“Эътироф – 2013”
DIQQAT, TANLOV!
Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди ва Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда матбуот ва интернет нашрларда жамият ҳаётида кечаётган жараёнлар тезкор, холис ва ҳаққоний таҳлилий жиҳатдан юксак савияда ёритилган материаллар кўламини ошириш, босма нашрларни шаклан ва мазмунан такомиллаштириш, уларнинг жаҳон стандартларига мос ривожланиши, дунё ахборот майдонида ўз ўрнини эгаллаши, рақобатбардош бўлиши ва нуфузи ошишига кўмаклашиш, журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, нашрлар ўртасида профессионал алоқаларни йўлга қўйиш, тажриба алмашишга ёрдам кўрсатиш, иқтидорли муаллифларни рағбатлантириш мақсадида газета, журналлар, интернет агентликлари ва нашрлари ўртасида «Эътироф – 2013» танловини эълон қилади.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди молиявий кўмагида ўтказилади.
Танлов номинациялари:
– энг яхши ижтимоий-сиёсий нашр;
– энг яхши иқтисодий нашр;
– энг яхши спорт нашри;
– энг яхши болалар нашри;
– газета ва журналнинг энг яхши дизайни учун;
– энг яхши интернет-агентлиги ва нашр;
Танлов ўтказиш тартиби ва шартлари
Танлов 2012 йилнинг 1 сентябридан 2013 йилнинг 1 сентябригача ўтказилади. Ғолиблар қуйидаги мезонлар бўйича аниқланади:
– нашрнинг ўз йўналиши бўйича оммавийлиги;
– материалларнинг ранг-баранглиги ва долзарблиги;
– бадиий-эстетик безатилиши.
Танловга тақдим этилган ижодий ишлар етакчи журналистлар, жамоат ташкилотлари ва тегишли идораларидан иборат ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланади.
Танловда қатнашиш истагини билдирган таҳририятлар фонд дирекциясига ёзма равишда мурожаат қилишлари лозим.
Ғолибларни тақдирлаш
Танлов ғолиблари «Ўзбекистон Матбуоти» III Миллий форумида эълон қилинади.