Фарзанд келажаги тарбияли ота-оналар қўлида
Халқимизда бир йил кейинни ўйласанг дон, ўн йил нарини кўрмоқни истасанг дарахт эк, юз йил нарини кўрмоқчи бўлсанг, фарзанд тарбияла, деган мазмундаги ҳикмат бор. Бундан кўринадики, илмли, маънавиятли ҳар томонлама соғлом авлодни камол топтириш замирида минг-минг йиллар узоқни кўра олиш – юртимиздаги тинчлик, турмушимиз фаровонлиги абадий бўлишини таъминлашдек эзгу ғоя ётибди.
Буни ота-оналар ҳам чуқур ҳис этиб, фарзандини маънан ва жисмонан баркамол бўлиб улғайишини истаб ҳаракат қилаётгани қувонарли ҳолдир. 2014 йилнинг Соғлом бола йили, деб номланишида ҳам мазкур жараённи тезлаштириш, ота-оналар онгу тафаккурида боласининг тақдирига бўлган масъуллик ҳиссини янада оширишдек, эзгу ғоя мужассамдир. Хўш, бугунги тезкор замонда фарзанд тарбиясини қай йўсинда олиб бориш лозим? “Эртаклар ҳақиқатга айланаётган” техника асрида минг йиллардан буён ўтиб келаётган тарбия усулидан фойдаланиш қанчалик мақсадга мувофиқ?
Ота-она борки, бир марта бўлса-да шу каби саволлар устида бош қотирган, унинг ечимини излашга уринган.
“Фарзандларимга мактуб”, “Мўъжиза дунё” каби публицистик китоблар муаллифи, шоир, физика-математика фанлари номзоди Ҳамиджон Тоҳиржонов билан суҳбатимиз ҳам бола тарбиясида оила муҳити, ота-онанинг тутган ўрни хусусида бўлди.
– Сизнингча фарзанд тарбиясида ота-оналар қай жиҳатларга эътибор қаратишлари зарур?
– Ҳеч эътибор берганмисиз, булоқ сувини лойқалатиб бўлмайди. Ҳамиша зилол сув қайнаб чиқаверади. Жилғага айланиб биллурдай товланиб оқаверади. Одамларнинг ўзи ҳам булоқ атрофини тозалаб, уни тириклик неъмати дея эъзозлашади, асраб-авайлашади.
Аввало, ҳар бир ота-она маънавияти ана шу булоқ сувидек тоза бўлиши лозим. Ахир, айтишадику, қуш уясида кўрганини қилади, деб. Ота-она фарзанд тарбиясини энг шарафли вазифа, деб ҳисобласа, унинг боласи эзгу ишларга хайрихоҳ бўлиб улғаяди. Айни пайтда юртимизда ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб камол топиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Хусусан, она ҳомиладорлик пайтиданоқ бепул поливитаминлар билан таъминланаётгани, уларнинг таомномаси ташкил этилгани, тиббиёт ходимлари томонидан доимий назоратга олингани шулар жумласидандир. Ҳомиланинг соғлом ривожланиши бевосита ва билвосита шунга боғлиқ бўлади. Фарзанд дунёга келгач эса, юқоридаги талаблар сақланган ҳолда, чақалоқни гўдаклик чоғидан бошлаб ўз вақтида ва меъёрида овқатлантириш, ухлатиш, ювинтириш, тоза ҳавода сайр қилдириш зарур. Чақалоқ шундагина она меҳридан тўлиқ баҳраманд бўлади.
Минг афсуски, ҳозирги вақтда баъзи оилаларда айрим сабабларга кўра фарзандлари тарбиясини энагалар қўлига топшириш одат тусига кириб боряпти.
Ота-оналар бўш вақтларида фарзандларида илм олиш, китоб ўқишга муҳаббат уйғотишлари зарур. Мактабда таҳсил олиш давриданоқ уларнинг қунт билан ўқишлари, дарсларни ўз вақтида ўзлаштиришлари учун шароит яратиб беришлари, мактаб ўқитувчилари билан доимий мулоқотда бўлиб, ўғил-қизларининг фаолиятини назорат остига олишлари талаб қилинади.
Оналар эса ўз фарзандларига (айниқса қизлар) ёшлигидан бошлаб уй-рўзғор ишларини оз-оздан ўргатиб боришлари зарур. Қизларга бичиш-тикиш, идиш-товоқни тоза тутиш, уйларни озода сақлаш каби ишларни ўргатишлари лозим. Қизлар улғайгач, дастурхон безаш тартиблари, овқат тайёрлаш, ширин пишириқлар пиширишни ўзлаштириб борсалар келажакда рўзғор ишларида қийналишмайди. Ота-оналар фарзандларига яхши ёки ёмон инсон қандай эканини уларнинг гўдаклик пайтидан бошлаб, турли хил халқ оғзаки ижодидаги эртакларнинг салбий ва ижобий қаҳрамонлари орқали ҳам тушунтириб бориши талаб қилинади.
Айрим оилаларда ота-оналар болаларни тартибга чақириш “восита”си сифатида “алвасти”, “олабўжи”, ялмоғиз кампир билан қўрқитади. Ушбу тарбия асосида улғайган болалар кейинчалик сал нарсадан чўчийдиган, тортинчоқ, ўз фикрини эркин баён қилолмайдиган бўлиб қолади. Аксинча, турли эртак қаҳрамонларининг эзгу ишлари ва жасоратини тинглаган болалар уларга ўхшашга интилади. Ватанпарвар, мард, жасур, довюрак бўлиб вояга етади.
Энг муҳими, ота-оналар фарзандларини ким билан дўстлашаётгани, ҳамсуҳбат бўлаётгани, қандай ишлар билан шуғулланаётганини доимий назоратга олиши керак. Зеро, бола маънавий оламига булоқ суви каби тириклик неъмати деб қараш давр талабидир.
– Фарзанд соғлом вояга етиши учун уни гўдаклигидан парваришлаш лозим. Бу борада ота-оналарга қандай маслаҳат берасиз?
– Оиладаги катталар дастурхон атрофидаги суҳбат чоғида овқатланиш тартиблари ва одобларини ўзлари намуна ва ибрат бўлиб, фарзандларига ўргатиб боришлари керак. Оналар ўз фарзандларига кийиниш одоби, тана озодалиги, шахсий гигиенага эътибор бериши зарурлигини уқтириб бориши талаб этилади. Бу билан уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги, кайфияти яхши бўлишини таъминлайди. Болаларининг кийимларини ҳафтада 2-3 марта алмаштириб, ҳар алмаштирганда уларни ювинтириш жоизлигини асосий ишлардан деб билишлари шарт.
Шунингдек, болани дангасалик касалидан асраш зарур. Уларни меҳнатсеварлик руҳида камол топтириш, ҳаёт машаққатларини осон енгиб ўтишига замин ҳозирлайди. Ҳар вақт болаларни бақир-чақир қилмасдан, энг асосийси, уларни ранжитмасдан тарбия қилишга одатланиш керак.
– Болага оилада катталарнинг ўрни муҳимлиги қай тарзда ўргатилади?
– Катталар фазилати болаларга юқади. Ахир, улар тақлидга жуда ўч бўлишади-да.
Шунинг учун болага бобо-ю бувиларнинг ўрни ниҳоятда муҳимлигини, улар ҳамиша чексиз меҳр-мурувватга лойиқлигини болаларга бот-бот сўзлаб туриш лозим. Оналар ўз фарзандларига гўдаклигидан бошлаб, оталарни энг ҳурматга лойиқ инсон сифатида танитишлари керак. Уларга оталарини энг ақлли, энг зўр, энг улуғ ва энг ғайратли киши сифатида кўрсатишга одатланиш керак. Оталарининг камчиликларини болага айтиб, улар кўнглини совутмаслик зарур.
– Боланинг ўжарлигини қай йўсинда барҳам топтириш мумкин?
– Фарзанд билан муомала маданиятини яхши йўлга қўйиш керак. У бор даврада бўлар-бўлмас сўзларни айтмаслик лозим. Улар бу сўзларнинг фарқига бормай тенгдошлари орасида, ёки бирор-бир оилавий меҳмондорчиликларда билмай ишлатиб юборишлари мумкин. Фарзандни гўдаклик вақтидан бошлаб инжиқ ва ўжар, йиғлоқи бўлиб улғайишларининг олдини олиш учун улар хоҳлайдиган, сўрайдиган нарсалардан эҳтиёт қилишга ҳаракат қилмоқ керак. Агарда гўдак бола бир оз тортинчоқ, нисбатан ялқов бўлиб ўсаётган бўлса, бундай пайтда ундан кўнгли истайдиган ва кўзи тушиб, қизиқадиган нарсаларни топа билиши талаб қилинади. Боланинг ўжарлигини йўқотиш учун, энг аввало, у билан бола тилида сўзлашмоқ лозим.
Агар оилада ота-оналар юксак одоб-аҳлоқ эгаси, ақлли, доно, меҳрибон, самимий, камтарин, заҳматкаш, тадбирли бўлса, бундай оилаларда, кундалик ҳаёт ниҳоятда фаровон ва кўнгилли ўтади. Бундай муҳитда тарбия олаётган фарзандлар ҳам шу фазилатлардан баҳраманд бўлиб, ҳамма ҳавас қиладиган, меҳнаткаш, қўли гул, ғамхўр бўлиб улғаяди, вояга етади.
– Оилавий фаровонликни таъминлашда қай жиҳатларга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?
– Оила деб аталмиш оғир юкни тортиш ва юксакка кўтариш эр-хотин зиммасига баробар юклатилган. Турмуш фаровонлиги оила аъзоларининг бир-бирига меҳр-муҳаббатли, садоқатли бўлишига боғлиқ.
Оилада она зиммасига фарзанд тарбиялашдек оғир ва ниҳоятда масъулиятли вазифа юклатилган бўлса ҳам бу жараёнда отанинг тутган ўрни муҳимроқдир.
Одатда бирор йигит уйланса, дўстлари, яқинлари томонидан унга қарата “Ола “хуржун” бўйинга тушди”, дея ҳазил аралаш айтиладиган одатий сўзлар бор. Ҳақиқатда эса бу “хуржун” нафақат куёвнинг, балки унинг жуфти ҳалоли бўлмиш келиннинг ҳам бўйнига баробар тушади. Унинг оғирлигини икки киши – эр-хотин тенг кўтармоғи зарур бўлади. Турмушнинг барча қийинчиликларию, машаққатларини биргаликда, сабр-тоқат, аҳиллик, бир-бирига ҳурмат билан енгиб ўтсаларгина оилавий ҳаётлари ширин ва бахтли бўлиб, эзгу мақсадлар сари боришлари осонлашади. Ушбу ҳол оилавий ҳаётга гўзаллик ва бахтиёрликни бахшида этади.
Дарҳақиқат, тарбия жамият иши. Баркамол фарзанд эса Ватанимиз равнақи, унинг буюк келажагини таъминлайди. Ҳар бир ота-она шуни дилдан ҳис этиб яшаса, Ўзбекистонимиз янада гуллаб яшнайверади.
Ж. ҲАЙДАРОВА суҳбатлашди