ИНСОНПАРВАРЛИК – ДУНЁ ТАЯНЧИ

Жаҳондаги барча миллатларда инсонпарварлик ғояси умумбашарий қадрият ҳисобланади. Аждодларимиз эса асрлар оша меҳру мурувват, саховат, бағрикенглик каби чин инсоний фазилатларни қадрлаб келади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами – кам таъминланган ва кўп болали фуқаролар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ёки имконияти чекланганлар, “Меҳрибонлик уйи”, “Гўдаклар уйи” “Мурувват уйи” тарбияланувчилари ва “Саховат уйи”даги кекса ва ёлғиз қариялар ҳамиша Юртбошимизнинг диққат-эътиборида. Чунки, меҳру мурувват – дунёни ёмонликлардан асрагувчи метин қўрғон. Зеро, халқимизда “Яхшилик қил, дарёга сол, балиқ билади, балиқ билмаса Холиқ билади” деган мақол бежиз айтилмаган.

Жаннатмакон юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, ҳар соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли туб ислоҳотлар ҳамда бунёдкорлик ишлари, она Ўзбекистонимизнинг кундан кунга чирой очиб бораётгани Президентимиз томонидан олиб борилаётган юртпарварлик сиёсатининг муҳим бўғинидир. Чунки, осмони мусаффо, тинч заминда ана шундай улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.

Президентимизнинг 1993 йил 23 апрель ПФ 596-сонли фармонига асосан Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг ташкил этилганига бу йил йигирма йил тўлади. Ўтган йиллар давомида жамғарма ва унинг вилоятлардаги филиаллари ҳамда шаҳар, туман таянч масканлари, пойтахтдаги Тиббий-ижтимоий маркази, ҳудудлардаги “Амбуланс” тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари жамоаларининг халқ саломатлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Бу хайрли ва беғараз, инсонпарварлик эзгу амалига мана бир неча йилдан бери яна бир жамоа қўшилди. Яъни, Ҳудудлараро тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси ҳам халқ орасида катта эътибор қозонди. Корея Республикасининг “КОFIH” жамғармаси томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасига тақдим этилган мобиль клиника Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги 69-сонли қарорига асосан фаолият юритмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир давлат дастурларини амалга ошириш, мурувват, таълим, спорт, тиббиёт, халқаро ҳамкорлик йўналишидаги кенг кўламли дастурларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарма Корея Республикаси, АҚШ, Туркия Республикаси, Россия Федерацияси, Малайзия Федерацияси, Финляндия Республикаси, Миср Араб Республикаси, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги каби хорижий давлатларнинг инсонпарварлик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. “Фриденздорф Интернейшнл” (Германия) халқаро ташкилотининг грант маблағлари асосида жамғарма ташаббуси билан 2013 йилгача республикамизнинг турли ҳудудларидан жами 505 нафар юз-жағ соҳасида туғма нуқсони бўлган ҳамда таянч-ҳаракат тизими аномалиялари мавжуд бемор болажонлар жарроҳлик йўли билан даволандилар.

Мана бир неча йилдан бери анъанавий тарзда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК билан ҳамкорликда экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини тиббий текширувдан ўтказиш ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саломатлик поезди” ташкил этилмоқда. Ўтган йилда ушбу поездда сафарда бўлган шифокорлар ва жамғарма ходимлари Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг чекка-чекка ҳудудларида бўлиб, аҳолига беминнат хизмат кўрсатишди.

Ўтган йил мобайнида “Она ва бола скрининги” Давлат дастурини сифатли амалга оширишда тандем масс-спектрометр ускунаси қўл келди. Бу тиббий ускуна “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан Республика Скрининг марказига 2011 йил декабрь ойида топширилган эди. Ушбу ускуна моддалар алмашинувининг ирсий бузилиш хасталикларини аниқлашда ёрдам беради. 2012 йилда яна 800 нафар ушбу касаликка мойил гўдаклар тиббий текширувдан ўтказилди. Мамлакатимиз бўйича Республика Скрининг маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари томонидан ўтган йилда жами 487072 нафар гўдаклар туғма гипотериоз ва фенилкетонурия касалликларига нисбатан текширилди. Шулардан 7345 нафарида туғма гипотериоз ва 2528 нафарида фенилкетонурия ирсий хасталиги аниқланди. Улар Республика Скрининг маркази ва унинг филиаллари томонидан махсус болалар озуқаси ҳамда дори-дармонлар билан бепул таъминланмоқда.

Яна ўқинг:  ҚАДРИЯТГА АЙЛАНГАН ФАОЛИЯТ

Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси 2012 йилда неонатал (гўдакларда) ва пренаталь (ҳомиладор аёлларда) скрининг текширувларини ўтказиш учун Республика Скрининг марказига 2 407,2 АҚШ доллари миқдоридаги реагентларни мурувват ёрдами сифатида топширди. “Она ва бола” скрининги” Давлат дастурининг 3 бандини бажариш мақсадида, яъни, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш учун ўтган йили 32 минг нусхада “Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарари”, “Шахсий гигиена”, “Скрининг нима?” номли ва шу каби буклет ва тарқатма материаллар жамғарма томонидан чоп эттирилиб, тиббий текширувдан ўтаётган фуқароларга бепул тарқатилди.

Болаликдан ногирон туғилишнинг олдини олиш мақсадида туғма ва ирсий хасталикларни барвақт аниқлаш учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида” 2008 йил 18 июнь ПҚ-892-сонли қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этди. Жамғарма ўтган йил якунига кўра берилган ҳисоботга асосан “Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 22 февралдаги 71-сонли қарорини амалга ошириш жараёнида маҳаллий ҳокимиятлар, маҳалла қўмиталари, ва жойлардаги тиббиёт бош­қармаларининг мутасадди ходимлари билан ҳамкорликда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасига қарашли кўчма тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан режали равишда республика бўйича 41613 та оиланинг ижтимоий-психологик ҳолати ҳамда 1045 та энг чекка қишлоқлар ва 2720 та маҳалла аҳолисини тиббий текширувдан ўтказишди. Шундан 210287 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса, уларнинг 60159 нафарини болалар ва 108279 нафарини хотин-қизлар ташкил этди.

Хорижий ҳомий ташкилотлар томонидан мурувват ёрдами сифатида жамғармага топширилган ОАП комбайни ҳамда офтольмологик жарроҳлик микроскопи Самарқанд вилояти кўз касалликлари шифохонасига тақдим этилди. Аҳоли кўз касалликларини бепул аниқлаш ва уларга маслаҳат бериш ҳамда ташхис қўйишда юқорида таъкидланган тиббий асбоб-ускуналар қўл келмоқда.

Корея Республикасининг “КОFIH” халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда жамғарма Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонасида йил давомида 3255 нафар болани соғломлаштиришда ҳамда Юқоричирчиқдаги “Ариранг” номли саховат уйи”да ёлғиз кексаларни тиббий кўрикдан ўтказишда кўмаклашди. Ўтган йил давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва унинг вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари ҳамда туман таянч масканлари томонидан аҳолидан жами тушган 2757 та аризалар кўриб чиқилди. Шундан 626 таси жамғарманинг Марказий аппарати томонидан ўрганилди. Ота-оналардан тушган 75та аризада туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларни операция қилишда ёрдам сўраб мурожаат этилган.

Яна ўқинг:  БОЛАКАЙ

ЎҚУВ ДАСТУРЛАРИ

Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида жамғарма бир қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда. Яъни, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва унинг вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий бўлимлари, туман таянч масканлари мутахассис-шифокорлари томонидан олий ўқув юртлари, коллеж, лицей ва мактабларда кашандалик ва гиёҳвандлик ҳамда спиртли ичимликларнинг зарари, яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ нимаси билан хавфли, ОИВ ва ОИТС, жинсий йўллар билан юқувчи касалликлар ва уларнинг хавфли асоратлари хусусида, соғлом оилани шакллантириш, камқонлик ва йод танқислиги, болалар ва фертиль ёшидаги аёллар касалликлари каби турли мавзуларда талаба ва ўқувчи ёшларга маърузалар ўқилди. Пойтахтдаги Тиббий-ижтимоий марказда бир неча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган “Ёш оналар мактаби” бўлажак оналар учун ҳомиладорлик даври ва туғруққа тайёргарлик, шахсий гигиена, камқонликнинг профилактикаси ҳамда она сутининг аҳамияти ва гўдак парвариши хусусида уларнинг тиббий саводхонлигини оширишда ёрдам бермоқда.

Оналик ва болаликни муҳофаза этишга доир мақолаларни чоп этишда жамғарма муассислигидаги “Соғлом авлод учун” журнали ва “Соғлом авлод” газетаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИРЛАР

Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан республика бўйича жами 2478 та маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, 2012 йилда “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида ўтказилган “Мен ва менинг Конституциям”, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган “Энг гўзал ҳарбий аёл” кўрик-танлови, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бастакорлар уюшмаси билан ҳамкорликдаги “Санъат ғунчалари” республика кўрик-танлови шулар жумласидандир. Шунингдек, 2012 йилда Самарқанд ва Бухоро ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Сен ёлғиз эмассан” Республика болалар жамоатчилик жамғармаси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандлари учун юртимизнинг қадимий шаҳарларига саёҳат уюштирилди.

