Касбга садоқат инсонни улуғлайди
Умр оқар дарё дейишади. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки инсон умри тез ўтиб кетаркан.
Саксон ёшни қаршилаган Тельман бобо Пирназаров ҳам бугун ҳаёт йўлларига назар ташлар экан ич-ичидан мамнунлик ҳиссини туяди. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Тиббиётчилар шаҳарчасида истиқомат қилаётган бу инсонга барчанинг бирдек ҳаваси келади. Боиси, Тельман бобо умрининг ярим асрдан кўпини тиббиёт соҳасига бағишлади. Беморларни даволашни шараф деб билиб, умри давомида шунга амал қилиб келди.
Қаҳрамонимиз 1964 йил Тошкент тиббиёт академияси (аввалги Тошкент давлат тиббиёт институти)нинг санитария-гигиеник факультетини тугатгач, ўзи туғилиб ўсган Сайрам туманига тиббиёт бўлими бош шифокори ўринбосари бўлиб ишга келди. 1974 йили Москвада номзодлик диссертациясини ёқлади. Шундан сўнг узоқ йиллар Тошкент тиббиёт институтида талабаларга дарс берди. Шу йиллар мобайнида устоз юзлаб шогирдлар тайёрлади. Улар ҳозирги кунда республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида самарали фаолият юритиб келишяпти. Тельман Пирназаровни тиббиёт соҳасининг қайси даволаш муассасасига ишга юборишмасин ўша жойда ўзининг фаоллиги, ҳалол меҳнати билан бошқаларга намуна бўлди. Ўз навбатида Т. Пирназаровнинг сидқидилдан қилган меҳнатлари, кўп йиллик хизматлари юксак қадрланди. У ҳукуматнинг турли даражадаги орден ва медаллари билан тақдирланди.
Тельман Пирназаров соҳада орттирган узоқ йиллик тажрибалари асосида бир қанча қўлланмалар ёзиб, нашр эттирди. Ушбу қўлланмалар тиббиёт соҳасида беморларга бактериологик ташхисларни тўғри қўйишда қўл келди. Пиру бадавлат бобо уч нафар ўғли ва қизини ўқитиб, олий маълумотли қилди. Икки нафар фарзанди ота изидан бориб, шифокорлик касбини танлашди. Бугун унинг изидан бораётган ўғиллари ҳам тиббиёт фанлари номзодларидир.
Тельман Пирназаров ёшлигида спортнинг бокс тури билан шуғулланган. Бу эса кейинчалик ўғилларининг ҳам спорт билан машғул бўлишларига туртки бўлди. Қувонарлиси, бугун Жаҳонгир, Дониёр ва Баҳодир Пирназаровлар самбо бўйича ўз вазнларида нафақат Ўзбекистон, балки Европа ҳамда жаҳон чемпионидир. Бугун эса набиралари Жамшид, Шоҳрух, Муроджон ва Лазизжонлар Ўзбекистон чемпионларидир. Биргина бу эмас, спортсевар набираси Шоҳназар Пирназаров уч йил олдин Германияда ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди.
– Шундай дориломон кунларга етказганига шукур. Бугун атрофимда фарзандларим, набираларим, оқибатли қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар ҳозиру нозир. Уларнинг дилтортар суҳбатларидан, меҳридан куч-қувватга тўламан. Ҳар бир инсонга ана шундай фарзандлар ва набиралар камолини кўриш, уларнинг эъзозида бўлиш насиб этсин, – дейди Тельман бобо.
Тажрибали шифокор нафақада бўлса-да, ҳамон нажот талаб инсонлардан зарур ёрдамини аямайди. Ҳа, ҳар бир инсонга ана шундай бахт, шундай улуғ ёшлар насиб этсин, деймиз.
Иззат АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси