Резус мусбат ва манфий омил: унинг ҳомилага таъсири хусусида
Кўпинча атрофимиздаги одамлардан “қон гуруҳим бир манфий экан ёки икки мусбат экан”, деган ва шунга ўхшаш гапларни эшитамиз.
Бироқ, барчамиз ҳам бунинг туб моҳиятини тўла англаб етмаймиз. Шунчаки қон гуруҳимизнинг мавжудлигини бор ҳолича табиий деб тушунамиз. Аммо, айрим ҳолларда қон гуруҳимиз саломатлигимизга қандай таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ёш оналаримиз оғир ҳолатларга тушиб қолмаслиги учун қуйида малакали мутахассис тавсиялари асосида ҳомиладор аёлларнинг қон гуруҳи ҳамда унинг резус омилига доир қисқача маълумотларни бериб ўтамиз.
– Эр-хотиннинг қон гуруҳи ва резус омили бўлажак ҳомиладорликда ва бола тўғри ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Турмуш қурган ҳар бир йигит-қиз ўз қон гуруҳи ва резус омили ҳақида яхши билиши лозим.
Маълумотларга қараганда, резус омил – эритроцитлар сиртидаги оқсил экан. Статистикага кўра ер юзи аҳолисининг 85 фоизи мусбат резус омил соҳиби, қолган 15 фоизида эса бу оқсил йўқ ва улар резус манфий омил эгаси саналади.
Агар резус омили манфий бўлган киши қонига мусбат резусли эритроцитлар тушса, улар иммун тизими томонидан бегона деб қабул қилинади ва организмда уларга қарши антитаналар ишлаб чиқарила бошлайди. Натижада резус зиддият келиб чиқади. Шу сабаб ота-онанинг қайси резус омилга эга эканлиги бўлажак бола учун ҳам жуда муҳим. Ота ҳам, она ҳам мусбат резус омилга эга бўлса, бу бола ҳам мусбат резус омил билан туғилади. Агар бўлажак ота-она резус манфий омил соҳиби бўлса, боланинг резус омили ҳам манфий бўлади. Онада резус омили мусбат, отада эса манфий бўлганда ҳам ҳомиладорлик даври қийинчиликсиз кечади. Бироқ, она резус манфий, ота резус мусбат омилга эга бўлганда эса резус зиддият юзага келиб, ҳомиладорликка хавф туғдиради. Бунда ҳомиладор аёлнинг организми резус мусбат омилли ҳомилага қарши антитаналар ишлаб чиқара бошлайди. Ҳомиладорликнинг иммун тизими боладаги резус мусбат омилга эга бўлган эритроцитларни бегона деб қабул қилади. Резус антитаналар йўлдошга сингиб, ҳомиланинг эритроцитларини бузишга тушади. Бунда қонда билирубин миқдори ошади ва бола танаси сариқ рангга киради. Емирилиб бораётган эритроцитлар ўрнини тўлдириш учун жигар ва талоқ тезлик билан ишлай бошлайди ва ҳажми катталашади. Аммо бунинг уддасидан чиқа олмайди. Натижада болада камқонлик, интоксикация (заҳарланиш), ҳаёт учун муҳим аъзолар фаолиятининг бузилиши каби ҳолатлар юзага келиши мумкин. Хасталик бола туғилгач ривожланиб, унга резус манфий қон қуйиш талаб қилинади.
Тўғри муолажа ёрдамида бир қарашда фожеа бўлиб туюлган бу салбий ҳолатнинг олдини олиш мумкин. Бунда аёлнинг аввалги ҳомиладорлик даври қандай кечгани инобатга олинади. Аёлда бола тушиш ҳолатида 3-4 фоиз, туғруқдан сўнг эса 10-15 фоиз ҳолатларда қонда антитаналар ҳосил бўлади. Яъни, бу ҳомиланинг қанча эритроцитлари онанинг қон айланиш тизимига ўтиб улгурганига боғлиқ. Барча ҳолатларда резус зиддиятнинг олдини олиш чораларини кўриш лозим.
Биринчи ҳомиладорликда резус манфий омилга эга бўлган онанинг қонида антитаналар йўқлиги сабаб ҳомила билан резус зиддият келиб чиқмайди. Биринчи ҳомиладорликда организм антитаналарни кўп миқдорда ишлаб чиқариб улгурмайди. Шунга қарамай аёл организмида “хотира тўқималари” бўлиб, кейинги ҳомиладорлик даврида улар тезда резус омилга қарши антитаналар ишлаб чиқаришни бошлаб юборади. Шунинг учун резус манфий қонга эга бўлган ҳомиладор аёлларда доимий равишда антитана миқдори ўлчаб турилади. Бола соғлом туғилиши учун ҳомиладорлик даврида керакли муолажалар ўтказилиши ва бўлажак она доимий равишда шифокор назоратида бўлиши лозим.
Резус манфий омилга эга бўлган ҳомиладор аёл туғиши билан гўдакнинг резус омили ҳамда унинг қонидаги билирубин миқдори текшириб кўрилади. Агар боланинг қони мусбат резус омилни кўрсатса, онага 72 соат ичида кечиктирмасдан антирезус иммуноглобулини эмдори қилинади. Бу аёлнинг кейинги ҳомиладорлигида резус зиддият келиб чиқиш хавфининг олдини олади. Бу ҳомиласи тушган аёлга, шунингдек, бачадондан ташқаридаги ҳомиладорликни бошидан кечирганлар учун ҳам тегишли.
Бундан кўриниб турибдики, агар ҳомиладор аёллар ўз вақтида керакли тавсиялар асосида ўз соғлиқларига, ҳомиласига эътиборли бўлса, қондаги ўзгаришлар унинг ва туғилажак фарзандига ҳеч қандай хавф солмайди.
Тиббиёт фанлари номзоди, неонатолог Феруза НАЗАРОВА тавсиялари асосида Майна ҲАСАНОВА тайёрлади