Ҳар йили “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”да ўтказиладиган “Ҳар бир болага меҳр ва эътибор” тадбири ҳам катта аҳамиятга эга. Ўтган йили республика бўйича жамғарма томонидан 118 та ана шундай тадбир ўтказилди. Унда 27 минг 688 нафар “Меҳрибонлик уй”лари тарбияланувчилари ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандлари иштирок этишди.

СПОРТ ТАДБИРЛАРИ

Жамғарма ва унинг филиаллари томонидан 2012 йилда 1176 та спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди. Жумладан, “Сен ёлғиз эмассан” Республика болалар жамоатчилик жамғармаси билан Бўстонлиқда анъанавий экотуризмга бағишланган “Чимён экстрим” фестивали ўтказилди. Март ойида эса ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда “Соғлом авлод учун” кубоги учун “Нафосат олами” болалар спорт фестивали ўтказилди. Март ойида Республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида спорт билан шуғулланувчи мактаб, академик лицей, ҳарбий-спорт коллежлари ўқувчиларидан 15908 нафарига Президент совғаси сифатида спорт кийимлари ҳадя этилди.

Яна ўқинг:  САНЖАР ТУРСУНОВ – ЙИЛ ФУТБОЛЧИСИ

Яна бир қатор мутасадди ва ҳомий ташкилотлар билан “Соғлом авлод учун” жамғармаси ҳамкорликда “Ботирлар” ҳарбий-спорт ўйинларини ўтказди. Ўтган йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Кар-соқовлар спорт федерацияси билан ҳамкорликда кар-соқов ва заиф эшитувчи болалар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди. Ушбу тадбирда иштирок этган қатнашчиларга жамғарманинг қимматбаҳо совғалари топширилди. Ўтган йили июнь ва ноябрь ойларида икки марта Ўзбекистон Синхрон сузиш федерацияси ташаббуси билан “Саховат спорт сервис” сув спорти саройида “Соғлом авлод учун” кубоги мусобақалари ўтказилди. Ушбу мусобақаларнинг ҳар бирида юз нафардан спортчи қизлар иштирок этишди. “Соғлом авлод учун” жамғармаси, Республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда анъанавий республика “Кичкинтой-ширинтой” спорт беллашувлари бўлиб ўтди. Бу мусобақалар икки босқичда август-сентябрь ойларида ўтказилди. Турнирда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари иштирок этишди. Ўтган йилнинг октябрь ойида пойтахтда имконияти чекланган ва соғлом болалар ўртасида спорт мусобақалри ўтказилди. 106-заиф эшитувчи болалар мактаби ўқувчиларига жамғарманинг совғалари топширилди. Яна шу ойда бир қатор ҳомий ташкилотлар томонидан “Ўзбекистон Миллий боғи”да “Экстрим – гиёҳвандликка қарши” номли X ёшлар фестивали ўтказилди. Бу фестивалда ҳам жамғарма ғолибларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. Ноябрь ойида Ўзбекистон Хотин-қизлар Қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган “Гимнастика – барча учун” ва яна шу ойда жамғарманинг Тошкент шаҳар таянч маскани Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда пойтахтдаги оилавий жамоалар ўртасида “Спортчилар оиласи – мустаҳкам оила” шиори остида мусобақалар ўтказилди. Декабрь ойида эса IX анъанавий ўсмирлар ўртасида республика стол тенниси мусобақалари бўлиб ўтди. Ҳар доимгидек мусобақа иштирокчилари “Соғ­лом авлод учун” кубогини қўлга киритиш учун беллашдилар.

Жамғарма томонидан амалга оширилаётган бу каби хайрли тадбирлар ва спорт мусобақалари ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан баркамол вояга етишида муҳим аҳамиятга эгадир. Барча хорижлик ҳамкор ташкилотларимиз қаторида Кореянинг яна бир халқаро “Save the Childrеn” ташкилоти ҳам “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасига туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларни жарроҳлик йўли билан даволашда оксигенаторлар ва уларнинг линиялари каби тиббий асбоб-ускуналарни инсонпарварлик ёрдами сифатида тақдим этди. Бу тиббий ускуналар Тошкент Педиатрия тиббиёт институтига топширилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки жамғарма бундан кейин ҳам халқимиз генофондини соғломлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг жисмонан ва руҳан, интеллектуал жиҳатдан баркамол вояга етишларида ўз куч-ғайратини аямайди дея ишонч билдираман.

Нозимжон МЎМИНОВ,

Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ижрочи директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: