БЕҒАРАЗ КЎМАККА ҲАМИША ШАЙ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган беш босқичли сиёсатнинг асосий бўғинларидан бири ҳисобланган ижтимоий ҳимоя масаласи бугун юртдошларимиз ўртасида Президентимизнинг “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар куни қилиш керак” деган ибораси билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотлари ушбу соҳада фаолият юритишмоқда. Ана шундай ташкилотлар ичида Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси алоҳида ўринга эга. Ўзининг 20 йиллик байрамини нишонлаш арафасида турган мазкур жамғарма мамлакатимизда кўпчилик учун таниш бўлиб улгурган.

Жамғарма 1993 йилнинг 23 апрель куни ташкил этилган бўлиб ўтган 20 йил давомида кўплаб ибратли ишларни амалга ошириб келмоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси аҳолига тиббий кўмак кўрсатиш, дунёнинг қатор ривожланган давлатлари тиббий-ижтимоий ташкилотлари билан ҳамкорлик олиб бориш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилиш, “Меҳрибонлик” уйлари, махсус болалар муассасалари ва кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мурувват ёрдамларини кўрсатиш, ёшлар ўртасида спорт ҳамда ўқув-соғ­ломлаштириш ишларини амалга ошириш каби йўналишларда ўз фаолиятини олиб боради. Жамғарма Корея, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Финляндия, Туркия ва Миср Араб Республикаси каби дунёнинг қатор ривожланган давлатлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари натижасида мамлакатимиздаги кўплаб бемор болаларга беминнат ёрдам кўрсатиб келмоқда. Биргина Корея Республикаси билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари натижасида 2008-2012 йиллар мобайнида кўплаб мурувват ёрдамлари билан бир қаторда, 7000 нафарга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Бундан таш­қари “Туғма юрак нуқсони” ташхиси билан 65 нафар бемор болалар Корея Республикаси клиникаларида жарроҳлик йўли билан даволанди. “KOFIH” Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси, Кореянинг Ин Ха университети госпитали, “JCI Korea” халқаро ёшлар ташкилоти, “Save The Children Korea” халқаро ташкилоти, Сеул миллий университети госпитали ҳамда “Ча” университети қошидаги “Пундан Ча” госпитали билан амалга оширилган ҳамкорлик ишлари натижасида кўплаб бемор болалар даволанишга муяссар бўлишди.

Бундан ташқари Германиянинг “Фриденздорф Интернейшнл” жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда 2002-2012 йиллар мобайнида юз-жағ соҳасида туғма нуқсонлари мавжуд 206 нафар бемор болалар Германиянинг нуфузли касалхоналарида даволаниш учун жўнатилди. Шу билан бирга 3300 нафардан зиёд болалар Тошкент Тиббиёт Академияси, Бухоро ва Андижон вилоятлари клиникаларида даволандилар.

Яна ўқинг:  Бошланғич таълим – келажакнинг муҳим пойдевори

Шу билан бирга, жамғарма ўз тиббий дастурларини ишлаб чиқиб унга кўра “Она ва бола” скрининги, болалар тиббиёт муассасалари ва туғруқ муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий-ижтимоий патронаж бригадаларини ташкил қилиш, болалар ва фертиль ёшидаги аёлларни соғломлаштириш ҳамда республикамизнинг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларига “Саломатлик” поезд­лари орқали кўмак бериш вазифаларини амалга ошириш йўлга қўйилган. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ўтган йиллар мобайнида “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Қашқадарё, Хоразм ва республиканинг бошқа экологик ноқулай ҳудудларига жами 19та “Саломатлик” поездлари жўнатилди. Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизнинг экологик ноқулай ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш ҳамда унинг тиббий саводхонлигини ошириш, шунингдек, кенг жамоатчиликни хайрия ишларига жалб этишдир. “Саломатлик” поезди ташкил этилган 2000 йилдан бугунги кунга қадар аҳолига 4 миллион 681 минг АҚШ доллари ва 562 миллион сўмдан зиёд мурувват ёрдами кўрсатилди. 62 минг 248 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, ногиронларга манзилли мурувват ёрдамлари етказиб берилди.

Жамғарманинг маданий-маърифий дастурлари доирасида юртимиздаги олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим масканлари билан ҳамкорликда мактаб, коллеж ва университетларда ташкил этилаётган маънавий-маърифий ҳамда соғломлаштириш тадбирлари ва спорт мусобақалари фарзандларимизнинг ҳам маънан ҳам жисмонан соғлом бўлиб улғайишларида ёрдам бермоқда. Жумладан, умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Санъат ғунчалари”, “Наврўз садолари” ва “Ер куррасида тинчлик” анъанавий расмлар кўрик-танлови мамлакатимиздаги ёшларнинг истеъдодларини юзага чиқаришда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилиб келинаётган “Санъат ғунчалари” кўрик-танлови ёш мусиқачиларимизга яратилган жуда катта имкониятлардан бири бўлди. Мазкур кўрик-танлов ғолиблари халқаро кўрик-танловларда ҳам иштирок этиб, чет эллик мухлису мутахассисларга Ўзбекистон том маънода истеъдодлар макони эканини яна бир карра намойиш этишмоқда. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил қилиб келинаётган спорт мусобақалари ҳам болажонларнинг жисмоний жиҳатдан чиниқишларига ёрдам бермоқда.

Спорт – саломатлик гарови. Юртимизда болалар ва ўсмирлар спорти ривожига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси болалар спортини ривожлантириш, ўсмирларни спортга кўпроқ жалб қилиш ҳамда ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан хамкорликда ўсмир қизлар ўртасида “Нафосат олами” шиори остида “Соғлом авлод учун” кубоги учун республика спорт фестивали мусобақаларини ташкил қилди.

Яна ўқинг:  Касбим – фахрим, оилам – бахтим

Спорт фестивали доирасида сузиш, синхрон сузиш, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, спорт рақси мусобақаларида ҳар бир жамоа таркибида 16-20 нафардан иштирокчи қатнашди. Фестивалда жами 300 нафардан 1997-2002 йилларда туғилган ўсмирлар ва 1999-2004 йилларда туғилган қизлар ўз тоифаларида кураш олиб боришди.

Спорт фестивалини ўтказишдан асосий мақсад спортчи қизлар ўртасида спортнинг ушбу турларини мунтазам ташкил этиш орқали спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишларини ташкил этишдан иборат. Бундан ташқари стол тенниси мусобақалари ҳам болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш билан бир қаторда уларнинг жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда бўлишларини таъминлайди.

Ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган ва мурувватга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш халқимизга хос азалий одатлардан биридир. Ана шу одатни ўзларига дас­туруламал сифатида белгилаб фаолият олиб бораётган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мана 20 йилдирки ушбу эзгу йўналишда толмай беминнат хизмат кўрсатиб келмоқда. Асосий мақсади инсонларга беғараз кўмак бериш бўлган “Соғлом авлод учун” жамғармаси ходимларига эзгу ишларингиз бардавом бўлсин деймиз.

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Sog`lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: