“Саломатлик” поезди – эзгулик элчиси
Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, айниқса, соғлом авлодни тарбиялаш ва вояга етказиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар таҳсинга лойиқ. Юртимизнинг олис чекка қишлоқ, туманларида ҳам қишлоқ врачлик пунктлари, тиббиёт муассасалари барпо этилиб, мавжудлари қайта таъмирланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани, мутахассис шифокорларнинг малакасини оширишда замон талаблари даражасида ёндашилаётгани, барча-барчаси эл саломатлигига камарбаста, ғамхўр ҳукуматимизнинг юксак эътибори, олиб борилаётган кўлами кенг ислоҳотларнинг самарасидир.
йтиш жоизки, бу борада юртимизда фаолият юритаётган нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни, улкан ҳиссаси бор.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси бир неча йиллардан буён аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мурувват ёрдамларини етказиш билан бир қаторда, тиббий патронаж хизматларини ҳам кўрсатиб келмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” ДАК билан ҳамкорликда юртимизнинг экологик жиҳатдан ноқулай, чекка ҳудудларига йўналтирилган “Саломатлик” поезди билан боғлиқ тадбирларнинг мунтазам ташкил этилаётгани, аҳолининг инсонпарварлик ёрдамлари, бепул тиббий хизмат билан қамраб олинаётгани хайрли ишлар самарасининг нечоғли юксак эканидан далолатдир.
Жамғарма ташаббуси билан 2000 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг чекка ва экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларига 19 маротаба “Саломатлик” поездининг сафари уюштирилди. Мазкур тадбирлар доирасида аҳоли “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акционерлик компаниясининг “Саломатлик поезди” ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси тиббий-ижтимоий патронаж биргадаси шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий-кўрикдан ўтказилди.
Бугунга қадар поезд фаолияти давомида 62 248 нафар аҳоли тиббий кўрик билан қамраб олинган. Маълумки, чекка, экологик шароити ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳолига малакали мутахассислар томонидан тиббий кўрикларни олиб боришда замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ўтказилган тиббий кўрик жараёнида аниқ лаборатория таҳлилларига ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда беморларга ташҳис қўйилади.
“Саломатлик” поезди мутахассислари тиббий-кўрик билан бир даврда аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида ҳам кенг тушунтириш ишларини олиб боради. Соғломлаштирилиши зарур бўлган фуқароларга даволаниш муассасаларига йўлланмалар берилади.
“Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саховат” “Гўдаклар” уйлари, махсус мактаб-интернатлари ва тиббиёт муассасаларига инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилади.
Сафарлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, мурувват ёрдамлари манзилли етказиб берилади.
Рустам АҲМЕДОВ,
“Соғлом авлод” мухбири