоқда. Ўзбекистон Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича кўмаклашишга тайёрлигини билдиради”, – деди Президент Шавкат Мирзиёев. Шунингдек, иштирокчиларга терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши муросасиз курашиш соҳасида ҳамкорлик қилишни таклиф этди.

Ёшларнинг ақлий салоҳияти, маънавияти ва дунёқарашини юксалтиришда китобнинг ўрни беқиёс. Юртимизда китобхонлик маданиятини янада ошириш, айниқса, ёш авлодни мутолаага ундаш каби вазифалар олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутоласи ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорида бу вазифалар кенг қамровда ўзининг аниқ ифодасини топган. Мазкур қарорда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этиш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши алоҳида эътиборга молик.

Амалий илмий-техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги алмашинувни кенгайтиришга ҳамкорликдаги ҳаракатларимизнинг устувор йўналиши сифатида қараймиз. Биз Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан биргаликда тўплаган тажрибамиз асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурлар, юқори технологиялар соҳасида лойиҳалар, шунингдек, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришни таклиф этамиз, – деди Президентимиз

Шавкат Мирзиёев.

Хулоса ўринида шуни айтиш жоизки, ўзбекона қадриятлар асосида тарбия кўрган ёшларимиз дунё тинчлигига рахна солаётган жиноятчиликнинг турли ёвуз кўринишларидан ва оломонча маданиятнинг юзсизлигидан огоҳ ҳолда вояга етмоқда.

Салоҳиятли ёшларимиз эса элу юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ўқиш, илм олиш ва изланишдан асло чарчамайдилар, дея юксак ишонч билдирамиз.

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви раиси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт фанлари номзоди,

олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: