ХАЛҚ ЎЙИНЛАРИ

ИЛОН ДУМИ” ЎЙИНИ

Бу ўйинда икки гуруҳ таркибида 5-10 тагача ўйинчи қатнашади. Қатнашчилар қатор туриб, бир-бирларининг белларидан ушлаб, эгилган ҳолда узун қатор ҳосил қилиб туришади.

Қаторнинг бошида турган «илон боши» ҳам сардор, ҳам ҳимоячи ҳисобланиб, ўзининг орқасида турган иштирокчиларини душмандан ҳимоя қилади.

Душман рақиб жамоадан бир киши бўлиб, у қатор турган ҳимоячининг орқасидаги иштирокчиларга қўли тегса шу иштирокчи қатордан чиқади. Ўйин учун маълум вақт берилиб, ўйин охирида ҳисоб-китобларга кўра қайси гуруҳдан кўп киши қатордан чиқиб кетган бўлса, шу гуруҳ ютқазган ҳисобланади.

“ОШИҚ” ЎЙИНИ

Ошиқ ўйинида икки киши қатнашади. Текис ерга томонлари тахминан 1,5-1,5метрга тенг квадрат чизилади ва унинг ўртасига ошиқлар қатор қилиб терилади. Ошиқлар терилган катакдан 2,5-4 метр узоқликдан хирп ошиқ (едирилиб, силлиқланган қўрғошин қуйиб оғирлаштирилган ошиқ. Хирп асосан қорамол ошиғидан ясалиб, ҳажми катта бўлади) ерга нисбатан параллел ҳолатда чирпирак қилиб отилади. Мақсад ошиқларни квадрат чегарасидан уриб чиқариш. Хирп бир ёки бир неча ошиқни четга уриб чиқариб, ўзи қаерга тушса ўйновчи ўша ерга бир оёғини қўйиб бошқа ошиқларни уриб чизиқ ташқарисига чиқара бошлайди. Агар ўйинчи ҳар урганда биронта ошиқни чиқарса, ҳаммасини чиқаргунча ўзи ўйнайди. Уриш натижасиз бўлса, навбат рақибга ўтади. Квадратдан қайси ўйинчи кўпроқ ошиқ уриб чиқарса шу ўйинчи ғалаба қозонган бўлади. Ўйинчилар навбат билан ўйин бошлайдилар.

“ЖАМБИЛ” ЎЙИНИ

Ушбу ўйинда жамоалар 2 га бўлинади. Ўйин марказига доира чизилиб, ўртасида 5 дона ясси тош терилади. Қуръа ташлаш йўли билан жамоаларнинг қайси бири ўйинни биринчи бўлиб бошлаши аниқланади. Ҳар бир жамоада 5 тадан иштирокчи қатнашади.

Ўйин бошлангач, ўйин марраси белгиланади, яъни белгиланган жойдан тикилган тошлар томон ўйинни бошлаган жамоа иштирокчилари тошлар йиқилганга қадар галма-гал коптокни отадилар. Агар тош йиқилса иккинчи жамоа тош йиқитган жамоани копток билан қувлайди. Тош йиқитган жамоа бўлса, тошларни чаққонлик билан ўзларига коптокни теккизмасдан қайтадан жойига йиғиши керак бўлади. Агар тошларни қайта йиғаётган жамоа ўзларига коптокни тегизмасдан йиғса шу жамоа ғолиб бўлади, аксинча бўлса мағлуб бўлади ва ўйин шу тариқа давом эттирилади.

Яна ўқинг:  Муаллимлик – муқаддас касб

Тўпловчи: Дилмурод ҲАКИМОВ,

Қарши давлат университети

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: