БАХТИЁР МУАЛЛИМ – бахти бор устоз

Ҳар йили юртимизда энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик байрами арафасида фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи мукофотланади. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги
90-умумтаълим мактабида информатика фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган Бахтиёр Каримов ҳам “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони билан мукофотланди.

– Алишер, сен билан ўтказган ёзимиз ниҳоятда самарали бўлибди, – шогирдининг информатика фанидан тузган дастурини ўқиркан монитордан кўз узмай, – деди Бахтиёр ака.

– Кўрдингми, фанни ўзлаштирмайдиган бола бўлмайди. Фақат баъзилар тортинчоқлик қилиб фикрини кўпчилик олдида айтишдан чўчийди, натижада у кундан кунга ўзлаштиришдан орқада қолиб кетаверади. Қарабсизки, у қолоқ ўқувчи бўлиб қолади.

Бахтиёр ака шогирдини елкасига меҳр билан қоқиб хайрлашди, беихтиёр ёдига устози “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” Дилбар Азимованинг ўгити тушди.

– Бахтиёр, ўқитувчилик мураккаб касб. У, аввало, ўқувчини ўз боласи деб билиши, яхши ўқийдиганини эркалатиб, ёмон ўзлаштираётганини беэътибор қолдирмаслиги керак. Аслида ёмон ўқувчи бўлмайди. Ўқитувчининг ўқитувчилиги дарсни ўзлаштиришга қийналадиган болада ўзига нисбатан ишонч уйғота олишида. Чинакам педагог ҳар бир болада бир даҳони кўра билади, ундаги ғайрат, билимни юзага чиқара олади. Бундай ўқитувчининг фанида қолоқ ўқувчи бўлмайди.

Бахтиёр ака бу ўгитга бутун иш фаолиятида содиқ қолди. Дангаса, эркатой болалар билан алоҳида ишлашдан эринмади.

Информатиканинг дастлабки босқичи бўлган ЭҲМ дарсларида ҳам Бахтиёр ака синфдаги 30 нафар ўқувчининг қалбида бу дарсга меҳр уйғотишга ҳаракат қилади.

Истиқлолнинг илк йиллари бозор иқтисодига ўтиш жараёнида Б.Каримов ташаббуси билан мактабда “Иқтисодий билим асослари” дарси ўтила бошлади. Гарчи бу ташаббус аввалига унча маъқулланмаган бўлса-да, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди ва 138-мактаб бу фанни ўқитишнинг синов майдонига айланди.

Янгиликка интилувчи ва ташаббускор ўқитувчи эса ҳукуматимизнинг “Шуҳрат” медалига сазовор бўлди.

Бахтиёр ака таълим тўғрисида, информатика фанини ўқитиш бўйича 500 дан зиёд мақолалар ёзди. АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони каби 20 дан ортиқ давлатларда бўлиб, таълим жараёнларини ўрганди, тажриба орттирди. Билганларини нафақат ўзи хизмат қилаётган 90-мактабдаги, балки Тошкент шаҳридаги ҳамкасбларига, шогирдларига ҳам ўргатди.

Яна ўқинг:  Боланинг БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ

Информатика дарсликларининг расмий тақризчиси бўлди. Бугунги кунда у Осиё тараққиёт банкининг таълим ва информатика соҳасида халқаро лойиҳаси маслаҳатчиси ҳамдир.

– Ўғлим жуда кўп вақтини компьютерга сарфлаяпти, – хавотирланиб сўради ўқувчиларидан бирининг онаси бир куни мактабга келиб.

– Бу давр талаби. Сиз ўзингиз компьютерда ишлашни, интернетдан фойдаланишни билсангиз, болангизга тўғри йўлни кўрсата оласиз. Бундан 5-6 йил аввал компьютерда фақат турли ўйинлар ўйнашар, жангари фильмлар томоша қилишарди. Бугун ундай эмас. Интернет боланинг, ўқувчининг, ота-онанинг ҳам яқин дўсти, устозига айланган. Интернетдаги қайси сайтга, қайси порталга киришни билсангиз бас.

ZiyoNET порталида “Ота-оналар учун бўлим” бор. Ундан болангизни ва ўзингизни қизиқтирган жуда кўп саволларга жавоб топасиз. “kitob.uz” порталида эса болангиз ўқиши керак бўлган барча бадиий адабиётлар бор. На кутубхонага, на китоб дўконига боришга зарурат қолмайди. Сиз фарзандингиз қайси сайтларга кириши кераклигини маслаҳат берсангиз бас. Унинг бузғунчи, миллий менталитетимиз ва қолаверса, инсонийлик чегараларидан ташқаридаги сайтларга киришга вақти ҳам қолмайди.

Компьютерни билиш – давр талаби. Ҳозир қўл телефони, телевизордан тортиб, маиший техникани ҳам рақамли бошқаришга ўтилди ахир. Компьютер саводхони бўлган, уни техникасини, қурилмасини билган бола ҳаётда ҳеч қоқилмайди. Мен сизга ўз дарсларимнинг электрон вариантини бераман, уйда ўғлингиз билан бирга бемалол дарс тайёрлайверасиз, – жилмайди Бахтиёр ака.

Б.Ҳалимбеков деган собиқ ўқувчим саҳна дизайнини компьютер орқали безашнинг моҳир устасига айланди. Агар унинг ҳам отаси ёки онаси сизга ўхшаб тергаб, компьютердан қайтарганда шу муваффақиятга эришармиди?! Ёки ўғлингизнинг ўртоғи Жалолиддин информатика дастурини бунчалик аниқ туза олармиди, – яхшиси сиз уни тушунишга ҳаракат қилинг.

– Узр устоз, ўғлим сизни нега бунчалик яхши кўради десам, сиз унга қалбан яқин экансиз, – деди аёл хонадан чиқаётиб. Шунда Бахтиёр ака яна устозининг ўгитини эслади. “Ўқитувчининг учта илдизи бўлади.

1. Ўқитувчи шаклланган маънавий дунёқарашга эга бўлиши;

2. Ўз фанини мукаммал билиши;

3. Билганини болаларга етказа олиши.

35 йиллик педагоглик фаолиятида бунга амал қилган Бахтиёр ака шогирдлари қалбида ўз фанига муҳаббат уйғота олди.

– Мен ўқитувчининг ютуғини ўқитган ўқувчисининг неча фоизи унинг йўлидан кетганлигига қараб баҳолайман, – дейди Бахтиёр ака, – бу йил мактабимизни 110 нафар ўқувчи битирган бўлса, улардан 16 таси ахборот технологиялари бўйича ўқув юртларига киришди. Бу эса кишига касбидан фахрланиш билан бирга, ҳаётдан мамнунлик ҳиссини ҳам беради.

Яна ўқинг:  Байрамга совға танлаймиз

Нокамтарлик бўлса ҳам айтаман, истиқлолимизнинг 23 йиллик шодиёналари арафасида Президентимиз фармонига биноан “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” деган юксак унвонга мушарраф бўлдим. Бундай эъзоз кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди. Мақсадим, фарзандларимизни истиқлолнинг муҳташам мактаб биноларини асраб-авайлаш, китобни қадрлаш, чин дилдан илм олишга ундамоқликдир. Зеро, ёш авлодни комил инсон, эл-юрт корига ярайдиган мутахассислар этиб тарбиялаш биз, ўқитувчилар ва мураббийлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: