Қалбида қуёш яшайди

Газета таҳририятида иш бошлаган кунларимда қўшни “Тонг юлдузи” таҳририятида ишлайдиган синчалакдек серҳаракат, сермулозамат аёл эътиборимни тортди. У очиқ чеҳраси билан доимо салом-аликни канда қилмас, атрофида “ғужғон” ижодкор болалар билан доимо суҳбатда бўлар эди. Жамила Ҳайдарова билан шу йўсинда танишгандик.

Фалакнинг гардишини қарангки, йиллар ўтиб Жамила опа таҳририятимизга ишга ўтди. Қотмадан келган, кичик жуссасида ҳамиша кимнингдир оғирини енгил қилишдек улкан масъулияти бор. Таҳририятдан берилган топшириқларни, ўзига юклатилган вазифаларни вақтида бажарар, янги-янги мавзуларга қўл урар, шунингдек, таҳририят қошида ўзи ташкил этган “Нафис ғунчалар” тўгараги аъзоларига ижод сир-асрорларини ўргатиш учун ҳам вақт топар эди.

Рўзғор ташвишларию, фарзандлар тарбиясидан ортиб, ижодга шўнғиган опанинг баъзан ўйчан боқишлари, баъзан ғайрат акс этиб турган нигоҳига қараб барча ишларга қандай улгурар экан, деб ўйлаб қолади киши.

Тушлик пайтлари ўзаро суҳбат чоғи болалиги ҳақида кўзлари ёниб гапираётган Жамила опага қараб, ўзи ҳам яна болага айлангандек бўлганини кўрардим. Аниқ фанга асосланган ҳисоб-китоб илми иқтисодчиликдан ижодкорликкача йўлни босиб ўтган ҳамкасбим устозлари ҳақида тўлқинланиб гапиради:

– Менда ижодга бўлган ҳавасни ота-онам уйғотган. Чунки, падари бузрукворим Мусоқул ота биз қатори ўйинқароқ қўни-қўшниларнинг болаларини кечқурун атрофига йиғиб Фузулий, Навоий, Муқимий, Фурқат каби буюк ўзбек мутафаккирларининг ғазалларини уларга ўқиб берар эди. Онажоним Махфират ая эса уй ишлари билан банд чоғида ширали овозда “Қора кўзим”, “Фиғонким” каби мумтоз қўшиқларни куйларди. Ота-онам оиладаги саккиз нафар фарзанднинг дилига йўл, тарбиясига вақт топган.

Жамила опанинг отаси Мусоқул бобо қурилишда бригадир ва иш бошқарувчи бўлиб ишласада, ижодга ҳаваси баланд бўлгани боис қизининг иштиёқини ҳамиша қўллаб – қувватлар эди.

Унинг илк шеърлари “Пахтакор овози” туман газетасида чоп этилди. Бир куни Нарпай тумани ёшлар анжуманида у ўзининг тинчлик ҳақидаги шеърини ўқиб олқишга сазавор бўлди. Юқори синф ўқувчисининг иштиёқ билан жарангдор овозда ўқиган шеърига зал сув қуйгандек жим бўлди. Сўнгра анжуман иштирокчилари қатори туман раҳбари Азим Тиллаев (раҳматли) ҳам ўз ҳайратини яшира олмай уни олқишлаб қўйди. Кейин туман газетаси бош муҳаррири Умар Алиқуловга қарата “Бу ўқувчига эътибор беринглар, у келажакда Нарпай туманининг шаънини улуғлайди… ”деди.

Яна ўқинг:  Усталар дурдонаси

Бу сўзларга фаришталар омин, деган эканми йиллар ўтиб Ж. Ҳайдарованинг “Она юртим – Нарпайим” номли китоби дунё юзини кўрди.

Бир куни чақалоғи Нуриддинжонни шифокор кўригидан ўтказиб қайтаётган Жамила опага устози, туман газетасининг кейинги бош муҳаррири Тошпўлат Тошмуродов дуч келди. Салом-аликдан сўнг устоз шогирдига танбеҳ берди. “Ҳа, қиз бола турмушга чиққач, рўзғор ташвишлари билан ўралашиб, сўниб қолар эканда-а?! Нега газетамизга ёзмай қўйдингиз? Сиздан янги шеърлар кутиб қоламиз”. Бу сўзлар унга қаттиқ таъсир қилди. Тонггача мижжа қоқмаган опа дам гўдагини овутиб, дилдаги туғёни акс этган ижод намуналарини эрталаб бош муҳаррир столи устига қўйди. “Ана иш бошқача бўлибди, яшанг” деган Тошпўлат аканинг далдаси унга куч бағишлади гўё. Туман газетаси қошидаги “Умид ғунчалари” тўгараги уни ҳаваскор ижодкор сифатида кашф этган бўлса, ҳаётда олган сабоқлари унинг иродасини тоблади.

Жамила Ҳайдарованинг илк шеърий тўплами “Оқ тонглардан излайман” дея номланди. Кейинчалик опа оиласи билан пойтахтга кўчиб келди. Бу ерда у “Тонг юлдузи” номли Республика болалар ва ўсмирлар газетасида бўлим муҳаррири, масъул котиб, кейинчалик “Ғунча” журнали ва “Соғлом авлод” газеталарида ҳам масъул вазифаларда фаолият юрита бошлади. “Баҳор элчилари турналар”, “Камалак”, “Она юртим – Нарпайим” каби шеърий ва насрий тўпламлар унинг машаққатли меҳнат ва ижод маҳсулидир. Ж. Ҳайдарованинг болаларга бағишланган энг сара ижод намуналари кичик мактаб ёшидаги болажонларнинг дарсликларига ҳам киритилган. Кўплаб шогирдлари қатор республика танловлари ғолиблари, олий ўқув юрти талабалари бўлди.

Ж. Ҳайдарова “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловининг мукофотига сазовор бўлди. “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови совриндори, “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳибига айланди. “Йил аёли” республика танловида фаол иштирок этди.

Ҳар бир инсон ўтаётган ҳаёт йўлига боқиб, аввало ундан ўзи қониқиш ҳис этиши керак. Бу ҳам шукроналикдир аслида. Жамила опа турмуш ўртоғи билан фарзандлари Нуриддинжон ва Моҳинурхонни эл хизматига камарбаста этиб тарбиялади. Келини Гулнозахон ҳам набираси Нурмуҳаммаджон тарбиясида ойижониси ўгитларидан андоза олмоқда. Унинг умр йўлларини нафақат фарзандларининг ютуқлари, балки шогирдларининг залворли муваффақиятлари ҳам нурафшон этаётир. Демак, Жамила опанинг қалбида қуёш яшайди…

Яна ўқинг:  OBUNAGA SHOSHILING!

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: