Уйдаги гап кўчага чиқмайди

Арзимас гап-сўз туфайли ёш оила ажралиш остонасига келиб қолди. Келин олти ойлик боласини олиб, ота уйига кетди. Эр ота-онасининг юзидан ўтолмай ажралишга, ҳатто бошқа қизга уйланишга ҳам рози. Оила катталари маҳалла идорасига келиб, фарзандлари ажрашмоқчи эканини айтди.

Рофе ака бу пайтда маҳаллага жамоатчилик асосида раҳбарлик қилар, одамлар кўнглига йўл топишга интилса-да, тажрибаси камроқ эди.

– Икки томон ҳам шу қарорга розими, ота-оналарнинг ҳам қарори шуми, дедим уларга қараб, – дея бундан 18 йил олдинги ҳолатни ёдга олади Ургут туманидаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рофе Носиров. – Ёшларнинг ўзи нима дейди, нега улар маҳаллага келмади? Ўртада норасида гўдак бор, ахир! Уни тирик етим қилишга сизларнинг ҳаққингиз борми? Ажралиш осон, бу ёшлар эртага яна бахтини топадими, энг муҳими, боланинг келажаги нима бўлади?

Ота-оналар жим, ерга қараб туришарди. Вазиятни ўнглаш имкони борлигини сезиб, аввал ёшларнинг ўзи билан гаплашиб кўрай, агар улар ярашишни хоҳламаса, майли, кейин ажралишса ажрашар, дедим.

Ўша куни ёшлар билан алоҳида суҳбатлашдим. Ажрашиб кетган бир-икки оиланинг тақдири ҳақида гапириб бердим, шошма-шошарлик билан нотўғри қарор қабул қилган ва кейинчалик пушаймон бўлган одамларни мисол келтирдим. Иккаласининг ҳам фикрини эшитдим. Бирга яшашга хоҳиши бор-у, шунча гап-сўздан кейин буни ота-онасига айтолмаяпти.

Оила катталари билан яна гаплашдим, вазиятни тушунтирдим.

Ёшлар бирга яшай бошлади, ҳаммаси изга тушди. Яна фарзандли бўлишди. Эр-хотин ҳалигача “ўшанда бизни хато қилишдан асрагансиз”, деб миннатдорлик билдиради. Маҳалламизда бир неча йилдан буён оилавий ажралишлар қайд этилмаган бўлса-да, ёшлар билан учрашганда, тўй-маъракаларда бу ҳақда гапириб бераман. Оиланинг муқаддаслиги, ҳар бир йигит-қиз аввало турмуш қуришга, ҳаётнинг паст-баландини енгиш, аччиқ-чучугига чидашга тайёр бўлиши кераклигини уқтираман…

“Шодлик” маҳалласида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг фаолияти самарали йўлга қўйилган. 1200 дан ортиқ аҳоли бир оиладек аҳил-иноқ яшамоқда.

Ҳудудда хонадонлар зич жойлашгани, бўш жой топиш мушкул бўлгани боис кичкина майдонда ҳашар йўли билан икки қаватли маҳалла маркази биноси қурилган. Бинода фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд. Идора эшиги пештоқида маҳалла билан боғлиқ барча зарур маълумотлар ёзиб қўйилган. Фуқаролар йиғини фаолиятига оид ҳужжатлардан кўчирмалар, нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилалар, мактаб, касб-ҳунар коллежини битираётган ёшлар, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар билан танишиш мумкин.

Яна ўқинг:  КИЧКИНТОЙИНГИЗ МАКТАБГА ТАЙЁРМИ?

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайси вилоят, туман ё шаҳарга ташриф буюрмасин, маҳаллалар фаолияти билан танишмоқда, одамлар билан мулоқот қилмоқда, – дейди Рофе Носиров. – Жойларда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди, Виртуал қабулхона ташкил этилди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси халқ ичига кириб бориш, аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш, уларнинг дарду ташвишини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда. Биз ҳам ана шу мақсадда, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, маҳалламиз аҳли билан доимий мулоқотни йўлга қўйганмиз. Қайси оила ёки бир маҳалладошимизнинг муаммоси бўладими ёхуд бирор ёрдам керак бўладими, аввало, бизга мурожаат қилади. Муаммо ва камчиликларни имкон қадар маҳалланинг ичида ҳал қиламиз. Бошқача айтганда, уйдаги гап кўчага чиқмайди. Агар масалага жойида ечим топиш имкони бўлмаса, тегишли идораларга мурожаат қиламиз. Бирор-бир соҳа бўйича аҳолида саволлар кўпайиб кетса, ўша тизим масъул раҳбарини маҳаллага таклиф этиб, учрашув ўтказамиз. Муаммони биргаликда муҳокама этиб, ечим топамиз. Маҳалла фаоллари, маслаҳатчиларимиз ҳар бир оиладаги турмуш тарзидан хабардор.

Ҳудудимизда ишлаб чиқариш корхонаси йўқ. Аммо ўнга яқин тадбиркорларимиз туман маркази ва саноат ҳудудида корхоналар ташкил этган. Аҳолимизнинг аксарияти, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ушбу корхоналарда меҳнат қилади. Бу йил коллежни битирган 12 ёшнинг барчаси иш билан таъминланди. Юзга яқин фуқаро якка тартибда тадбиркор сифатида фаолият юритади. Хотин-қизлар ҳунармандлик билан шуғулланади. Хорижга кетган маҳалладошларимизнинг ҳам қаерда, нима иш қилаётгани, қандай ҳаёт кечираётгани билан қизиқамиз. Чунки улар вақтинча бошқа жойда яшаётган бўлса ҳам маҳалламиз аъзолари. Ютуғи ҳам, ташвиши ҳам ўзимизники. Уларнинг тақдирига бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ. Айниқса, ёшлар таълим-тарбияси масаласида «Бир болага етти қўшни ота-она», деган нақлга қатъий амал қиламиз. Мактаб, коллежлар билан ҳамкорликда ишлаймиз. Ҳар бир боланинг юриш-туриши, давоматини доимий равишда кузатиб борамиз. Одамларимиз ҳам шунга ўрганган: фаоллар хонадонига кириб келса, сира оғринмайди. Ана шундай муҳит сабабли маҳалламизда кейинги йилларда ҳеч қандай жиноят ё ҳуқуқбузарлик кузатилмади. Нотинч ёки ноқобил оила йўқ.

Маҳалла маркази ёнида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан чоғроққина, лекин замонавий спорт зали қурилган. Айни пайтда бу ерда маҳалла ёшлари 7 спорт тури бўйича машғулотларга қатнашмоқда. Маҳалла оқсоқолининг айтишича, Мустақиллик байрамигача бу ерда уй бекалари учун алоҳида спорт тўгараклари ташкил этилади.

Яна ўқинг:  НАВОИЙ ВА БОБО ПИРИЙ

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими яқинда “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг фаолияти билан танишиш, оилалар билан ишлаш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадида семинар ташкил этди. Демак, Шодлик маҳалласидаги ибратли тажрибалар бутун вилоятга ёйилади, кенг оммалашади.

Ғолиб Ҳасанов,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: