Безгак чивинлари безарар эмас

Безгак – анофелес (безгак) чивинининг чақиши орқали юқадиган, қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши, жигар ва талоқнинг зарарланиши ва камқонлик билан кечадиган хавфли ҳамда ўткир юқумли касаллик ҳисобланади.

Касалликни плазмодий деб аталмиш паразитлар қўзғатади. Плазмодийларнинг одамда паразитлик қиладиган тўрт тури фарқланади. Уларни фақат микроскоп остида кўриш мумкин. Бу паразитлар инсон қонида яшаб, кўпаяди ва қизил қон таначаларида жойлашиб, уларни парчалайди ҳамда қон ишлаб чиқариш, асаб, юрак-қон томир ва организмнинг бошқа тизимлари иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Касаллик манбаи бемор одам ва паразит ташувчи хаста кишидир. Тарқатувчилари эса анофелес авлодига мансуб бўлган чивинлар ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра дунё бўйича ҳар йили 400 млн. дан ортиқ одам безгак дардига чалиниб, уларнинг 1 млн. дан ортиғи вафот этади. Жумладан, вафот этганларнинг 90 фоизини Экваториал Африкада яшовчи аҳоли ташкил этиб, уларнинг 18 фоизи 5 ёшгача бўлган болалардир.

2007 йилнинг май ойида Женевада бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ассамблеясининг 60-сессиясида 25 апрель ҳар йили дунё бўйича халқаро безгакка қарши кураш куни деб эълон қилинди.

Бугунги кунда безгак хасталиги дунёнинг 100 дан ортиқ давлатлари аҳолисининг соғлигига жиддий хавф солиб келмоқда. Касаллик асосан Африка, Ўрта Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Европанинг айрим ҳудудларида рўйхатга олинмоқда. Безгак аввал элиминация (бартараф) этилган Мустақил ҳамдўстлик давлатларида (Тожикистон, Қирғизистон, Грузия, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатларда) яна қайд этилиши кузатилмоқда.

Ўзбекистонда безгак касаллиги 1925–1961 йилларда кенг тарқалган бўлиб, ўша даврларда 700 мингдан ортиқ безгак касаллиги ҳолатлари рўйхатга олинган эди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Ўзбекистонда касалликни йўқ қилишга эришилган бўлиб, 1980–1990 йилларда мамлакатимизда билан қўшни бўлган давлатлар Афғонистон ва Тожикистон республикаларида безгак касаллигининг эпидемияси кузатилганлиги ҳамда ушбу давлатлар ўртасида аҳолининг (миграция) фаол қатнови натижасида, безгак касаллигини республикамиз ҳудудига оммавий равишда кириб келиш ҳолатлари кузатила бошлади. 1990-йилларнинг бошида Тожикистоннинг безгак касаллиги тарқалган ҳудудлари билан чегарадош бўлган юртимизнинг жанубий вилоятларида чегаранинг узунлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу дард 1999 йилда Сурхондарё вилоятида уч кунлик безгакнинг паст даражада маҳаллий юқиши юзага келди. Кейинчалик Қашқадарё вилоятида касалликнинг янги фаол ўчоқлари қайд этилди. Қўшни Қирғизистонда 2002 йили инфекциянинг эпидемик тарқалиши содир бўлди ва республикамизнинг чегарадош бўлган вилоятларига кириб келиш, тарқалиш хавфи юзага келди. Шунингдек, ўша даврда Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари республиканинг барча ҳудудларида ҳам безгак касаллиги ҳолатлари қайд этилди.

Яна ўқинг:  Янги тез тиббий ёрдам машиналари харид қилинди

ЖССТнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида 2005 йил 18-20 октябрь кунлари Европа минтақавий ҳудудида безгакнинг маҳаллий касаллик сифатида юқишини бартараф этиш учун қаратилган I халқаро анжуман ўтказилди. Безгак тарқалган мамлакатларда “Безгакни бартараф этамиз” минтақавий дастурининг аҳамиятини эътиборга олган барча иштирокчи мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам ушбу дастурни қўллаб-қувватлади. Ушбу анжуманда “Курашдан безгакнинг элиминациясига ўтиш” Тошкент декларацияси тасдиқланди.

Безгак бўйича Миллий дастурни кучайтириш мақсадида 2005–2010 йиллар мобайнида “Ўзбекистонда безгакка қарши курашни кенгайтириш 2005–2009 йй. безгакни юқиш хавфи юқори бўлган ҳудудларга асосий эътиборни қаратиш” номли ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши кураш Глобал жамғармаси томонидан молиялаштирилган лойиҳа амалга оширилди.

Безгакнинг эпидемиологик назорат тизимида бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, безгакни эрта аниқлаш, унга лаборатория усулида ташхис қўйиш, касаллик манбаи бўлган бемор ва паразит ташувчиларни ўз вақтида даволаш, эпидемиологик кўрсатма бўйича Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида безгакнинг фаол ўчоқларида кимёвий профилактика ишлари ўтказилди. Шунингдек, энтомологик назорат ва чивинларга қарши кураш бўйича комплекс тадбирлар кучайтирилди. Амалий-илмий изланишлар, аҳолини чивинлар ҳужумидан шахсий ва гуруҳли ҳимоялаш чоралари, аҳоли орасида касалликни олдини олиш бўйича санитария-тарғибот ишлари, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник таъминоти ва кадрларни тайёрлаш яхшиланди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республикамизда 2010 йилдан буён маҳаллий безгак касаллиги рўйхатга олинмади. Лекин ушбу хасталикни четдан кириб келиш хавфи бизда мавжуд. Шунинг учун ҳам бугунги кунда мутахассислар томонидан безгак касаллигининг четдан кириб келишини олдини олиш борасида мунтазам амалий саъй-ҳаракатлар рўёбга ошириб келинмоқда.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: