Улкан бунёдкорлик ишлари кино тасмаларига муҳрланганда

Қайсидир бир ғояни илгари суриш, уни кенг халқ оммасига тарғиб қилиш учун йиллар сарф этилади. Лекин шундай бир санъат тури борки, унинг ёрдамида исталган ғояни инсон қалбига бир неча лаҳзада қадаб қўйиш мумкин. Бу санъат турини биз кино деб атаймиз.

Аҳамият берганмисиз, севимли фильмларни ҳар гал қайта томоша қилганингизда ундан янгича, мазмун топасиз. Фильмда тасвирланган давр одамлари, яшаш шароити, манзараси кўз олдимизда гавдаланади ва қалбимизга муҳрланади. Маънавий оламимизни бойитади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, санъатнинг бу тури ғояларни тарғиб этишда, томошабин онгига сингдиришда муҳим аҳамият касб этиб келган. Собиқ Иттифоқ даврида суратга олинган аксарият фильмларда ҳам буни кўриш, кузатиш мумкин: ҳатто биз учун қадрли бўлган кинокартиналарда ҳам…

Ўзбек киносининг ажойиб дурдонаси “Маҳаллада дув-дув гап” фильмини томоша қилмаган ватандошимизнинг ўзи бўлмаса керак. Фильмда тасвирланган воқеалар, қаҳрамонларнинг диалоглари эл орасида сўзлашув иборасига айланиб кетган.

Хўш, ушбу фильм замирида собиқ тузумнинг қандай ғоялари акс этган? Фильм воқеалари Тошкентнинг эски шаҳар қисмида замонавий бинолар қурилаётган бир пайтда содир бўлади. Демак, картина фонида собиқ Иттифоқнинг “улкан бунёдкорлик ишлари” намоён бўлади. Тор ва овлоқ эски шаҳар кўчалари, пастқам деворли уйлар бўрттириб кўрсатилади.

Ўзбек халқи серфарзанд оилалардан таркиб топган (айниқса, ўша даврларда). Фильмда тасвирга олинган оилаларнинг барчасида ё бир ўғил, ё бир нафар қиз акс эттирилган. Бунда ҳам рус оиласи анъанасига урғу берилгандек гўё…

Майли, ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу картина халқимиз олқишига сазовор бўлган, қалбидан жой олган фильмдир. Аслида биз мавзуга мантиқан бошқача назар ташламоқчимиз…

Юртимиз мустақиллик йилларида залворли йўлни, баланд довонларни ошиб ўтди. Барча соҳаларда улкан марраларни забт этди. Ўзбекистон иқтисодиёти энг тез суръатлар билан ўсаётган мамлакатлар рўйхатида етакчи ўринга эга. Бугун эса янги ривожланиш босқичига ўтдик. Юртимиздаги қурилиш жараёни ҳам бевосита иқтисодиётнинг юксалаётганидан дарак.

Пойтахтнинг Сергели туманида истиқомат қилганим боис туманимизда қад ростлаётган кўп қаватли уй-жойлар қурилиши жараёнига ҳар куни гувоҳ бўламан. У ерда эрта тонгдан, ярим тунгача, қишни-қиш, ёзни-ёз демай, ёмғиру, қорни писанд билмай меҳнат қилаётган қурувчиларни кўриб тасанно айтаман. Агар мендан “Бугунги кунда замон қаҳрамони ким?”, деб сўрашса, ҳеч иккиланмай шу уйларнинг бунёдкорлари деб жавоб бераман. Аслида ҳам шундай эмасми?!

Яна ўқинг:  Ҳаётбахш суюқлик ҳақида ажойиб далиллар

Кечагина бинонинг биринчи қавати кўтарилган бўлса, орадан бир неча кун ўтибоқ уни тугаллаш жараёнини кузатасиз. Қувонарлиси – қурилаётган кўп хонадонли уйлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш материаллари асосида бунёд бўлмоқда. Қурилиш жараёнида инсон меҳнатини бир неча бор енгиллатувчи энг сўнгги техника воситаларидан кенг фойдаланилмоқда. Буни кузата туриб, беихтиёр “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги таниш ибора – “Тиниб тинчимаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб топишмайди-я” деб юборасиз. Улкан майдонда олиб борилаётган катта қурилиш ишлари ўз-ўзидан мамлакатимиз қудратини намоён этади. Чексиз ифтихор туясиз. Ана шунда яна кўз ўнгимда “Маҳаллада дув-дув гап” фильми манзараси келади. Бугун ҳам телеэкранлардан тушмай келаётган ““Ы” операцияси ёҳуд Шурикнинг бошқа саргузаштлари” комедияси фонида ҳам собиқ Иттифоқнинг қурилиш сиёсатини кўриш мумкин.

Муддаога қайтадиган бўлсак, хўш, она Ватанимизда қад ростлаётган кўп қаватли уйлар, намунали ҳовлилар ёхуд замонавий кўприклар, умуман олганда қурилиш жараёнлари акс эттирилган бадиий фильмлар ҳозир ҳам суратга олинаяптими?

Халқимиз юртдаги бу юксалишларни кўриб ифтихор туйиши, келажак авлод бугунги ривожланиш жараёнини кузатиши, ибрат олиши, юртнинг қадрига етиши, шукрона келтириши учун ҳам бадиий жиҳатдан мукаммал, ҳам мантиқан бой ва сермазмун миллий кинофильмларни тасвирга олиш, олтин тасмаларга муҳрлаш жоиз бўлса керак деб ўйлайман.

Яқинда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболли режалар” мавзуида матбуот анжуманида соҳанинг етук мутасаддиларига айнан шу савол билан юзландик. Афсус… Тўлиб-тошиб, умид билан берган саволимизга биз кутгандек жавоб ололмадик.

Биргина мисол Ўзбекистон Президентининг 2016-йил 22 ноябрдаги “2017–2020-йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2017–2020-йилларда шаҳарларда 945 та кўп хонадонли уй-жой қуриш режалаштирилган. Ушбу улкан ишларни амалга ошириш учун катта маблағ, куч-қудрат, вақт, матонату жасорат, чинакам фидойилик талаб этилади. Қанчадан-қанча юртдошларимиз бу ишларга сафарбар қилинади. Буларнинг барчаси юртни обод, халқнинг ҳаётини фаровон этишга қаратилган эзгу ишлардир. Йил оша бу уй-жойлар бунёд бўлиб, юртдошларимиз ҳаёт кечира бошлайди. Кинофильмларда акс этган бунёдкорлик жараёнларини биз мудом кўриб бориш имконига эга бўламиз.

Яна ўқинг:  Мукаммал саҳарликнинг тўрт сири

Қайнона-келин, севги-муҳаббат мавзуси биринчи даражага олиб чиқилган фильмлардан чекланиш вақти келди, чамамда. Айтиш жоиз бўлса, ўзбек томошабини бир хил мавзудан чарчади. Балки, мустақиллик даврида ижодкорларга кенг имкониятлар юзага келган шундай бир вазиятда “Маҳаллада дув-дув гап” фильми сингари замонавий кинонинг суратга олиниши вақти келгандир?!

Одатда кино ижодкорларига “Нега кино ижодкорларимиз маиший мавзулардан иборат бўлмаган, замон воқеалари акс эттирилган фильм олишмаяпти?, – деган савол билан мурожаат қилишади. Аксарият ҳолларда жавоб бир хил, яъни “бизда юракни “жиз” қилдира оладиган мавзу йўқ, яхши сценарий учун яхши мавзу керак”, – деб жавоб беришади. Шу ўринда ҳурматли ижодкорларга юзланамиз, юқоридаги мавзу ўша сиз айтаётган юракни “жиз” қилдира олган бўлса, биз истаётган шу билан бир қаторда кўпчилик кутаётган фильм ишлаш учун сабаб вазифасини ўтаса, бундан фақат хурсанд бўламиз.

Кино бу – санъат. Асл санъат – асрлар оша яшайди. Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш жараёни, босиб ўтаётган йўли, улкан бунёдкорлик ишлари тасмаларга муҳрланади. Авлодларга мустақил мамлакатнинг юксалиш босқичларини кўриш, сабоқ олиш, қадрлаш, фахрланиш, шукроналик келтириш сабоғини ўргатади.

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: