Яхши яшаш – бахтли оила ва шинам хонадонда татийди

Ўз қўрғонингга эга бўлиш қандай яхши-я. Шинам, ёруғ, кенг, айниқса, у пойтахт марказида жойлашган бўлса. Ҳамкасбим Фарҳод Эшмўминовга ҳам яқинда мана шундай хонадонларнинг бири насиб этди.

Бу бежизга эмас, унинг ОАВларида чоп этилган туркум мақолалари ва шунинг меваси ўлароқ эришган “Йилнинг энг фаол журналисти” мукофоти бунга замин бўлди. Бундан ота-онаси ҳам беҳад мамнун. Улар учун фарзандининг эришаётган ютуқларини кўришдан-да ортиқ бахт бўлмаса керак дунёда. Айниқса, кексалик гаштини гўзал пойтахтимизнинг гўзал гўшаларидан бирида шинам хонадонда суришнинг ҳам ўзгача сурури бор.

Бугунги кунда ёшларга мурожаат қилар эканмиз, улар фақат бир нарса ҳақида гапиришади. У ҳам бўлса, юртимизда ёш ўғил-қизларга яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар ҳақида. Дарҳақиқат, миллат таянчи ҳисобланмиш ёшлар ҳеч қайси давлатда бизники каби ардоқда бўлмаса керак. Ҳозирда айрим хорижий давлатларда ёшлар тинч ва осуда ҳаётни, ўзларининг уйлари бўлишини фақатгина орзу қилишади, холос. Фарзандларимиз эса бундай бахтга мушаррафдирлар.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳозирга келиб кўплаб ёш оилалар “Камолот” уйлари орқали ўз хонадонларига эга бўлган бўлса, бундай имкониятдан фойдаланиш иштиёқида юрган ёшларимиз эса катта ютуқларга эришиш учун қайси йўналишда бўлмасин тинмай ўқиб, изланмоқда.

Юртбошимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимизда ёш оилалар манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар кўламини янги босқичга кўтарди. Бу жамиятимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилаётган ёшлар ва уларнинг оилалари учун катта рағбат бўлди.

“Камолот” уйларини ёш оилаларга бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, бундай хонадонларни турар-жой шароитларини яхшилашга муҳтож сифатида ҳисобда турган ҳамда фан, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган, шунингдек, ариза берилган пайтда 30 ёшдан ошмаган эр-хотинлар ипотека кредити асосида сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Камолот” уйларидаги сотиб олинадиган хонадонлар қийматини тўлаш учун бошланғич бадал тўламасдан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган фоизли ставка билан 20 йил муддатга, жумладан, 5 йиллик имтиёзли даврга бериш белгилаб қўйилгани ёш оилалар учун катта имкониятдир.

Яна ўқинг:  Кўнгилларда байрам шукуҳи

Шунингдек, “Камолот” уйлари кредитлари тижорат банкларидан кўчмас мулк учун ёш оилаларга бериладиган бошқа имтиёзли кредитларга нисбатан кредитнинг умумий муддати ва имтиёзли даври узоқ. Бу ёш оилаларга кредитларни ўз вақтида қийналмай қайтариш имконини беради.

Яна бир жиҳати, мазкур замонавий уйларни қуришда ёшларнинг оилавий шароити ҳисобга олинган. Масалан, янги турмуш қурган ёш оилаларга икки хонали, икки ва ундан кўп болали оилаларга уч хонали уйлар берилаётир. Бу оилаларнинг нафақат турмуш шароитини яхшилаш, балки фарзандларини ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказишдек эзгу интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: