Кечаги кун ҳикмати
ёхуд набирам билан суҳбатлар
1
Бола қизиқишлари сарҳад билмайди, бир саволига жавоб бериб улгурмай иккинчи, учинчисига дуч келасиз. “Нега”,”нима учун”ларнинг изи узилмайди.
– Бобо, айтинг-чи, Ватан дегани нима? – сўради бир гал тушунчалари қати эндигина кенгайиб бораётган Асқаршоҳ.
У менинг набирам, юқорида тилга олинган “билмасвой”лардан бири. Сўраган нарсасини миридан-сиригача тушунтирмасдан қутула олсангиз, истаган шаҳрингиз сизники.
– Ватан – ҳар кимнинг киндик қони тўкилган жой.
– Бўлмаса шу ҳовли менинг Ватаним экан-да?
– Шундай болам, ёшинг ўсавергани сайин сенинг тасаввурингдаги Ватан тушунчаси кенгайиб бораверади.
– Бу нима деганингиз?
– Биз яшаб турган кўча кимники? – навбатдаги саволга савол билан жавоб бераман.
– Бизники.
– Маҳалла-чи?
– Уям бизники.
– Ана кўрдингми, кейин қишлоқ, туман, вилоятинг билан фахрланасан, шу билан сен яшаб турган мамлакат ардоқлиларнинг ардоқлисига айланади. Вояга етиб, чет элларга чиқсанг, юртингни сўраганларга баралла овозда “Менинг Ватаним – Ўзбекистон” дея жавоб берасан.
– Спортчиларга ўхшаб мамлакат байроғини ҳам кўтараманми?
– Албатта, бунинг учун аъло ўқиб, чуқур билим олишинг, жисмонан чиниқишинг керак.
– Энди тушундим бобо, Ватан шаънини яхши одамлар улуғлар экан, мен Ўзбекистонга яхши ўғил бўламан…
Шу суҳбатимиздан бери бир неча йил ўтди. Набирам бу йил 3-синфга борди. Агар дарсларига вақтида тайёргарлик кўрмаса, яхши ўғлон бўлолмаслиги билан қўрқитаман. Анчагина тиришқоқ, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириш билан бирга бинойигина расмлар чизади, ҳар чизган тасвирининг бир чети албатта Ватан байроғига ажратилади ва чиройли ҳарфлар билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган сўзлар битилган бўлади.
– Нега ҳар гал бир хил сўзларни ёзиб қўйяпсан? – сўрайман ундан.
Асқаршоҳ “шуни ҳам билмайсизми” дегандек лаб буради:
– Ахир бу мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган шиор-ку.
Набирам билан суҳбатлар туртки бериб, унинг бахтли болалик онлари билан ўзимникини таққослайман.
2
– My name is Askarshokh, what is your name?
Момоси набирасининг гапларини тушунмай, анграйиб қолди:
– Нима деяпсан болам, тушунмадим.
– “Менинг исмим Асқаршоҳ, сизнинг исмингиз нима?” – деб сўраяпман.
– Қаердан билай, болам, тилингни тушунмасам.
– Шунча ёшга кириб ҳам инглизчадаги шу оддий сўзларни билмайсизми, – ҳайрон қолади набирам.
Момоси қандай жавоб қайтаришни билмайди.
…Мактабимизга кексагина татар аёл йўлланма билан чет тили ўқитувчиси бўлиб келди. Қишлоқдаги ягона мактабга директорлик қилаётган отам мактаб ҳовлисидаги уч хонали уйни таъмирлатиб, унга қўлидан келганича шароит яратиб берди.
– Бешинчи синфдан бошлаб чет тили ўтиларкан, – янгилик топиб келди шу синфда ўқийдиган акам.
Ҳаммамизнинг унга ҳавасимиз келиб, тезроқ бешинчига ўтишни орзулай бошладик, аммо янги ўқитувчи ўша ўқув йили тугамай кўч-кўронини йиғди:
– Хафа бўлманг, Янгибой ака, – деди у отамга, – болаларнинг қизиқиши зўр, айтган нарсамни ўзлаштириб олишаяпти, шу боис, уларни кўзим қиймаяпти. Аммо қишлоғингизда на дўкон, на ҳаммом, на ошхона, на дам олиш учун клуб бор, мен бундай дунё бехабар жойда яшашни истамайман…
Момо-набиранинг суҳбатини эшитиб, мулоҳаза юритиб кўрсам, ўша аёлнинг куйинганича бор эди. Бетартиб қурилган пастқам лойсувоқ турар жойлардангина иборат, табиий газ тугул, электр таъминоти ҳам бўлмаган қишлоққа маданий ҳаётга ўрганган киши қандай сингишиб кета оларди?
Эндиликда шаҳарча мақомини олган қишлоғимизда бир эмас, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа барча замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланган бешта умумтаълим мактаби, битта касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатиб турган, уларнинг ҳаммасида чет тили махсус ўқув хонасида ўтилаётган бир пайтда бугунги кун боласига эллик йиллаб мактабда мутахассис етишмагани учун чет тили ўтилмай келганини қандай изоҳлаб бўларди?
– Бахтли болалигингизга, осуда осмонимизга, фаровон турмушимизга кўз тегмасин, болам, – дейман набирамга.
3
Олийгоҳни тугатганимга яқинда ўттиз тўққиз йил тўлади. Ўзим таҳсил олган қадрдон мактабга ўқитувчи бўлиб ишга келганимда йигирма бир ёшга киргандим. Тутқич бермас йиллар сониялар мисол ўтиб кетибди, ҳадемай олтмишнинг сарҳадига қадам қўяман.
Ёш ўтавергани сайин отам раҳматли айтган бир гап тез-тез қулоғим остида жаранглайдиган бўлиб қолган:
– Болам, ўтмиш аждодларимиз “орқа-олдингга қараб қадам ташла” деб бежиз айтишмаган. Ҳар бир ишга қўл урганингда шу ҳикматли гапни ёдга ол, амал қил, олган фойданг ўзингники, кўрган зарарингга мен кафил…
Энди ўйлаб кўрсам, инсон гоҳ-гоҳ ўзи босиб ўтган ҳаёт йўлига разм ташлаш эҳтиёжини ҳис қилар ва бу эҳтиёж кишини бирни кўриб зикр ҳамда фикр қилишга ундар экан. Набирам билан суҳбатлар асносида ўзим ишлаётган соҳа – мактаб таълимидаги ислоҳотларнинг айрим қирраларига мухтасар назар ташладим. Назарки, кечаги кундан хулоса чиқариб, эртанги кунга дадил қадам қўйишга бошлайди. Кечаги кун ҳикмати истиқлол нақадар улуғ неъмат эканини чуқур ҳис қилишга ундайди.
Абдунаби АБДИЕВ