Тошкент – меҳмондўст шаҳар
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Олмазор тумани кенгаши ташаббуси билан пойтахтимиздаги 326-умумтаълим мактабида “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ўтказилган фестиваль шундай номланди.
Ёшлик талабалар шаҳарчаси ҳокими Қ.Шоназаров, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Олмазор тумани кенгаши раиси Ш.Муҳамедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида миллий-маданий меросимиз, урф-одат ва анъаналаримизни улуғлаш, уларни ёшлар ўртасида тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Халқимизнинг боқий қадриятларини мужассам этган Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилган фестивалда “Оқ теракми, кўк терак?”, “Арғимчоқ” ва бошқа жамоавий ўйинлар ташкил этилди. Ўқувчилар ўртасида мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятининг ўзига хос урф-одатлари, миллий қадриятлари акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
– Бугунги фестивалда маҳорат ва истеъдодимизни синовдан ўтказиш билан бирга, қадимий миллий ўйинларимиз ҳақидаги билим ва тасаввуримизни янада бойитдик, – дейди фестиваль иштирокчиси, Олмазор туманидаги енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ҳанифа Холмирзаева. – Биз гуруҳимиз билан бирга кўҳна Хоразм вилоятининг миллий таомлари, урф-одатлари, қадриятларини намойиш этдик.
Ҳунарманд ва ижодкор ёшлар томонидан миллий либослар, тасвирий санъат асарлари кўргазмалари намойиш этилди. Миллий спорт мусобақалари, сумалак ва варрак сайли каби бир-биридан қизиқарли тадбирлар уюштирилди.
Ш.МАМАТУРОПОВА,
ЎзА мухбири